Фото

Динда ғулувга кетиш - ҳалокатдир

30 Ноябрь, 2023 110

Маълумки динимизда ҳамма ишларнинг хайрлиси ўртачасидир. Динда ҳаддан ошиш ҳам сусткаштлик қилиш ҳам қораланади. Динда ғулувга кетиш диний арконларни ўз нафси ҳоҳишига ергашишдан келиб чиқади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаларининг уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганида ҳудди у (ибодат) ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар: “Биз қаёқдаю, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаёқдалар, у зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган”, дедилар. Улардан бири: “Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман”, деди. Бошқаси эса: “Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман”, деди. Яна бошқа бири: “Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келиб: “Шундай, шундай, деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, дедилар”.

Ақидани яхши билмаслик динда чуқур кетишга олиб боради. Динда ғулувга кетиш эса, инсонни ҳалокатга элтади. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Ҳаддан ташқари чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар”, деб уч марта такрорлаганлар (Имом Муслим ривояти). Мусулмон киши ўзига Қуръони карим ва суннати набавияда айтилмаган турли ибодатларни кўпайтириб олиб, меъеёрга риоя қилмасдан, ҳаддан ошириб юбормаслиги лозим. Динда ғулувга кетиш мусулмонлар орасида тафриқага сабаб бўлади. Бунинг оқибатида фитналар, беқарорлик вужудга келади. Тинчликка путур етади, жамият бирлиги заифлашади. Аллоҳ таоло марҳамат қилган: «Аллоҳга ва Расулига итоат қилингиз ва низолашмангиз, акс ҳолда сустлашиб кетурсиз ва “шамолингиз” (обрўйингиз) кетиб қолур» (Анфол сураси, 46-оят).
Демак, ўзаро келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва
фирқаларга бўлиниш шу халқнинг сустлашуви ва қуввати кетиб қолишига сабаб бўлади. Бугунги кунда ҳам ёшларимиз орасида диний билимни интернет саҳифаларидан ўрганиб, ўзлари билмаган ҳолда нотўғри ақидаларга эргашиб қолаётганлар йўқ эмас. Динда ғулувга кетиш, энг аввало, ақиданинг бузилишига олиб боради. Тарихда пайдо бўлган равофиз, хавориж ва бошқа тоифаларнинг юзага келиш воқеаларига бир эътибор қаратайлик. Уларнинг турли номлар билан бўлиниб кетишларининг асоси ҳам динда ғулувга кетишнинг оқибати эди. Рофизийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин халифаликка лойиқ зот сифатида Али розияллоҳу анҳу ва унинг авлодларидан бошқа ҳеч кимни тан олмадилар. Ҳатто, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуларни халифаликни Али розияллоҳу анҳудан зўрлик билан тортиб олганликда айбладилар. Равофиз сўзи «инкор қилувчилар», «рад этувчилар» деган маънони англатади. Уларнинг баъзи тоифаси Али розияллоҳу анҳуни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам юқори қўяди. Улар шу даражада ғулувга кетиб Аҳли сунна вал жамоадан чиқдилар.

Хаворижлар эса, аксинча, ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни кофирга чиқардилар. Натижада, унга қарши қурол кўтариб, қонини тўкишни ҳалол дедилар. Ёки кейинчалик пайдо бўлган мўътазила тоифасини олиб кўрайлик. Улар Аллоҳнинг зотида ғулувга кетиб, унинг сифатларини инкор қилдилар. Ақлларини нақлдан устун қўйиб, ақлларига тўри келмаган нарсаларни гарчи ақидавий масалалар бўлсин, нақл келса ҳам қабул қилмадилар. Оқибат, улар ҳам Аҳли сунна валжамоа йўлидан ажрадилар.

Маълум бўлмоқдаки, ғулвга кетаётган кимсаларниг асосий камчилиги бу уларнинг билимсизлигидир. Билимсизлик динда ҳаддан ошган ғулувчиларнинг асосий камчилиги ҳисобланади. Аммо ачинарлиги шундаки, улар ўзларининг билимсизликларини асло тан олмайдилар. Балки ўзлари мужтаҳид мақомида кўрадилар. Аслини олганда, улар диний соҳада тузукроқ таълим ҳам олмаган бўладилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг” (Оли Имрон, 103). Бугун мусулмонларнинг сўзи, мақсади, нияти бир бўлиши, исломнинг ривожи, уммматнинг нажотига бирга киришишлари зарур бўлади. Аксинча, турли ихтилофли масалалар устида тортишиб, уммат учун муҳим бўлган мавзулар четда қолса, бундан дин душманлари, турли ёвуз томонлар фойдаланиб қолишлари турган гап. Хулоса қилиб айтганда, динда ғулувга кетиш мусулмонлар орасида тафриқага сабаб бўлади. Бунинг оқибатида фитналар, беқарорлик вужудга келади. Тинчликка путур етади, жамият бирлиги заифлашади. Демак, узаро келишмовчиликда, низода ва ихтилофда бўлиш, турли оқим ва фирқаларга бўлиниш шу халқнинг сустлашуви ва қуввати кетишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни ўзи мақтаган «Ўрта уммат” сафига қўшсин! Ҳар соҳада мўътадилликка амал қилиб, икки дунё саодатига эришишни муяссар қилсин.

Тоиржон Абуджанов. Элликқалъа тумани «Сафо» жоме масжиди имом-хатиби.

Тэглер