Алланың 99 аты ҳәм оның мәнилери

Аллоҳ

Аллоҳ лафзи «алаҳа» феълидан олинган «илоҳ» масдарига мансуб бўлиб, маъбуд – ибодат қилинган Зот маъносини англатади. «Илоҳ» сўзига алиф ва лом ҳарфлари киритилиб, «ал-илоҳу» ҳосил бўлган. Сўнгра ҳамза ҳарфининг ҳаракати таъриф «лам» ҳарфига нақл қилиниб, бир жинслик икки ҳарф идғом қилинган ва «Аллоҳ» лафзи ҳосил бўлган. «Аллоҳ» лафзи яккаю ягона ҳақ маъбудга исм бўлиб қолган. Бу исм У Зотдан бошқага ишлатилмаган. Маълумки, асмои ҳуснанинг барчаси Аллоҳнинг сифатларига далолат қилади, аммо биргина Аллоҳ лафзи Унинг Зотига далолат қилади ва шу тариқа У Зотнинг барча исмларини ифода қилаверади. Масалан, «Ё Аллоҳ» десангиз, «Ё Роҳим, ё Роҳман, ё Ғаний, ё Қовий, ё Қодир, ё Латиф» деган маъноларга далолат қилаверади. «Аллоҳ» сўзи Буюк Зот учун исм бўлиб, Аллоҳнинг барча исмлари ана шу Аллоҳ калимасида жамлангандир.

«Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимаси тавҳид, Ислом, иймон ва эҳсон маъноларининг барчасини ўзида жамлаган калимадир. Бу калима Исломнинг шиоридир. Зеро, диннинг пойдевори ушбу калималар устига бино қилингандир. Барча пайғамбар алайҳиссаломларнинг рисолати ҳам, асмои ҳуснанинг барчаси ҳам ушбу калимада жамланган.
Ушбу калимада маърифат ва тавҳидга ишора бордир. Маълумки, илмнинг ниҳояси тавҳид, амалнинг ниҳояси эса тақводир. Аллоҳни якка деб билиб, У Зотга тақво қилсанг, барча ишнинг тизгинини ушлаган бўласан.
Зикрларнинг энг афзали ҳам «Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимасидир.

Манба: www.islom.uz
Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг "Аллоҳнинг гўзал исмлари" номли асари асосида Анвар Аҳмад таржимаси.