Фото

Ёшларни ёт ғоялардан асрашда бачамиз масъулмиз

29 Ноябрь, 2023 81

Маълумки Аллоҳ таъоло инсон умрини бир неча босқичларда яшаб ўтишини ирода қилгандир. Инсон умридаги энг муҳум паллалардан бири ёшликдир.

Ёшлик ҳар бир инсонга бир марта бериладиган тенги йўқ неъматлардан бири бўлиб, унинг қадрига етмоқ керак. Бу неъматдан унумли фойдаланиб, ўзининг илмий ва маънавий салоҳиятини ошириб борган инсон ўз зиммасидаги энг олий вазифани уддалаган ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил қилади. Ҳар бир фарзанднинг шахсияти оилада шаклланади. Демак, оила баркамол авлод пойдевори ҳисобланади. Шундай экан оилада фарзандларни аҳлоқий-ҳуқуқий жиҳатдан мукаммал тарбиялаш, айниқса, адолат, бурч, ватанпарварликни шакллантириш, она ватанни севиш ҳиссини уйғотиш ўта муҳим ҳисобланади.

Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири ҳисоблашади. Ватандошимиз буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий: «Нажот фақат илмдадур», деб бежиз айтмаган. Чунки билимсизликдан жаҳолат жаҳолатдан эса такаббурлик ва бузғунчилик келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки динни илмсиз даъво қилса, ўзи ҳам адашади, бировни ҳам адаштиради», – деб айтган ҳадислари ўз мазмунини йўқотган эмас.

Аллоҳ таоло барчани дунёда бирдам ва тенг бўлишга, алоҳида фирқаларга бўлиниб кетмасликка чақиради. Аллоҳ Қуръони каримда фирқа ва оқимларга бўлинишни қаттиқ қоралаб бу йўлдан уларни огоҳлантиради ва шундай марҳамат қилади: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг” (Оли Имрон, 103), деган оятидаги “арқон”дан мақсад жамоат дейилган. Бошқа бир ўринда “арқон”дан мақсад Қуръон ва суннат деб келтирилган. Бу оят ҳукми билан муфассирлар айнан бу оят барчани фирқаларга бўлинмасликка очиқ далолат қиладиган ҳукм бўлиб, унга эргашиш ҳамда амал қилиш барчага баробар вожиб эканлиги таъкидланган. Мазкур оят ҳукмига биноан, ислом тарихида фирқа ва оқимларнинг фаолияти ва улар томонидан амалга ошириладиган ишлар эътиқодий ёки фиқҳий бўлсин танқидий назар билан қаралган. Уларнинг фаолияти тўхталишига қаратилган қаттиқ чоралар кўрилган. Шунга қарамай, Қуръони каримдаги муташобиҳ оятларга эргашиш, ўз нафслари хоҳишига қараб оят маъносини таъвил қилишга, бу таъвил ортидан катта фитналар келиб чиқишини билган ҳолда унга зўр бериш ҳаракатлари олиб борилган ва бунинг натижасида кўплаб фирқа ва оқимлар ажралиб чиққан. Фирқаларнинг чиқиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврида башорат қилганлар ва бу башорат орадан кўп вақт ўтмай ўз ҳақиқатини зоҳир қилган.

Ёшларимизни турли хил ёт оқимлардан ҳимоя қилишда диний омиллар – Қуръон оятлари ва ҳадислардан кенг фойдаланиш ҳамда диннинг асл моҳиятини англатиш ҳам лозим. Диний экстремизм ва терроризм муқаддас Ислом динига алоқадор бўлмасдан, муайян диний конфессия ва ташкилотлардаги ашаддий мутаассибона унсурларнинг фаолияти мафкурасининг натижаси эканлигини ҳар бир ёш авлодга тушунтириш бугунги куннинг долзарб мавзуларидандир. Ҳолбуки, динда мутаассибона эътиқодда бўлиш ва соф исломий эътиқоддан бехабарлик диний экстремизм ва терроризмнинг асл манбаи ҳисобланади.

Ислом таълимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Бундай кимсаларга нисбатан Аллоҳ таоло Қуръони каримда хитоб қилиб шундай дейди:

яъни: “...Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!”. (Бақара, 60).

Диний ақидапарастлик жаҳолатидан ўзини асраш эса ҳар бир эътиқодли инсоннинг мусулмон сифатидаги бурчидир. Чунки Исломнинг ўзида яхшини ёмондан, тафаккурни жаҳолатдан, илмни кўр-кўроналикдан ажратиш меъёрлари белгилаб берилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейди:

яъни: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?”.

Мусулмонлар «Аҳли Сунна вал-Жамоа» сифатида бирор-бир мазҳабга эргашишлари лозим. Аммо ихтилоф юқорида зикр қилинган «аҳли илм»лар ўйлаганидек, фақат намоз масаласида бўлиб қолмади, балки у мафкуравий зиддиятга айланиб кетди. Оқим тарафдорлари ҳанафий мазҳабига зид тарзда, ўзгаларни кофирга чиқариш, Аллоҳга ширк келтиришда асоссиз айблаш каби бузуқ ақидаларни тарқата бошладилар.

Бундай иллатлар барча бузғунчи оқимларда учрайди. Зеро, бузғунчилар ўз тарафдорларини ғоявий жиҳатдан бошқалардан ажратиб олиш мақсадида ўзига эргашмаганларни кофир деб айблайдилар. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида одамларни «кофир» деб ҳақоратлашдан қайтариб шундай деганлар:

яъни: “Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир! деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар, (яъни, агар кофирликда айбловга ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади, башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади).

Ҳулоса қиладиган бўлсак инсон умрининг баҳори ҳисобланган ёшлик даврида тўғи ва мустаҳкам ақида жуда ҳам зарурдир. Ёшлигидан мустаҳкам диний ақидага ва фойдали илмга эга бўлаолган инсон ҳаёти давомида бузғунчи ғояларга берилмайди,ватанига динига ҳиёнат қилмайди ва тўғрилик ва ҳалоллик унинг асосий шиори бўлади. Ёларни шу руҳда тарбиялаш ва бузғунчи ақидалар тасирига тушиб қолишини олдини олиш эса ҳаммамизнинг Аллоҳнинг олдидаги масъулиятимиз ва бурчимиздир.

Тоиржон Абуджанов. Элликқалъа тумани «Сафо» жомеъ масжиди имом-хатиби.

Тэглер