Фото

СОХТА ДАЪВАТЧИЛАР

23 Ноябрь, 2023 119

Маълумки кейинги пайтларда интернет тармоғидаги ижтимоий тармоқлар орқали ўзларини «Ҳизбут-таҳрир» аъзоларимиз деб, юртимиз мусулмон ёшларини ўзларининг ичидан бир амир сайлашга тарғиб қилиб келаётган соҳта даъватчилар кўпайиб бормоқда.

Улар ўзларининг бу ғояларига манабу ояти каримани далил қилиб келтиришади:

Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф – наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят).

Бу оятни далил қилиш орқали биз маъруфга буюриб, мункардан қайтарадиган бир жамоа тузишимиз лозим дейишади.

Ваҳолангки бу оятни тафсир қилган уламолар оятда назарда тутилган даъватчилар сирасига, шубҳасиз, диний уламолар кирадиларки, улар шариат билимларини ўзлари ўрганадилар, бошқаларга ҳам ўргатадилар, умуман жамият учун ҳам, алоҳида шахслар учун ҳам зарур бўлган хутба-маърузалар қилиб, одамларни намоз ўқишга, закот беришга, зиммаларидаги вожиботларини адо этишга, ёмон ишлардан тийилишга даъват этадилар. Жами­ятни ёки алоҳида шахсларни эзгуликка чорловчи, одамларга манфаат келтиражак насиҳатлар қилувчи ҳар бир мусулмон шундай даъват аҳлидан ҳисобланади деб тафсир қилишган.

“Ҳизбут-таҳрир” аъзолари бу оятда кўзда тутилган даъват қиладиган жамоа бизмиз дейишади, лекин илм ва маърифатдан асар ҳам йўқ.

Яна улар бу оятни далил қилиб, “сиёсий жамоа-уюшмани тузиш керак” деб даъво қиладилар.

Ояти кариманинг тафсирларда айтилган маъносидан бошқа маънога буришади.

“Ҳизбут-таҳрир” аъзолари биз ҳам даъват қиляпмиз, амри маъруф ва наҳйи мункар қиляпмиз десалар уларга шуни эслатиб қўйамиз.

Амри маъруф ва наҳйи мункар қилувчиларнинг ўзига хос одоблари бор. Улар, аввало, буюрганига бўйсинишлари ва қайтарганидан сақланган бўлишлари лозим. Уларнинг амаллари Аллоҳ таоло рози бўладиган ишлар бўлиши керак. Инсон яхшиликка буюриши ва ёмонликдан қайтариши ўзининг зарарига ҳужжат бўлиши, қиёмат куни дўзахга улоқтирлишидан сақланиши лозим. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз? Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат(боиси)дир” (Саф сураси, 2-3 оятлар).

Бу тойифа яъни “Ҳизбут-таҳрир” эса ўз даъватлари билан мусулмонлар ўртасига фитна солмоқда.

Шундай экан азизлар ким диндан гапирса маъруза экан деб эргашиб кетаверманг аввал у олиб келган хабарни текшириб кўринг чунки Аллоҳ таъоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмай бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Тоиржон Абуджанов. Элликқалъа тумани «Сафо» жоме масжиди имом-хатиби.

Тэглер