Фото

ТИНЧЛИК - ОЛИЙ НЕЪМАТ

23 Ноябрь, 2023 156

Ҳаммамиза маълумки динимизнинг «Ассалому Алайкум», яъни «Сизга тинчлик-омонлик тилайман» деган шиорлари бизни ҳамиша тинчлик неъматининг қадрига етишга ундаб туради. Мусулмоннинг саломи, яшаши ва турмуш тарзи ҳаммаси тинчлик ва осойишталик деган олий неъматдан тўғри фойдаланиниш ва қадрига етиш устига қурилган десак муболаға бўлмайди.

Аллоҳ таолонинг беҳад раҳмати ва инояти билан юртимизда барқарор тинчлик осойишталик ҳукм сурмоқда. Бунинг учун барқарор тинчликни қадрлаб, осойишта ҳаёт учун мустаҳкамлаш барчанинг асосий бурчи эканини яхши англашимиз керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бунга алоҳида диққат-эътиборли бўлишимизга чорлаб, шундай марҳамат қилади: «Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур». (Исро сураси, 83-оят)

Бугунги мураккаб замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда. Шу боис юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод онгида мураккаб ва таҳликали дунё ва минтақамизда, хусусан, давлатимизда рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар ҳақида бирёқлама ва сохта тасаввур пайдо бўлишига йўл қўймаслик масаласи ниҳоятда долзарблик касб этади. Шунинг учун халқимизни турли ғоявий-мафкуравий таҳдидлардан асраш, айниқса, ёшларда мафкуравий иммунитетни ҳосил қилиш, уни янада мустаҳкамлаш, турли воситалар орқали қадриятларимиз, миллий-диний анъаналаримиз, менталитетимизга ёт бўлган тушунча ва ғояларнинг кириб келиши ҳамда тарқалишига тўсқинлик қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Шуни унутмайликки, маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга даҳлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч ва осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган кучларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифаси ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди.

Биринчи навбатда, ёшлар тарбиясига алоҳида аҳамият беришимиз лозим. Чунки кўпинча, ҳаётий тажрибаси ва билими кам, дунё воқеаларидан бехабар ёки нотўғри, ишончсиз маълумотларга эга, шахсий нуқтаи назари ва қараши шаклланиб улгурмаган ёшлар ахборот ва мафкуравий курашлар таъсирига тушиб қоладилар. Шу сабабли, ҳар бир ўғил-қиз онгига, аввало, Ватани ва оиласи олдидаги масъулият ҳиссини сингдиришга, уларни инсонпарварлик ва она юртга садоқат руҳида тарбиялашга эътиборни кучайтириш лозим. Шу билан бирга, яна бир муҳим масала – оила мустаҳкамлигини сақлаш масаласидир. Зеро, оила мустаҳкамлиги замирида Ватан осойишталиги мужассам. Фарзандлари билимли, иймонли, меҳрли, оқибатли, дунёни таниган, юртга фидойи бўлган оила қасри ҳеч қачон бузилмайди. Шу боис, мамлакатимизда аҳолининг тинчлик-осойишталигини таъминлаш ва сиҳат-саломатлигини асраш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.

“Тинчлик истасанг, ҳеч кимга ёмонлик қилма” дейди буюк аллома Мотуридий. Демак, яхшилик, эзгулик ва аҳиллик ҳар қандай жамиятда тинчликни сақловчи восита бўлиб қолаверади. Шундай экан, тинчлик, хотиржамликнинг қадрига етиш, фаровонлик ва адолатпешалик йўлидан бориш, Юртбошимиз атрофида бирлашиб, мамлакат равнақига хизмат қилиш олий шиоримиз бўлишини ҳоҳлаймиз.

Тинчлик ва бахт ҳаммавақт бирга юради, дейдилар. Биз ҳам она Ўзбекистонимизда бахт ва фаровонликка эришмоқни истасак, бугунги дориломон ҳаёт, яшаш лаззати, ризқ-насиба неъмати, орзу-ҳавасларга етишмоқ имконидан унумли фойдаланиб, тинчлик неъмати қадрини яхши англашимиз, бундай эътиқод-одатларни ёшларга ҳар куни сингдириб боришимиз лозим.

Тоиржон Абуджанов. Элликқалъа тумани «Сафо» жоме масжиди имом-хатиби.

Тэглер