Фото

ИЛМ ВА АҚЛ

21 Январь, 2023 136

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Бутун борлиқни яратиб унда инсонни азизу мукаррам қилиб унга ақл бериб, илм ўргатган Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар ва жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд салавоту саломлар бўлсин.

Ислом дини мусулмон кишини илмлик бўлишга чақиради. Динимиз асослари ота-боболардан мерос бўлиб келаётган оддий удумлар ёки инсонларни ҳаётда юпатиб турадиган сеҳр-жодудан иборат эмас. Ислом асослари Қуръони карим ва Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг суннатларига суянади. Динимиз моҳиятини тўғри англаш учун мана шу манбаларни ўқиб қўйишгина эмас, балки теран тушиниш ва буюрганларига амал қилиш керак бўлади. Динимиз кўрсатмаларига келсак, шаръий масалалар, амри маъруф ва наҳий мункар ва бошқа ижтимоий одобларни теранроқ билиб олишни талаб этади. Буларни ўрганиш инсонга сув ва ҳаводек зарур.

Аллоҳ таоло қуръони каримнинг Иброҳим сураси 52-оятида шундай марҳамат қилади:

“Бу (оятлар) одамлар огоҳлантирилишлари ва (Аллоҳ) ягона илоҳ эканини билишлари ҳамда ақл эгалари эслатма олишлари учун бир баёнотдир”

Аллоҳ таоло инсон ҳаётини Ислом билан юқори даражага кўтаради. Бошқача айтганда, Ислом бу ҳаётда моддий ва ҳулқий юксалиш сари илдам қадам қўйишни ёқлайди. Шаръий аҳкомлар ичидаги илк ибодат намозга эътибор беринг. Бу ибодатнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати ҳикматдан ҳоли эмас. Аллоҳни такбир айтиб улуғлаш, Унинг бирлигига гувоҳлик бериш, нажотга чорлаш, булар шунчаки овоз эмас. Намозда Аллоҳнинг улуғ китобидан оятларни тилавот қилинади. Намознинг қабул бўлиш-бўлмаслиги уни бажараётган вақтда иҳлос билан адо этилишига боғлиқдир. Инсон қанчалик илимлик бўлса, фитрати илм билан мунаввар ва мустақил бўлса, у Исломда шунча собитқадам бўлади. Виждонсиз ҳамда бефаросат кимсанинг исломда пешқадам бўлиши асло мумкин эмас. Аллоҳ таоло ўзининг муборак китобида шундай марҳамат қилади:

“Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Роббингиз исми билан! (У) инсонни лаҳта қондан яратди. Ўқинг! Роббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” Алақ сураси 1-5 оятлари.

Бу қалам – ёзиш қадрини кўтарадиган, илм қийматини оширадиган ва умматни илмга даъват этадиган илоҳий хитобдир. Аллоҳ таоло олимларни юксак даражага кўтаради. Ҳатто Аллоҳнинг яккаю ягоналигига гувоҳ берган фаришталар ва олимларни қуйидаги оятда шундай зикр қилган:

“Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”, фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли) дир” Оли Имрон сураси, 18 оят.

Ақли паст ва илмсиз кимса Буюк Парвардигорини қаердан танисин? Шунинг учун ҳам Аллоҳ аҳли илмларни ҳурмат қилади. Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳадиси қудсийда шундай дейдилар: “Мен сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилишим учун орангизда илмим ҳамда ҳалимлигимни билдириб қўйганман”.

Етук ва мукаммал илм Аллоҳ наздида чалкаш амалдан ва тушунилмай, асл моҳиятини билмай қилинган ибодатдан яхшироқдир. Бу хусусда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дедилар: “Илмнинг фазилати кўр-кўрона қилинган ибодат фазилатидан яхшироқ”. “Озгина илм кўп ибодатдан яхшироқдир”. Ибодатнинг афзали фиқҳ – англаб, тушинишдир”. “Эй Абу Зарр, эрталаб турганингдан кейин Аллоҳнинг Китобидан бир оятни ўрганганинг юз ракат ўқиган намозингдан яхшироқдир. Эрталаб уйғонгандан кейин ҳаётда амал қилинган ёки қилинмаган бир илмни ўрганганинг минг ракат ўқиган намозингдан яхшироқ”,

Бу ҳикматларнинг сири шундаки, нодон ва жоҳил кишиларнинг ибодатларидан фойда оз. Улар фойдали ишни қиляпмиз, деган ўйда ўзларига зарарни кўпайтириб оладилар. Илмсиз “обидлар” ўзларича динни маҳкам тутган бўладилар, ҳолбуки, бу билан мутаассиблик қилиб, ўзларига катта зарар келтирадилар. Илмлилар эса бундай қилмайдилар. Чунки тоза қалблари уларни тўғри йўлга бошлайди. Амаллари озгина бўлса ҳам тўғри йўлдан борадилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Шайтон учун битта олим мингта обитдан кўра ҳафлироқдир”, деганлар. “Олим киши жоҳил обитдан етмиш даража афзал. Чунки шайтон одамларга бидъатларни кўрсатади. Олим уни кўриб, қайтаради. Обит эса билмай ибодат қилишга юзланаверади”.

“Илм мўминнинг йўқотган нарсаси, уни қаерда топса, унга ҳақлидир”. “Кимки илм олиш учун чиқиб кетса, қайтиб келгунича Аллоҳ йўлида бўлади”. Илм олиш ва бериш бу Ислом руҳидир. Илм шу икки нарса билан боқийдир. Ислом назарида одам ё илм олувчи, ё илм берувчи бўлади. “Илм олувчи ҳам, илм берувчи ҳам яхшиликда баробардир”. Инсон ҳаётда касб қилганлари ичида энг афзали илмдир. Чунки илм инсонни тўғри йўлга етаклаб, ёмонликдан қайтаради. Инсон ақли тўғри бўлсагина, дини ҳам тўғри бўлади.

Турткул тумани “Ғойиб ота” жомеъ масжиди имом хатиби Мамбетов Давронбек

Тэглер

Дин