Фото

Гиёҳвандлик - умр заволи

21 Сентябрь, 2024 3796

Ҳозирги кунда гиёҳвандлик глобал муаммолардан биридир. Сўнгги йилларда, жаҳон мамлакатларида хусусан юртимизда хам гиёҳвандликка қарши курашда кенг қамровли тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Энг муҳими соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш йўлида кўп ишлар амалга оширилмоқда. Гиёҳвандликка қарши кураш доирасида гиёҳванд моддаларни ноқонуний савдосига чек қўйиш ҳам асосий вазифалардан ҳисобланади. Шунингдек, гиёҳвандликка чек қўйиш мақсадида телевидение, радио, интернет ижтимоий тармоқлари орқали ҳамда ўқув юртларида ва фуқаролар орасида ташвиқот-тарғибот тадбирларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Инсон ҳаётда яшар экан, яхшиликка интилиб, ёмонликдан қайтиб яшашга ҳаракат қилади. Лекин “яхшилик” ва “ёмонлик” тушунчаларига ҳар ким ҳар хил таъриф беради. Ҳаёт эзгулик билан гўзал. Аммо баъзан эзгуликка ёвузлик кўланка солади. “Аср вабоси” номини олган гиёҳвандлик инсоннинг осуда ҳаётига раҳна солиб, онгини ўзига бўйсундирувчи заҳри қотилдир. Бу шундай қуролки, ўз домига илинтирган одамни разолат дунёсига етаклайди ва бу жараёнда инсон жамиятидаги ўрнини йўқота бошлаганини англамай қолади. Гиёҳвандлик инсоннинг жонига, соғлигига ҳам зарарлидир. Гиёҳвандлик инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, инсон танасининг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкилиб кетишига сабабчи бўлади. У инсонларда бош, юрак, сил, ҳар хил ваҳима каби касалликларни пайдо қилади. Инсоннинг жамият учун меҳнат қилиш иқтидорини йўқотади, инсоннинг шарму- ҳаёси йўқолади, ҳамма нарсага бефарқ бўлиб қолади. Инсонни дангаса, ялқов, оила ва жамият учун кераксиз инсонга айтиради. Гиёҳвандлик инсон наслига зарар берадиган иллатлардан биридир. Ҳолбуки, инсон ўз наслининг давомчилари бўлган авлодларига яхши нарсаларни мерос қолдириши лозим. Гиёҳвандлик эса келажак авлодларга яхши нарса қолдириб кетиш у ёқда турсин, уни ҳали дунёга келмасидан олдин тирик ўлдиришдир. Гиёҳвандлик натижасида туғилган болалар ҳали дунёга келмаган наслларни майиб-мажруҳ, ногирон туғилишига сабаб бўлади. Гиёҳвандликнинг касри фақат бир инсонга эмас. Балки бутун инсониятга зарар етказади. Гиёҳвандликка чалинган киши бу иллатни қўлга киритиш учун ҳеч нарсадан тап тортмайди. Гиёҳвандликка пул бериш исрофгарчиликнинг энг ёмонидир. Исрофгарчилик ҳақида Қуръони Каримда Исро сурасида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: ... Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтоннинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорга нисбатан ўта ношукрдир. Деган. Пайғамбаримиз алайҳис салом ҳам ўз ҳадиси шарифларида “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир” дея марҳамат қилганлар. Азизлар, Илоҳий, азалий бир қоида мавжуд “Ким бу дунёнинг ҳаром лаззатларидан ўзини тийса, Аллоҳ таоло унга унга бу дунёда иймон ҳаловатини, ибодат лаззатини ва қолган неъматларни, роҳатларни насиб қилади ва охирида уни абадий лаззатларга муяссар қилади” дейилган. Инсон ҳаётига, ёш авлод келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандликка қарши курашиш мустақил юртимизнинг ҳар бир фуқароси, жамият ҳаётидаги мавжуд ҳар қандай иллатни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар биримизнинг вазифамиз ва бурчимиздир.

Қурбонбоев Ўктам, Беруний тумани “Султон Увайс бобо” жоме масжиди имом ноиби.

Тэглер

Сергеклик