Сохта салафийлар томонидан илгари сурилаётган мазҳабсизлик ғояси ислом шариатини тўғри тушунишга хавф солаётган хатарли омиллардан биридир. Шариатни тўғри талқин қилишда фиқҳий мазҳабларнинг ўрни ҳақида гапиришдан аввал, шариат ва фиқҳ тушунчаларининг маъноларига тўхталиб ўтамиз.
«Шариат» сўзи араб тилида икки маънода ишлатилади: биринчиси, сувга олиб борадиган йўл маъносида. Араб мақолида шу маънода «Сув ичишнинг енгил йўли шариатга киришдир», дейилган; иккинчиси, «тўғри йўл» деган маънода. Қуръони каримнинг «Жосия» сураси 18-оятида «Сўнгра (эй, Муҳаммад!), Биз сизни (диний) ишдан иборат шариат узра (барқарор) қилдик...» дейилганда шу маъно назарда тутилган.
Ислом ҳуқуқида «шариат» деганда, уламолар Қуръони карим ва Пайғамбар суннатида келган илоҳий кўрсатмалар (ҳукмлар) нинг мажмуини тушунсалар, ҳуқуқшунослар эса ислом қонунчилиги мажмуини назарда тутадилар.
Араб тилидаги «фиқҳ» сўзи ўзбек тилида «чуқур тушуниш», «идрок этиш» деган маъноларни билдиради. «Фиқҳ» сўзи билан бир қаторда «фаҳм», «маърифат», «илм» сўзлари ҳам англаш, билиш, идрок этиш маъноларини билдиради. Аммо «фиқҳ» деганда атрофлича, моҳиятига етган ҳолда билиш ва тушуниш кўзда тутилади. «Рубба ҳомили фиқҳин ғайру фақиҳин», яъни «фиқҳни ташувчи кўпгина кишилар фақиҳ эмаслар» деган ҳадисда шу хусусият кўзда тутилгандир. Пайғамбаримизнинг машҳур ҳадисларидан бирида шундай дейилади: «Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса уни динда фақиҳ қилиб қўяди». Бу ҳадис кўп ҳолларда дин илми билимдонларини улуғлаш мақсадида зикр қилинади.
Истилоҳда эса «фиқҳ» – шариат ҳукмларини ўрганиш, шариат қоидаларини барча жузъиёти билан англаш ҳамда қайси мақсадда ишлаб чиқилганини тушуниш ва ўзлаштирилган ушбу илмни амалга татбиқ этишдир.
Ислом фиқҳининг алоҳида соҳа сифатида шаклланиши ҳамда фиқҳий мазҳабларнинг ривожланиши айнан шариатни тўғри тушуниш ва татбиқ этиш борасидаги қадамлардан бири бўлди, десак муболаға бўлмайди. Суннийликдаги фиқҳий мактабларнинг вужудга келиши ва ривожланиши ижтимоий муносабатларда шариат кўрсатмаларини айнан ўз ўрнида тўғри қўллаш учун муносиб шароит яратиб берди.
Сохта салафийларнинг фикрига кўра фиқҳий мазҳаблар томонидан ишлаб чиқилган категориялар шариатни тўғри тушуниш методологияси сифатида тан олинмайди, тўғридан-тўғри шариат аҳкомларини амалга татбиқ этиш энг тўғри йўл, деб ҳисобланади.
Сохта салафийлар илгари сураётган мазҳабсизлик ғояси ўтган минглаб олимларнинг қилган меҳнатларини, қанча машаққат билан умр сарфлаб яратилган ноёб манбаларни бекорга чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъаналар нотўғри, шунча мусулмон адашган экан, деган хулосага олиб келади. Энг аянчлиси, мусулмонларни бирлаштириб, жамлаб турган тўғри йўлга путур етказади. Бунинг натижасида эса, мусулмонлар орасида ўзаро парокандалик юзага келади. Бу тарздаги мазҳабсизликка чақириқ мазҳаблар моҳияти ва қийматини умуман билмасликдан келиб чиқади. Гарчи мазҳаблар 4 та бўлса ҳам, улар ягона аҳли сунна ва жамоанинг йўналишлари сифатида эътибор қилинади ва мусулмон умматини жамлайди, бирлаштиради. Зеро, Пайғамбар (алайҳис-салом) шундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳ умматимни бирор залолатга жамламас». Яна бир ҳадисда «Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузурида ҳам яхшидир» – дейилган.
Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда ислом дини дунё бўйлаб, турли минтақаларда тарқалди. Турли араб бўлмаган халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръони карим ва Пайғамбар (алайҳис-салом) суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмас эдилар.
Шундай қилиб, жамиятда аста-секин кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб бера оладиган, муайян илмларга эга инсонларга эҳтиёж тобора ортиб борди.
Шу тариқа турли диёрларда олимлар етишиб чиқа бошладилар. Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеий ва Имом Аҳмадлар бугунги кунда ҳам мавжуд бўлган тўрт фиқҳий мазҳабга асос солдилар. Улар ибодатлар ва бошқа барча масалаларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифга кўра маълум қоидаларга солиб чиқдилар. Манбанинг бойлиги ва Расулуллоҳ (алайҳис-салом)нинг айрим вақтларда бир амални турлича бажарганлари, бир масала бўйича турлича тасарруфлари ҳақидаги ҳадис ва хабарлар, ривоятлар бу олимларнинг ишларида ҳам маълум жузъий фарқларни пайдо бўлишига олиб келди. Шунингдек, турли минтақалардаги шароитларнинг турличалиги, шариат масалаларида табиий тафовутларнинг юзага келишига асос бўлди. Масалан, шофеий мазҳабида таҳоратдан сўнг юз-қўлни артмаслик афзал бўлса, ҳанафий мазҳабида артиш афзалдир. Бу ўринда мазҳаблар тарқалган ҳудудлардаги иқлим шароити ҳам эътиборга олинган. Бинобарин, Расулуллоҳ (алайҳис-салом)дан икки ҳолатни ҳам тасдиқловчи ривоятлар етиб келган.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, Имом Шофеий Мисрга келганларидан сўнг, Бағдодда айтган баъзи ҳукмларини урф ўзгаргани учун ўзгартирганлар. Масалан, икки даъвогар ўз даъволарида ҳужжатлари йўқлиги сабабидан келиша олмасалар, урф қайси бирини қувватласа, ҳукм шунинг фойдасига бўлиши; эр билан хотин маҳрнинг аввалдан бериладиган ва кейин бериладиган қисмларига келиша олмасалар урфга асосан ҳал қилиниши; бир киши гўшт емайман, деб қасам ичсада, балиқ еса, қасамига каффорат бермаслиги каби ҳодисалар урфга асосан ҳал қилинган.
Юқорида зикр қилинганидек жузъий масалаларда фарқ бўлгани билан, тўрт сунний мазҳабда исломнинг асосий масалалари бўйича ихтилофлар йўқ. Чунки ҳар бир мазҳаб асосчиси ўз сўзларини ишончли далиллар билан исботлаганлар. Мазҳаблар ўртасидаги фарқлар намоз ибодатида кўпроқ кўзга ташланади: намозда тик турганда қўлни боғлаш шакли, такбирларда қўлни кўтариш, имомга иқтидо қилганда «Фотиҳа»ни ўқиш ёки ўқимаслик ва бошқалар.
Масалан, намоз ўқиш жараёнида қўлларини кўкрак устига, кўкрак қуйироғига, киндик қуйироғига ёки қўлларини икки ёнга тушириб туриши ҳақидаги тартибларнинг бари ҳадисларда келган. Ҳамда мазҳаб имомлари томонидан ушбу ривоятлар ўрганилиб, ҳар бир мазҳабда алоҳида қоида муайян асосда танлаб олинган. Бу каби фиқҳий масалалардаги ҳадисларга асосланишдаги турлилик мазҳаблардаги бир неча ўринларда кузатилади. Бинобарин, уларнинг барчалари ҳадисларни танлашда турлича ёндашувга таянадилар. Ҳанафийлик мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифа ҳам ҳадисларга мурожаат қилишда ўзига хос йўл тутган. Ривоятга кўра, Абу Ҳанифа билан Авзоий суҳбатлашганда, Авзоий унга «Нима учун рукуъда қўлингизни кўтармайсизлар, деб савол беради. Абу Ҳанифа «бу борада Муҳаммад (алаҳис-салом)дан саҳиҳ ҳадис келмаган», деб жавоб беради. Авзоий: «Қандай қилиб, Зуҳрий, Солимдан у отаси Абдуллоҳ ибн Умардан: «Муҳаммад (алайҳис-салом) намоз бошланишида, рукуъда ва рукуъдан турганларида икки қўлларини кўтарардилар», деб ривоят қилишган-ку, дейди. Абу Ҳанифа: Ҳаммод ибн Салама, Иброҳим Нахаъийдан, у Алқама ва Асваддан, улар Абдуллоҳ ибн Масъуддан «Муҳаммад (алайҳис-салом) намозда фақат унинг бошланишидагина икки қўлларини кўтарардилар, бошқа бу ҳаракатни қилмасдилар», деган ҳадисни келтиради. Авзоий: «Мен Зуҳрий, Солим, Ибн Умар силсиласи билан ҳадис айтсам, сиз Ҳаммоднинг Иброҳимдан қилган ривоятини устун қўйяпсиз», дейди. Абу Ҳанифа: «Ҳаммод Зуҳрийдан фақиҳроқ, Иброҳим Солимдан фақиҳроқ, Алқама Ибн Умардек эмас, Асвад эса кўп фазилатлик киши, лекин Абдуллоҳ ибн Масъуд эса, у Абдуллоҳ ибн Масъуддир», деган. Авзоий бу сўзлардан кейин сукут қилган. Бундан Абу Ҳанифанинг ўз ечимларини ҳадисларнинг ичидан танлаб, ровийларининг фиқҳдаги илм даражаларига ҳам алоҳида эътибор қаратган ҳолда ўз хулосасини ишлаб чиққани намоён бўлади.
Асрлар давомида мусулмонлар тўрт мазҳаб – ҳанафий, моликий, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларидан бирига амал қилиб келганлар. Ҳеч ким буни инкор қилмаган. Қанча-қанча фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим ва мутасаввиф олимлар ҳам шу мазҳабларга асосан ўз фаолиятларини олиб бордилар.
Мазҳабсизлик ғояси ўзида миллатни ортга тортиш, қолоқликка маҳкум қилиш хавфини мужассамлайди, тараққиётдан четга чиқиб қолишга олиб келади. Чунки турли соҳа мутахассислари мазҳабсизлик ғоясига эргашса, унда умрларини ўз касбий маҳоратларини юксалтириш, изланишлар олиб боришга эмас, балки тубсиз диний масалаларга ўралашиб қолиб, ҳаётларини фақат ўзлари учун диний ҳукмлар чиқаришга сарфлайдилар. Оқибатда турли соҳалардаги мутахассислар ҳам тез ўзгарувчан глобаллашув шароитида ўзларини йўқотиб қўядилар: яхши мутахассис ҳам, етук уламо ҳам бўла олмайдилар. Натижада мутахассислардан мосуво бўлиб бориши баробарида, миллат аввалида турғунлик, кейинчалик эса таназзулга юз тутади. Аслида эса ҳар бир мутахассиснинг ўз соҳасини пухта эгаллаши, жамият ривожи учун хизмат қилиши, одамлар оғирини енгил қилиши, юрт равнақига ҳисса қўшиши ҳам улуғ ибодатдир.
Мазҳабсизлик ғояси – компютер вируси каби юртимизнинг ҳанафий мазҳаби таълимоти билан боғлиқ ўн икки асрлик тарихини бир зумда ўчириб ташлаб, ўрнига ўзининг зарарли ғоясини юкламоқчи бўлади.
Ҳозирги кунда ҳали ҳам юртдошларимиз орасида билиб-билмай мазҳабсизлик ғояси таъсирида юрган кишиларнинг мавжуд бўлиши бу ғоянинг бузуқ моҳиятини халқимизга тўғри тушунтириб бериш, шу билан бирга мазҳабларнинг асл моҳияти, уларнинг бебаҳо қиймати, хусусан, халқимиз азалдан амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабининг аҳамиятини халқимизга, ёшларимизга тўғри тушунтириб бориш заруриятини тақозо этади.
Муҳаммаджон Отажонов, Амударё тумани “Ёқуб эшон Бобо” жоме масжиди имом-хатиби.