Фото

ҲАЛОЛ МЕҲНАТ БИЛАН РИЗҚ ТОПИШ ПАЙҒАМБАРЛАРДАН СУННАТ

02 Август, 2023 521

ҲАЛОЛ МЕҲНАТ БИЛАН РИЗҚ ТОПИШ ПАЙҒАМБАРЛАРДАН СУННАТ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Бизни йўқдан бор қилиб ўзигагина ибодат қилдириб, ризқимизни мўл-кўл қилиб, инсоният учун барча неъматларни бекаму кўс қилиб берган Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар ва жаноби Расулуллоҳ (с.а.в) га салавоту саломлар бўлсин.

Қуръони карим оятларида тирикчилик ўтказиш ва маиший ҳаёт заруратлари учун ҳалол меҳнат қилиш инсониятга юборилган барча пайғамбарларнинг суннати бўлгани баён қилинган.

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак каломи шарифинда шундай марҳамат қилади:

“(Эй Муҳаммад), (с.а.в) Биз сиздан илгари юборган барча пайғамбарлар ҳам шак-шубҳасиз таом ер ва бозорларда юрар эдилар”, (Фурқон сураси 20-оят).

Имом Қуртубий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Ушбу ояти карима (натижага эришиш учун) сабабларни ишга солиш ҳамда касб-ҳунар, тижорат, саноат ва ҳаказолар билан тирикчилик ўтказишга ҳаракат қилишнинг машрулиги борасида асос кабидир.

Мўътабар тафсир китобларидан бирининг соҳиби Ибн Касир (раҳимаҳуллоҳ) юқоридаги ояти каримани шарҳлар экан, бундай ёзади: “Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада ўтган барча пайғамбарларнинг аҳволидан хабар бериб, уларнинг барча инсонлар қатори овқат еганлари, озиқланишга эҳтиёж сезганлари ва тирикчилик, касбу кор йўлида бозорларга борганликларини айтади”.

Одам (алайҳиссалом) биринчи бўлиб ер ҳайдаганлар, биринчи бўлиб экин экиб деҳқончилик қилганлар. Биринчи бўлиб ғаллани йиғиб олган инсондирлар. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлайдиганлар, чарводор ва зироатчилар учун башарият отаси Одам (алайҳиссалом)нинг сийратларида гўзал ўрнак ва намуналар бордир.

Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгорлик билан шуғулланган илк инсон ҳисобланадилар. Аллоҳ таоло у зотга сувда сузадиган кема ясашни буюрган.

Идрис (алайҳиссалом) эса қалам билан ёзган илк инсон бўладилар. У зот жуда чиройли аниқ ва равшан хат билан ёзганлар.

Луқмон (алайҳиссалом) тикувчи бўлганлар, Толут кўнчи (тери ошловчи) бўлганлар, баъзи ривоятларга кўра саққо, яъни мешкобчи (одамларга сув улашувчи)лик билан шуғулланганлар.

Расулуллоҳ (с.а.в) шундай марҳамат қиладилар:

“Ҳали ҳеч ким ўз қўл меҳнати билан еган нарсасидан ҳам афзалроқ таом емаган (яъни энг яхши ризқ ўз меҳнати ортидан ейилган ризқдир). Албатта Аллоҳнинг пайғамбари Довуд (алайҳиссалом) ҳам ўз қўл меҳнати билан ризқ истар эди”, (Имом Бухорий).

Демак инон ўзи, ота-онаси ва аҳлини дунёвий эҳтиёжларини таминлаши учун албатта шариатга мувофиқ ўзига ҳос ва мос касб-ҳунарни эгаллаши лозимдир. Ҳаттоинки ўтган барча пайғамбарлар ўз касбу кори ҳунарлари билан ризқ талаб қилганлар, жумладан Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в) ҳам қўй боқиш билан шуғулланганлар. Ҳалол касб кор билан шуғулланиш фақат Пайғамбаримиз (сав)нинг кўрсатмалари бўлибгина қолмай аввал ўтган барча пайғамбарларнинг кўрсатмалари ва суннатлари ҳамдир.

Мамбетов Давронбек, Тўрткул тумани “Ғойиб ота” жоме масжиди имом-хатиби.

Тэглер