Бизни йўқдан бор қилиб ўзигагина ибодат қилиш бахтини берган ва хар бир махлуқоту-мавжудотни жумладан инсониятни ва барча борлиқни жуфт-жуфт қилиб яратган Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар ва жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавоту саломлар бўлсин.
Дунёда ҳамма нарса жуфт-жуфти билан яратилинган: ой ва қуёш, кеча ва кундиз, ер ва осмон, эркак ва аёл, мусбат ва манфий ва ҳаказолар. Моҳиятан уларнинг ҳар бир иккинчисига ҳар жиҳатдан эҳтиёжлидир. Мавжудотлар ҳаётда мана шу жуфтлик билангина барқарор бўладилар. Ушбу жуфтликни инсон мисолида оладиган бўлсак, эр киши турмишда фақат ўз жинсининг жуфти бўлган аёли билан таскин ва роҳат топиши мумкин. Ёлғиз ҳолда ўз саодатини ҳис қила олмайди. Аллоҳ тақдир қилган ҳаёти жуфтсиз барқарор бўлмайди.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик” (Зориёт сураси, 49 оят).
Аллоҳнинг ҳикматини қаранг, мавжудотларнинг энг олийси - одамзодни ҳам ўз жуфти билан бир – бирига ҳеч қайси жиҳатдан ўхшамаган, туриш-турмишда , феъл – атворда, муносабатда, фикрлашда фарқли ва айни пайтда бир – бирини тўлдирадиган қилиб яратган.
Аллоҳ таоло айтади:
“Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғил қизларлар ва набиралар пайдо қилди...” (Наҳл сураси, 72 оят).
Ана шундай жуфтлик саналган эркак ва аёлнинг илоҳий никоҳ ришталари туфайли бир хонодонда, бир оилада аҳил – тотув яшашлари, насл давомийлигини таъминлаб, умргузаронлик қилишлари ҳақиқатан Яратганнинг улуғ санъати ва ҳикматига далолатдир.
Динимизда оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча Пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) дан бу борада ривоят қилинган ҳадиси шарифларнинг бирида: “Эй йигитлар, сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, зинокорликдан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин”, дейилган.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонни, у эркак ёки аёл бўлсин, нафсий рағбат билан яратган. Айни пайтда ушбу рағбатни ҳалол – пок йўл билан қондиришни буюриб, никоҳни жорий қилган. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Тўртта яхши иш бор, улар пайғамбарлар суннатидан саналади: ҳаё, хушбўйлик, мисвок тутиш ва уйланишдир”, деб марҳамат қилинади.
Ислом таълимотига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбаримиз (с.а.в) аҳлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро оила жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан ҳоли тинч ва обод бўлиши, аввало, ушбу кичик жамиятнинг тинчлигига боғлиқдир. Оила тинчлик – хотиржамлиги ва саодатини таъминлаш оиладаги ҳар бир шахснинг ўз масулиятини ҳис қилиш ва бажариш билан барқарор бўлади. Бундай масъулиятни эса, эр ва хотин ўртасини боғлаб турувчи никоҳгина жорий қилиши ва мустаҳкамлаши мумкин.
Мамбетов Давронбек, Тўрткўл тумани “Ғоиб ота” жомеъ масжиди имом-хатиби.