Фото

ҲУШ КЕЛДИНГ РАМАЗОН...

21 Март, 2023 1013

Бизни неъматларининг улуғи ислом ва имон неъмати билан неъматлантирган Қудрат соҳиби Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар ва жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в) шундай дедилар:

“Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ таоло сизга унинг рўзасини тутмоқликни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилади, жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланади. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхши кечадир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса батахқиқ маҳрум бўлибди”.

(Имом Аҳмад, Насоий, Байҳақий)

Ушбу ой рамзон, деб номланиши ҳақида олимларнинг бир қанча қарашлари мавжуд. Баъзиларнинг фикрига кўра “Рамазон” исми Аллоҳнинг исмларидан биридир. Бошқа бир олимларнинг фикрига кўра эса, араблар ойларни ҳар бир ой ичида юз берган турли ҳосиятларга қараб номлашган. Бу ой иссиқ кунларга тўғри келгани учун “қизғин тош” маъносидаги “рамзан” сўзидан олиниб, шундай номланган.

Утба ибн Фарқад розийаллоҳу анҳу ривоятида Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай дедилар:

“Рамазон келган вақт жаннатнинг ҳамма эшиклари очилади. У ой давомида ҳеч бири ёпилмайди. Жаҳаннамнинг ҳамма эшиклари ёпилади. У ойда шайтонларнинг катталари кишанланади ва бир ой фаришта нидо қилади: “Эй яхшиликларни кўп қилувчи, сенга башорат! Эй ёмонликларни кўп қилувчи, Рамазон ойи тугагунча ёмонликдан тийил!”.

Араб тилида “сиём, савм” сўзлари “сақланиш” маъносини беради. Рўзадорлик эса таом ейиш, ичимлик ичиш ва беҳуда гаплардан муайян вақтда – субҳдан то қуёш ботгунча сақланишидир.

Рўзадорликнинг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз (с.а.в) дан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.

“Аллоҳ таоло айтади: “Одамзоднинг барча амаллари ўзи учундир, магар рўзадорлик ундай эмас. У Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман. Рўзадорлик инсонни осийликдан сақлайди. Шунинг учун бирортангиз рўза тутган бўлса, уятли сўзлар айтмасин, бақириб гапирмасин, пасткашлик қилмасин, агар уни биров сўкса ёки урушса, икки марта: “Мен рўзадорман!” десин! Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келган ноҳуш ҳид Аллоҳнинг ҳузурида қиёмат кунида мушкдан ҳам хушбўйроқдир”.

(Имом Аҳмад, Муслим, Насоий)

Абу Умома розиёаллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в) нинг ҳузурига келдим ва: “Менга шундай амални буюрингки, унинг сабаби билан жаннатга кирайин!” дедим. Пайғамбаримиз (с.а.в) менга: “Кўп рўзадор бўлгин, унга тенг келадигани йўқ!” дедилар.

Иккинчи бор яна келдим. Расулуллоҳ (с.а.в) яна: “Кўп рўзадор юргин!” дедилар. (Аҳмад, Насоий, Ҳоким).

Абу Саъид ал-Худрий розийаллоҳу анҳу ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар:

“Банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло шу куни дўзахни ундан етмиш йиллик масофага узоқлаштиради”.

Рўза иккига бўлинади: фарз ва нафл. Фарз рўза эса уч ҳил бўлади: Рамазон рўзаси, Каффорат рўзаси, Назр рўзаси.

Рамазон ойида рўза тутиш ислом арконларининг учинчисидир. Аллоҳ таоло қуръни каримда рўзанинг фарзлигини қуйидаги ояти карималар орқали баён этган:

“Эй мўминлар, сизлардан аввалги қавмларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам саноқли кун рўза тутиш фарз қилинди, шояд тақводор бўлсаларингиз”. (“Бақара” сураси 183 оят)

“Кимки сизлардан Рамазон ойида ҳозр бўлса, рўза тутсин!”.

(“Бақара” 185 оят)

Рўзанинг мусулмонларга фарз қилинишида бир неча ҳикматларбор:

1) Аллоҳнинг буйриғига бўйсуниб, риёзат қилиш;

2) Йил давомида ишлаб чарчаган ички аъзоларга дам бериб, уларни турли касалликлардан даволаш;

3) Мусулмонларга очлик, ташналик синовларига бардош беришни ўргатиш;

4) Бойларнинг кўнглида камбағал-муҳтож, оч-яланғочларга нисбатан шафқат уйғотиш;

5) инсонга тақво йўлини ўргатиш. Аллоҳ таоло бекорга “шояд тақводор бўлсаларингиз” демади. Маълумки, рўза тутиш фақат ейиш-ичишдан ўзини тийишгина эмас, тилини ёмон сўзлардан, ғийбатдан, бўҳтондан, ҳақоратдан тийиш, ўзини бошқаларга озор етказишдан сақлаш, бошқалар унга қўполлик қилсалар ҳам “мен рўзадорман”, деб четга олишдан иборатдир. Бир ой муттасил ёмонликдан ўзини тийган одам ўз-ўзидан ёмонликлардан ҳазар қилиб қоладиган бўлади.

Ибн Маъсуд розийаллоҳу анҳу шундай дейдилар:

“Ким осойишталик ва ҳузурли вақтларида Аллоҳни эслаган, ҳаром ишларни қилишдан сақланган ҳолда Рамазон ойи рўзасин тутса ушбу ой тугамай туриб барча гуноҳлари афв этилади.

Расулуллоҳ(с.а.в) шундай дедилар:

“Рўза сақловчидир, дўзахдан қўрғондир”, дедилар.

Сўнгра рўза тутиб юрганларни дўзахдан сақлайдиган бу ибодатнинг асл моҳиятини баён қилдилар:

“Расули акром (с.а.в) Рамазони шарифда хутбага чиқаётганларида, биринчи, иккинчи ва учинчи зиналарда “омин” дедилар.

Саҳобалар сўрадилар:

“Ёнингизда ҳеч ким бўлмаса ҳам, ўз-ўзингизга уч марта “омин” дейишингизнинг сабаби нима, эй Аллоҳнинг Расули? Расулуллоҳ (с.а.в) шундай дедилар:

“Жаброил алайҳиссалом келиб менга шундай дедилар:

“Ким Рамазон шариф ойига етиб келиб, Аллоҳдан афв тиламасдан у ойни ўтказса, жаҳаннамга кирсин”.

Мен ҳам шу вақт “омиин!” дедим.

“Рамазони шариф келди деб норози бўлган, рўзадорларга ёмонлик қилган ва рўзасини бузганларга жаннат ҳаромдир”,

Мен яна “омин!” дедим.

“Эй Расулуллоҳ, сенинг муборак исминг тилга олинган вақт сенга саловоти шариф келтирмаган ҳам жаҳаннамга кирсин”.

Мен яна “омин!”, дедим.

“Жангда тиғдан тўсадиган қалқон каби, рўза ҳам дўзаҳдан тўсадиган қалқондир. Банда уни ёлғон ёки ғийбат билан ёриб қўймаса бўлди” дедилар.

(имом Аҳмад, Имом Насоий ва Имом ибн Можа ривояти).

Албатта азизлар инсонни барча қилган хайрли ва савобли ишларини куйдириб йўқ қилиб юборадиган бундай масият, гуноҳларни вақтида тарк қилсак инша Аллоҳ барча савобли ишларимиз тутган рўзаларимиз албатта жаҳаннам оловига қалқон бўлади.

Турткул тумани “Ғойиб ота” жоме масжиди имом-хатиби Мамбетов Давронбек.

Тэглер

ораза