Фото

Зикр нажот калити

24 Февраль, 2023 507

Бизни йўқдан бор қилиб фақат Ўзигагина ибодат ва Ўзинигина зикр қилиш бахтини инъом этган Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамд ва санолар, жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин.

Имон келтириш Аллоҳ таолони яккаю ягона деб тан олиш ва шунга иқрор бўлишдир, зикр эса Аллоҳ таоло билан қалбни боғлашдир. Шу боис зикрнинг мўмин киши ҳаётида мақоми жуда улуғдир. Чунки зикр туфайли банда Аллоҳ таолони унутмайди, ёдда тутади, ҳар бир амалида У Зотнинг кўриб, кузатиб турганини қалбидан ҳис этади. Аллоҳ таолони зикр этиш билан банда солиҳ амалларни кўпайтиради ва ёмон амалларни тарк этади. Шу боисдан зикрни ибодатнинг илиги ва нажот калитидир дейилган. Зикр ҳам маҳфий, ҳам жаҳрий бажарилгани яхшироқдир. Зеро, маҳфий зикрнинг фазли жаҳрийсига қараганда етмиш марта кўпдир:

Биринчидан,маҳфий зикр афзал эканига оятда ишора бор: “Раббингизга тазарруъ ва маҳфийлик билан дуо қилинг”.

Иккинчидан,ҳадисларда маҳфий зикр мақталади, “Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Зикрнинг энг яхшиси маҳфийсидир”, деганлар. Абу Мусо Ашъарий шундай ривоят қилади: “Хайбар ғозотидан қайтаётиб, бир водийда тўхтадик. Шунда одамлар овозларини баланд кўтариб такбир айта бошлашди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Эй инсонлар, ўзингизга эрк берманглар, албатта, сизлар кар ва ғойиб Зотга дуо қилмаяпсизлар. Сизлар ўта эшитувчи ва ўта яқин Зотга дуо қиляпсизлар”, дедилар.

Учинчидан, саҳобийлар ҳам маҳфий зикрни афзал кўришган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу масжидга кирсалар, одамлар баланд овозда таҳлил айтишаётган экан. Шунда Ибн Маъсуд розияллоҳу анҳу: “Сизлар бидъатчилар ишини қилмоқдасизлар”, деб уларни масжиддан чиқариб юбордилар.

Туртинчидан, махфий зикр риёдан узоқ ва ҳоли, самараси ва фойдаси жаҳрий зикирникидан кўра кўпроқ ва тезроқ ҳосил бўлади. Маҳфий зикр Аллоҳ таоло билан бандаси орасидаги сир бўлиб, унинг ажрини Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Жаҳрий зикрда эса риёнинг хавфи кучлироқ бўлади.

Бешинчидан, маҳфий зикр ўзидан ҳушбўй ҳид ёки нур таратади. Зеро, маҳфий зикр қилган одамнинг нафаси тавҳид билан чиқади ва ҳушбўй мушк бўлиб таралади. Аксар тасаввуф пирлари борган жойларда мушкнинг ҳиди келиб туради. Ҳатто шундай кароматлар ҳам кўрсатишганки, тариқат пирларининг олган нафаслари нур бўлиб кўриниб турган. Бу маҳфий зикрнинг самарасидир. Фаришталар ҳам маҳфий зикрни номаи аъмолга ушбу ҳушбўй ҳид ёки нурнинг таралишига қараб ёзиб боришади. Жаҳрий зикрнинг ҳар бир ҳарфига яхшилик ёзилса, маҳфий зикрнинг нури ёки ҳушбўй ҳидининг ҳар бир заррасига савоб ёзилади.

Олтинчидан, маҳфий зикр касб билан шуғилланишга ҳалал бермайди. Чунки у қалбда кечадиган жараён бўлиб, бошқа аъзоларнинг ҳаракатига нуқсон етказмайди.

Аллоҳ таоло “Жумаъ” сурасида бундай марҳамат қилади:

“Бас, агар намоз тугаса, (намозни ўқиб бўлгач) ер юзига тарқалинглар ва Аллоҳнинг фазлидан (ризқу рўз) истанглар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинглар! Шояд нажот топурсизлар!” (Жумаъ, 10).

Оятда касб билан шуғилланиш асносида Аллоҳни ҳам зикр қилишга тарғиб қилинмоқда. Зикр айтиш уч қисимга бўлинади:

  • Қалб ва тил билан зикр қилиш. Бу зикрнинг олий даражасидир.
  • Ёлғиз қалб билан зикр қилиш. Бу иккинчи даражасидир.
  • Ёлғиз тил билан зикр қилиш. У учинчи даражасидир.

Зикр асл маъноси ғафлат ва унутишдан халос бўлишдир. Ғафлат - инсон ўз ихтиёрисиз тарк қилишдир.

Зикрнинг уч даражаси бор:

  • Жаҳрий зикр. Бу “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” каби калималар билан Аллоҳга сано (мақтов) айтишдир.
  • Маҳфий зикр. Бу фақат қалб билан зикр қилиш ва ғафлат, унутиш ва Яратувчи билан қалбнинг орасини тўсувчи тўсиқлардан халос бўлишдир.
  • Ҳақиқий зикр. Бу Аллоҳ таолонинг бандани зикр қилишидир.

“Эй Раббамиз! Биз ўзимизга (Ўзимиз) зулм қилдик. Агар бизни кечирмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, биз, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз” (Аъроф, 23).

Ёки “Ё Ҳайй!” “Ё Қайюм!” “Сенинг раҳматингдан сўрайман” каби калималар орқали зикр айтилади. Набавий зикрлар, яъни Пайғамбар алайҳиссалом айтган зикрлар Аллоҳга айтиладиган сано – мақтовни, дуо ва сўрашни қандай бошлашни, уларни қандай баён қилишни ҳам ўз ичига олади.

“Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукурчилик қилмангиз!” (Бақара 152).

Демак, зикр айтадиган ҳар бир банда учун бу жуда улуғ мақом. Бир ояти каримада зикрни тарк этган кишиларга бу дунёда ва охиратда берилажак иқоб – жазони шундай деб келтирилган:

“Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга тор ҳаёт бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз” (Таҳо, 124).

Мамбетов Давронбек, Турткул тумани “Ғойиб ота” жоме масжиди имом-хатиби.

Тэглер

Дин