Фарзанд тарбияси ота-оананинг бурчи ва фарзанднинг ҳаққидир. Исломда бола тарбияси ота-онани энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган вазифаларидандир. Зотан, ота-онанинг фарзанд неъматига ҳақийқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни қанчалар катта эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидан билиб оламиз. Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинади:Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила турилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.Сўнгра Абу Ҳурайра «Агар хоҳласангиз: «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир», (Рум:30)деган оятни ўқинг», дер эди». (Саҳиҳи Бухорий:1359). Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмокда. «Фитрат» соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган қобилият деганидир. Ота-оналар болаларини ўз динларида тарбия қилишлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар. Шу жойда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмокдалар. Яъни ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бус-бутун туғилади. Бирортасининг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо, эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда уларнинг қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳоказо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади. Аллоҳ таоло бу дунёдаги нарсаларни сабабият қонуни ила бир-бирига боғлаб қўйган. Оч инсон таом емаса, қорни тўймайди ва ҳоказо. Худди шунингдек, тарбия бўлмаса, инсон тарбия кўрган бўлиб вояга етмайди. Шунинг учун ҳам Исломда бола тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Бола тарбияси бўйича мутахассисларимиз: «Боланинг тарбиясини туғилиши билан бошлаш керак», дейишади.
Тарбия бирнеча қисм бўлиб, биринчиси болага одоб ўргатишдир.
Саъийд ибн Осс розияллоху анхудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қила олмайди», - дедилар.(Сунани Термизий:1952).
Жобир ибн Самура розияллоху анхудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши фарзандини одобли этиб тарбиялаши унинг учун ҳар куни бир соъ садақа қилишидан яхшироқдир», дедилар.(Сунани Термизий:1951).
Тарбияни иккинчи қисми болага таълим беришдир. Анас ибн Молик розияллоху анхудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир», дедилар.(Сунани ибн Можа:224). Ҳар бир мусулмон илм талаб қилишни ўзи учун фарз, деб билиши керак. Исломда илм талаб қилиш бешикдан то қабргача фарз қилинган. Ҳар бир мусулмон учун ўзига керак нарсани, ҳаёти учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромн билиб олишда зарур бўлган ҳар бир нарсани ўрганиш фарзи айндир. Мусулмонлар жамоаси учун керакли бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса, фарзи кифоядир. Ҳаётнинг ҳар бир соҳасида етарли мутахассисларни тайёрлаб чиқариш Ислом жамиятининг барча аъзоларига фарзи кифоя бўлади. Шунинг учун ҳам ота-онага фарзандларига таълим бериш вазифа этиб юкланган.
Тарбиянинг учинчи қисми болага жисмоний тарбия беришдир. Хрзирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик, иложи борича, бадантарбияга эътибор беришга ҳаракат қилади. Бу нарсага, айниқса, ривожланган давлатларнинг халқлари жуда ҳам берилганлар. Ҳамманинг кучли, бақувват, эпчил, соғ-саломат ва хасталикларга чидамли бўлгиси келади. Бунинг учун эса, бадантарбия билан шуғулланиш лозим. Шунинг учун ҳам ота-оналарга болаларини жисмоний тарбиясига алоҳида эътибор бериш вазифаси юклатилган. Ашо ибн Абу Рабоҳдан ривоят қилинади: Жобир ибн Абдуллоҳ ва Жобир ибн Умайр Ансорийнинг камондан ўқ отаётганларини кўрдим. Улардан бири иккинчисига: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳнинг зикри бўлмаган ҳар бир нарса беҳудадир, ўйиндир. Фақат тўрт нарса мустасно: эркакнинг аёли ила кўнгилхушлик қилиши, кишининг отини ўргатиши, унинг икки мўлжал орасида юриши ва кишининг сузишни ўргатиши», деганларини эшитдим, - деди. (Насаий Ассунанул кубро:8890). Ушбу ҳадиси шарифдаги «отни ўргатиш»дан мурод, чавандозликдир. «Икки мўлжал орасида юриш» эса камондан ўқ отиб, мерганлик билан машғул бўлишдир. Демак, чавандозлик, мерган лик ва сузишга тарғиб қилинмокда. Ҳар бир ота-она учун фарзандларини одобли, илимли ҳам маънан ҳам жисмонан етук қилиб тарбиялашлиги лозим бўлар экан. Аллоҳ таоло барчамизга фарзандларимизни комил инсон қилиб тарбиялаш насиб айласин.
Тоиржон Абуджанов, Элликқалъа тумани «Сафо» жоме масжиди имом-хатиби.