Фото

Муборак ражаб ойининг фазилати

02 Февраль, 2023 498

Биз бандаларига Ўзини танитиб, Ўзигагина ибодат қилиш бахтини берган Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар ва жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо алайҳиссаломга салавоту саломлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

“Роббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз!” (Оли Имрон сураси, 133-оят)

Изоҳ. Жаннатнинг кенглиги нисбий маънода етти қават осмон ва етти қават ернинг энига тенг дейилган. Ваҳолангки, еру-осмонларнинг ени ёки бўйи деган тушунча йўқ. Лекин бу ерда ташбеҳ учун жаннатнинг эни еру осмонлар кенглигини қўшгандаги ҳажмга тенг бўлса, унинг бўйи унданда узоқ масофани ташкил этиши муқаррар эканини таъкидлаш учун Аллоҳ таоло мисол келтирмоқда. Зеро, одамлар наздида бу дунёда уларга маълум бўлган энг катта кенглик – бу, еру- осмонлар орасидаги кенгликдир. Жаннат етти қават осмон билан Аршнинг ўртасида, дўзах эса етти қават ернинг остида дейилиши ҳам нисбий таърифдир.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) оятдаги “мағфират”ни Ислом деб тафсир қилганлар. Ҳазрати Икрима ва Али ибн Абу Толиб (розияоллоҳу анҳу) “Фарз амалларни бажариш”, деб тавил қилганлар. Анас ибн Молик ҳазратлари эса: “У такбири таҳримадир”, деганлар.

Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу): “Жаннат ердами ё осмондами?” деб сўрадилар. У киши: Қайси осмону ер уни ўзига сиғдира олади”, дедилар. Унда қаерда?” деб сўрашди. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу): “Жаннат етти қават осмон устида ва Аршнинг остида. Дўзах эса етти қават ернинг остидадир”, деб жавоб бердилар.

“Ражаб” сўзида учта ҳарф бор.

1. “Р” – Аллоҳнинг раҳмати.

2. “Ж” – банданинг жиноятчи экани.

3. “Б” – эса Аллоҳнинг саҳиҳлигига далолат қилади.

Маъноси: “Эй бандам! Сенинг жиноят ва гуноҳларингни раҳматим ва саҳийлигим ўртасига олдим. Ражаб ойининг ҳурматидан энди сенда жиноят ҳам гуноҳ ҳам қолмади, йўқдир”, дейди.

Пайғамбаримиз (с.а.в): “Албатта, Ражаб Аллоҳнинг ойи, Шаъбон менинг ойим, Рамазон эса умматларимнинг ойидир”, деб марҳамат қилдилар.

Пайғамбаримиз (с.а.в): “Жаннатда бир анҳор бор, унинг исми Ражабдир, суви сутдан оқ, “Бу ойнинг “Ражаб” деб номланишига сабаб – араблар уни улуғлашган. “Ражаб”нинг яна бир маъноси “улуғламоқ” дегани. Уни улуғлашиб, бу ойда ҳар куни Каъба эшигини очиб қўйишардилар, бошқа ойларда эса фақатгина душанба ва пайшанба кунларида очиларди. Улар бу ой Аллоҳнинг ойи, Каъба ҳам Аллоҳнинг уйи, бандалар ҳам Аллоҳнинг бандаси, демак бу ойда Аллоҳнинг бандаси Аллоҳнинг уйидан тўсилмаслиги керак”, дер эдилар.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади:

“Ражабнинг биринчи жума кечасининг учдан бири ўтганда осмону ердаги ҳамма фаришталар Каъба атрофига жам бўлур. Аллоҳ уларга: “Эй фаришталарим! Хоҳлаган нарсаларингизни сўранглар”, дейди. Шунда фаришталар: “Ё Раббимиз! Бизнинг ҳожатимиз ражаб ойини ҳурматлаб, унда рўза тутганларни мағфират қилишингдир”, дейишади. Аллоҳ таоло фаришталарига: “Уларнинг гуноҳларидан ўтдим”, дейди.

Албатта кимнинг қалбида Аллоҳ таолога муҳаббат бўлса у, банда бу ойнинг фазилатларидан унумли фойдаланиб қолади. Кўплаб нафл ибодатлар қилиб кундизларини рўзадор ҳолида ўтказиб, қўлидан келганча камбағал, бева-бечораларга ҳайр саҳоватлар қилади инша Аллоҳ.

Аллоҳ таоло ҳар бирларимизни ражаб ойида кўплаб ибодатлар қилиб, Ўзи рози бўлган бандалари қаторида бўлишлигимизни насибу-рўз айласин.

Мамбетов Давронбек, Тўрткул тумани “Ғоиб ота” жоме масжиди имом-хатиби.

Тэглер

Дин