Фото

Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг

24 Январь, 2023 568

Дунёда бахтли ҳаёт кечириш ва охиратда жаннатга эришиш ҳар бир мусулмоннинг асосий мақсади ҳисобланади. Бу улкан мақсадга эришиш Аллоҳ таолони таниш, Унинг китобини маҳкам тутиш ва пайғамбарига эргашиш билан бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг” (Оли Имрон: 103). Ояти каримадаги “Аллоҳнинг арқони”, деган жумладан мурод Қуръони Каримдир. Жарга қулаш хавфи бўлган инсон арқонни маҳкам ушласа, қутилиб қолгандек, дўзах тубига қуламаслик учун ҳам Қуръони Каримни маҳкам ушлашлик лозимдир. Ояти кариманинг давомида Аллоҳ таоло Қуръони Каримни маҳкам тутиш билан биргаликда бўлиниб кетмасликга ҳам буюрмоқда. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Яҳудийлар етмиш бир фирқага ёки етмиш икки фирқага бўлиниб кетганлар. Насронийлар ҳам ўшанча. Менинг умматим етмиш уч фирқага бўлинади”, дедилар. (Сунани Термизий: 2640). Бошқа бир ҳадисда эса, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, Бани Исроил етмиш икки миллатга бўлиниб кетганлар. Умматим етмиш уч миллатга бўлинади, фақат битта миллатдан бошқаси дўзахда бўлади”, дедилар. Шунда: Эй Аллоҳнинг Расули, улар ким? дейишди. У зот: “Менинг ва менинг саҳобаларимнинг йўлида бўлганлар”, дедилар. (Сунани Термизий: 2641). Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Умматим асло залолат устида жамланмайди. Шунинг учун қачон ихтилоф кўрсангизлар “саводул аъзам” (улкан жамоат) ни лозим тутинглар” деяётганларини эшитдим. (Сунани Ибн Можа: 3950).

Ҳадиси шарифда айтилганидек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари етмиш уч фирқага бўлинган бўлиб, улардан Мўътазилалар йигирма фирқани, Шиалар йигирма икки фирқани, Хаворижлар йигирма фирқани, Муржиалар беш фирқани, Нажжорийялар уч фирқани, Жабарийялар бир фирқани, Мушаббиҳалар бир фирқани, Аҳли сунна вал жамоа бир фирқани ташкил қилади. Жами бўлиб етмиш уч фирқа бўлди. Манашу етмиш уч фирқани ҳаммаси мусулмонлигини ва туғри йўлда эканлигини даъво қилади. Энди манашу фирқаларни ҳаммасини 100% деб оладиган бўлсак, Аҳли сунна вал жамоа (Ҳанафийлар - 47%, Шофеъийлар - 27%, Моликийлар -17%, Ҳанбалийлар -1,5%) 92,5% ни ташкил қилади. Бошқа фирқаларни ҳаммаси қолган 7,5% ни ташкил қилади. Манабу тақсимотдан Ҳадиси шарифдаги “саводул аъзам” (улкан жамоат) дан мурод Аҳли сунна вал жамоа эканлиги ўз ўзидан маълум бўлиб турибди. Сўфи Оллоёр айтганларидек: Жамоат аҳли суннат тузган эрлар, дедилар: “Турфа нозикдур бу йўллар”, Улуғ йўлни қўйиб ўлгунча, эй ёр, Қадам қўйма, тояр ерларға зинҳор.

Аллоҳ таоло барчамизни Аҳли сунна вал жамоа йўлини маҳкам тутишимизни, тўғри йўлда адашмай боришлигимизни ва икки дунё саодатини топишлигимизни насиб айласин.

Тойржон Абуджанов, Элликқалъа тумани «Сафо» жоме масжиди имом-хатиби.

Тэглер

Дин