Тарихдан маълумки Ислом дини - ёшларни илм олишга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир. Маълумки, барча буюк давлатларда ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, айнан жисмонан соғлом ва ақлан салоҳиятли ёшлар ўз юртининг қудрати ва равнақига замин яратади. Ҳар бир ота-она ҳам ўз навбатида фарзандининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Шундай экан, ота-она ўз фарзандининг ёшлик чоғини мазмунли, намунали, фойдали ишлар ва савобли амаллар билан ўтказишига ёрдамчи бўлмоғи лозим.
Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ва дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг асосан охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм инсоннинг асосан дунёсини ободлиги учун зарурдир.
Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни одамларга: “Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади?” – деб савол бердилар. Улар: “Ҳосили йиғиб олинади”, – дейишди. Шунда Ҳасанул Басрий: “Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат, касаллик етиши ва уни нобуд қилиши ҳам мумкин”, – деб ёшлар тарбиясига эътиборли бўлишга, кишининг ёшлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар. Ёшлик даври – қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир. Ислом – илм-маърифат дини. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда ўқишга буюрилишнинг ўзи ҳам бунинг ёрқин далилидир.
Аллоҳ таоло илмни Қиёмат кунига қадар бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Буни теран англаган улуғ аждодларимиз илмда улкан муваффақиятларга эришдилар, асрлар мобайнида нафақат диний, балки дунёвий илмларда инсониятга устозлик қилдилар. Бу борада Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Мирзо Улуғбек, Беруний, Муҳаммад Фарғоний, Абу Али ибн Сино каби уламолар меъросини ёдга олиш кифоя. Кейинги йилларда муҳтарам Президентимиз томонидан ҳам ёшларнинг илм олиши, касб ҳунар ўрганишига катта эътибор қаратилмоқда. Буларнинг барчаси ҳукуматимиз томонидан фарзандларимизнинг илм олишлари, аждодларига муносиб авлод бўлишларига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Умид қиламизки, ушбу ташаббуслар яқин тарихимизда ўзининг самарасини беради.
Нуриддин Юсупов. Беруний тумани бош имоми.