Фото

Ислом академиясида малака ошириш — илм, маърифат ва маънавий юксалиш сари муҳим қадам

26 Ноябрь, 2026 29

Инсон ҳаёти давомида илм ўрганишга, ўз билимини бойитишга ва касбий маҳоратини оширишга интилиб яшайди. Зеро, илм инсонни камолотга етаклайдиган, унинг дунёқарашини кенгайтирадиган ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлайдиган энг муҳим омиллардан биридир. Айниқса, диний-маърифий соҳада фаолият юритувчи инсонлар учун мунтазам билим олиш, замон талабларига мос равишда малакасини ошириб бориш алоҳида аҳамият касб этади.

Яқинда Ислом академиясида малака ошириш жараёнида иштирок этиш менда катта таассуротлар қолдирди. Ушбу таълим жараёни нафақат касбий билим ва кўникмаларимни бойитиш, балки маънавий дунёқарашимни янада кенгайтириш, диний илмларга бўлган қизиқишимни мустаҳкамлаш имконини ҳам берди.

Академияда ташкил этилган машғулотлар, маърузалар ва илмий суҳбатлар ўзининг мазмун-моҳияти, долзарблиги ҳамда ҳаётий мисолларга бойлиги билан эътиборимни тортди. Айниқса, Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳияти, бағрикенглик, тинчликсеварлик, илм-маърифат, одоб-ахлоқ ва жамият тараққиётида диннинг тутган ўрни ҳақидаги дарслар алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Дарслар давомида Ислом дини фақатгина ибодатлар мажмуаси эмас, балки инсонни эзгуликка, ҳалолликка, адолатга, меҳр-оқибатга ва юксак ахлоққа чорловчи мукаммал ҳаёт дастури эканини яна бир бор чуқур англадик.

Қуръони каримда илмнинг фазилатига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 9-оятида: «Биладиганлар билан билмайдиганлар баробар бўлурми?», деб марҳамат қилади.

Ушбу оят илмнинг инсон ҳаётидаги беқиёс ўрнини намоён этади. Дарҳақиқат, илмли инсон воқеа-ҳодисаларга тўғри баҳо беради, жамият муаммоларига оқилона ёндашади ва ўз фаолиятида масъулиятни ҳис қилади. Малака ошириш жараёнида устозларнинг чуқур билими, бой ҳаётий тажрибаси ва мавзуга илмий ёндашуви биз учун катта мактаб вазифасини ўтади. Айниқса, савол-жавоблар, ўзаро фикр алмашишлар ва амалий машғулотлар орқали кўплаб янги маълумотларга эга бўлдик.

Шунингдек, бу жараёнда замонавий ахборот маконида диний маълумотлардан тўғри фойдаланиш, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, диний саводхонликни ошириш ва соф исломий қадриятларни кенг тарғиб этиш масалалари ҳам муҳим ўрин тутди.

Зеро, бугунги глобаллашув даврида ҳар бир инсондан нафақат билимли, балки ахборотни таҳлил қила оладиган, манбаларни тўғри ажратадиган ва ўз фикрига эга бўлган шахс бўлиш талаб этилмоқда. Малака ошириш давомида яна бир муҳим жиҳатга амин бўлдик: инсон қанчалик кўп билимга эга бўлмасин, у доимо ўрганишга эҳтиёж сезади. Илмнинг чегараси йўқ. Устозлардан таълим олиш, ҳамкасблар билан мулоқот қилиш ва тажриба алмашиш инсоннинг касбий ҳамда маънавий камолотига хизмат қилади.

Академиядаги таълим жараёнининг яна бир қувонарли жиҳати — турли ҳудудлардан келган тингловчилар билан танишиш, фикр алмашиш ва дўстона муносабатлар ўрнатиш имконияти бўлди. Бу эса ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлади.

Энг муҳими, мазкур малака ошириш жараёни бизга олган билимларимизни фақат ўзимизда сақлаб қолмасдан, балки уларни келгуси фаолиятимизда қўллаш, халқимизга, айниқса, ёш авлодга етказиш масъулиятини ҳам юклади.

Хулоса қилиб айтганда, Ислом академиясида ўтган малака ошириш кунлари мен учун мазмунли маърузалар, фойдали мулоқотлар, янги билимлар ва унутилмас таассуротларга бой бўлди. Бу даргоҳда олган сабоқларимиз келгусидаги фаолиятимизда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилишига ишонаман.

Зеро, илмга сарфланган вақт — келажакка қўйилган энг муҳим сармоядир. Илмли, маърифатли ва маънавиятли инсонлар кўпайган жамиятда тинчлик, тараққиёт ва эзгулик бардавом бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни илмга муштоқ бандалардан айласин…

Сабурбай Машатов, Турткул тумани бош имоми.

Тэглер