Фото

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ МАСЪУЛИЯТИ

26 Ноябрь, 2026 26

Бугунги глобаллашув ва ахборот технологиялари жадал ривожланаётган даврда ижтимоий тармоқлар инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Facebook, Telegram, Instagram, YouTube каби платформалар орқали одамлар бир-бири билан мулоқот қилмоқда, янгиликлардан хабардор бўлмоқда, билим ва тажрибаларини алмашмоқда. Бироқ ҳар қандай имкониятдан фойдаланишда масъулият ва одоб муҳим ўрин тутади. Айниқса, мусулмон инсон ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда ҳам ўз дини, ахлоқи ва инсонийлик қадриятларига амал қилиши лозим.

Ислом дини инсонни ҳар бир сўзи, амали ва ҳатто нияти учун масъулиятли бўлишга чақиради. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «У бирор сўзни талаффуз қилмас, магар унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта) бордир» (Қоф сураси, 18-оят). Ушбу оят инсоннинг ҳар бир сўзи ҳисоб-китобли эканини англатади. Демак, ижтимоий тармоқда ёзилган изоҳ, қолдирилган хабар, тарқатилган видео ёки расм ҳам бундан мустасно эмас. Инсон оғзи билан айтган сўзи учун масъул бўлганидек, интернет орқали билдирган фикри учун ҳам масъулдир. Шунинг учун бирор хабарни тарқатишдан олдин унинг ҳақиқат ёки ёлғон эканини текшириш зарур. Қуръони каримда Ҳужурот сурасининг 6-оятида хабар келтирган кишининг хабари текширилиши буюрилган. Бу оят бугунги ахборот маконида ҳам ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.

Ижтимоий тармоқларда учрайдиган энг катта муаммолардан бири — текширилмаган хабарлар, ғийбат, туҳмат ва инсонларнинг шаънини камситишдир. Баъзан айрим кишилар бировнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни унинг розилигисиз тарқатади ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар билан бошқаларнинг обрўсига путур етказади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғийбат ҳақида шундай деганлар: «Ғийбат — биродарингни у ёқтирмайдиган нарса билан эслашингдир», дедилар, (Имом Муслим ривояти). Бундан кўринадики, инсоннинг ортидан ёмон гапириш нафақат оддий суҳбатда, балки ижтимоий тармоқларда ҳам гуноҳ ҳисобланади. Бировни ҳақорат қилиш, уни масхаралаш, камситиш ва шахсий ҳаётини ошкор этиш мусулмон ахлоқига зиддир.

Ислом дини вақтни инсонга берилган улуғ неъматлардан бири сифатида эътироф этади. Афсуски, айрим инсонлар ижтимоий тармоқларда соатлаб вақт ўтказиб, ўзининг оиласи, таълими, меҳнати ва ибодатига етарлича эътибор қаратмай қўяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Икки неъмат борки, кўп инсонлар уларнинг қадрига етмайдилар: соғлиқ ва бўш вақт», (Имом Бухорий ривояти). Шундай экан, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда вақт меъёрига амал қилиш, илм-маърифатга оид материалларни ўқиш, касбий билимларни ошириш, яхши амалларга ундайдиган саҳифаларни кузатиш мақсадга мувофиқдир.

Ижтимоий тармоқлардан фақат кўнгилочар восита сифатида эмас, балки яхшилик ва маърифат тарқатиш майдони сифатида ҳам фойдаланиш мумкин. Масалан, бир инсоннинг қалбига таскин берадиган ҳикматли сўз, оят ёки ҳадис, илмга чорловчи мақола ёхуд бир муҳтожга ёрдам беришга ундайдиган эълон кўплаб инсонларга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир яхшиликка йўл кўрсатса, унга ҳам ўша яхшиликни қилган кишининг ажрича савоб бўлади», деганлар. (Имом Муслим ривояти). Демак, ижтимоий тармоқлар орқали эзгуликни тарқатиш, инсонларни бирдамликка, меҳр-оқибатга ва илм олишга чақириш ҳам савобли амалларга сабаб бўлиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқлар инсон учун катта имкониятлар эшигини очади. Аммо бу имкониятлардан қандай фойдаланиш ҳар бир инсоннинг онги, тарбияси ва масъулиятига боғлиқ. Мусулмон киши интернетда ҳам ўзининг одоб-ахлоқи, иймони ва инсоний фазилатларини намоён этиши керак. Ҳар бир хабарни тарқатишдан олдин уни текшириш, бировнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, ёлғон ва ғийбатдан сақланиш, вақтни беҳуда сарфламаслик ҳамда фойдали маълумотларни улашиш — ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданиятининг асосий мезонларидир.

Аллоҳ таоло барчамизни сўзига ва амалларига масъулиятли бандалардан айласин.

Нуратдин Юсупов, Беруний тумани «Хайрли бобо» жоме масжиди имом-хатиби.

Тэглер