Фото

Закот беришнинг фазилатлари

01 Март, 2026 194

Ислом дини инсонни нафақат ибодатга, балки жамиятда меҳр-оқибат, адолат ва ўзаро ёрдамни кучайтиришга ҳам даъват қилади. Шу жиҳатдан закот Исломнинг муҳим рукнларидан бири ҳисобланади. Закот бериш орқали инсон молини поклайди, қалбини бахилликдан тозалайди ва муҳтожларга ёрдам бериб, жамиятдаги ижтимоий тенгликни таъминлайди. Қуръони карим ва ҳадисларда закотнинг фазилатлари ҳақида кўплаб таълимотлар баён қилинган.

Закот – Исломнинг муҳим рукни

Ислом беш асосий рукнга таянади: шаҳодат калимаси, намоз, рўза, закот ва ҳаж. Закот эса мол-дунёси маълум нисобга етган мусулмонларга фарз қилинган ибодатдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Намозни адо этинглар ва закотни беринглар…”

Бу оят закотнинг намоз билан бир қаторда зикр қилиниши унинг нақадар муҳим ибодат эканини кўрсатади.

Закот сўзининг луғавий маъноси “покланиш” ва “ўсиш” демакдир. Яъни инсон ўз молидан закот бериши орқали молини поклайди ва Аллоҳ унинг мол-мулкига барака ато этади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Садақа молни камайтирмайди.”

Яъни закот ёки садақа берган инсоннинг моли камайгандек кўринса ҳам, Аллоҳ таоло унинг ўрнини янада барака ва яхшилик билан тўлдиради.

Инсон табиатан мол-дунёга меҳр қўяди. Закот бериш эса қалбни бахиллик ва ҳирсдан поклайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қилганлар:

“Бахилликдан сақланинглар. Чунки у сизлардан олдин ўтганларни ҳалокатга етказган.”

Закот инсонни саховатли, меҳрибон ва раҳм-шафқатли қилиб тарбиялайди.

Закотнинг яна бир муҳим фазилати – жамиятдаги муҳтож инсонларга ёрдам беришидир. Бойлар ўз молидан муайян қисмини закот сифатида берса, камбағаллар эҳтиёжи қондирилади ва жамиятда ўзаро меҳр-оқибат мустаҳкамланади.

Бир ривоятда айтилишича, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврларида закот тизими шундай тўғри йўлга қўйилган эдики, баъзи ҳудудларда закот оладиган муҳтож одам топилмай қолган.

Ҳадисларда айтилишича, инсон қиёмат куни қилган яхши амаллари билан нажот топади. Закот эса ана шу улкан савобли амаллардан биридир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Қиёмат куни ҳар бир инсон ўз садақасининг соясида бўлади”.

Яъни бу дунёда қилинган саховат ва закот амаллари охиратда инсонга паноҳ ва нажот бўлади.

Ислом таълимотида закотни адо этмаслик қаттиқ қораланган. Қуръони каримда мол-дунёсидан закот бермай, уни тўплаб юрганлар ҳақида қаттиқ огоҳлантирувчи оятлар келган. Бу инсонни молга ҳаддан ташқари боғланиб қолишдан сақлаш учун берилган илоҳий тарбиядир.

Хулоса килиб айтадиган булсак.

Закот — Исломнинг муҳим ибодатларидан бири бўлиб, у инсон молини поклайди, қалбни саховатга ўргатади ва жамиятда адолат ҳамда меҳр-оқибатни кучайтиради. Закот берган инсон Аллоҳнинг розилигини топади, мол-дунёсига барака киритади ва охиратда улкан савобга эришади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон закотнинг аҳамиятини чуқур англаб, уни ихлос билан адо этишга ҳаракат қилиши лозим.

Бродар Матякубов, Тўрткўл тумани «Абдужамил эшон» жоме масжиди имом-хатиби.

Тэглер

Садақа