АВФ ҚИЛИШЛИК ДИНИМИЗДА ЭНГ ЮКСАК ФАЗИЛАТДИР

Маълумингизки, шариатимизда афв этиш масаласи кўп бор таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Агар сизлар (уларни) афв этсангизлар, койимасангизлар ва кечирсангизлар, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун, 14), деб таълим беради. Мазкур ояти каримадан маълум бўладики, бизга зарар етказган кимсани афв этсак, Аллоҳ таоло уни ўша гуноҳи учун кечирар экан. Ва яна унинг гуноҳидан ўтганимиз учун бизнинг гуноҳимиздан ҳам ўтар экан.

Авф ислом динига хос инсонийлик ифодаси бўлиб, айбдорни жазолаш имконига эга бўла туриб, бағрикенглик билан кечириб юборишни англатади. Қуръони Каримда “Бас, ким авф этиб (ўртани) тузатса, унинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир” дейилган (Шўро сураси, 40-оят).

Соҳибқирон Амир Темур “Темур тузуклари” асарида: “Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтарганлар, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, агар улар илтижо билан тавба-тазарру қилиб келсалар, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим…” деганлар.

Ривоят қилишларича, бир аъробий Расулуллоҳга етиб олиб, чопонларидан қаттиқ тортган, ҳатто чопон ҳошияси бўйинларида из қолдирган. Кейин: “Эй Муҳаммад, Аллоҳнинг молларидан менга ҳам бер”, деб қўпол муомала қилганида ҳам Расулуллоҳ унинг муомаласидан кулиб қўйдилар. Ва унга бирор нарса бериб юборишни буюрдилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг кечиримлилик ҳақидаги оятларига мувофиқ иш тутгани боис ўша аъробийга ўхшаганлар у зотнинг содиқ умматларидан бўлиб изларини кўзларига сурганлар. Албатта, кечиримлилик инсонни қанчалик улуғлаб қўяр экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласининг ҳар бири ҳам гуноҳ қилади, аммо уларнинг ичида энг яхшилари, қилган гуноҳларига тавба қиладиганларидир”, деб марҳамат қилганлар.

Афв этишнинг нақадар қадрли ва савобли иш экани динимиз таълимотларида жуда кўп таъкидланади. Бу борада Улуғ аждодларимиз, оламга машҳур олиму фақиҳларимиз кўп фойдали насиҳатлар қилганлар. Алишер Навоий ҳазратларининг “Ҳайратул аброр” достонларида ҳикоя қилинишича, сахий бир подшоҳнинг қули бор экан, базм вақтида фалокат босиб, оёғи чалишиб, подшоҳнинг бошига иссиқ таомни тўкиб юборибди. Аъёнлар: “Подшоҳ энди уни ўлдиради, гуноҳига лойиқ жазо шу!” дейишибди. Шоҳ эса қулнинг аҳволини кўриб, уни озод қилиб юборибди. Бунга ҳайрон бўлган вазири: “Эй сахийликда беғараз шоҳ, унга тиғдан бошқа нарса лойиқ эмас эди-ку?” дебди. Шоҳ кулимсираб: “Хижолатнинг ўзи уни ўлдириб бўлди. Ҳеч ким ўлган ўликни қайтадан ўлдирмаган, бошига жазо тиғини тортмаган…”.

Президентимизнинг ҳар доим адашиб диний оқимларга кириб қолганлар ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар содир қилиб, суднинг қора курсисига ўтириб қолганларнинг айбини яхшилаб ўрганиб, агар улар қилмишларидан пушаймон бўлсалар, уларни кечириш чорасини кўриш тўғрисида гапирганида, “улар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз”, деб жон куйдириб гапирадилар.

Зеро, бағрикенглик ва кечиримлилик сиёсати бутун дунёда миллатимизга хос азалий анъаналар бардавомлиги намунаси сифатида қабул қилинмоқда.

Эркин Юлдашев, Тўрткул тумани «Малла донли» жоме масжиди имом-хатиби.
  • 113 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты