ЎЗБЕКИСТОН — ИСТИҚЛОЛИМ, ИСТИҚБОЛИМ

Ҳар йили мустақиллик тадбирларини ўтказишдаги рамзий шиор барча юртдошлар-имизнинг қалбида акс-садо беради. Энг улуғ, энг азиз байрамнинг қутлуғ 29-йиллиги арафасидаги “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” эзгу шиори ҳам теран мазмунга эга. Унда ифодаланган сўзлар бизни фидойиликка, ватанпарварликка ундаб туради.

Истиқлол боис мўмин-мусулмонлар барча диний ибодатларини эмин-эркин адо этаётганлари улкан бахт ва олий саодатдир. Йиллар мобайнида дин соҳасида жуда катта ишлар қилинди. Ҳукуматимизнинг узоқни кўзлаб олиб бораётган оқилона сиёсати сабаб мураккаб ва шарафли йўллар босиб ўтилиб, юқори натижаларга эришилди.

Истиқлол шарофати билан юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Диёримиз мусулмонларининг асрий орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади. Муборак ҳаж ва умра сафарини ихтиёр этганлар учун кенг имкониятлар яратилди. Масжид ва мадрасалар эҳтиёжга яраша кўпайтирилмоқда. Диний адабиётлар нашри йўлга қўйилди. Натижада, маънавиятимиз тобора юксалиб боряпти. Мамлакатимиз моддий ва маънавий жиҳатдан кун сайин тараққий этаётир. Одамларимизнинг кайфияти чоғ, уларнинг юз-кўзларида хурсандчилик, байрам руҳи сезилиб турибди.

Атрофга назар ташлайдиган бўлсак, юртимизда бўлаётган бунёдкорлик, ободончиликни ва кундан-кунга гўзаллашиб бораётган гўшаларни кўриб, кишининг кўзи қувонайди, дили яйрайди. Шуларни ҳис этарканмиз, муҳтарам азизлар, фарзандларимиз, набираларимиз бахти учун суюниб яшайлик, уларнинг ёшлик йиллари саодатли, шукуҳли замонга тўғри келганини уларга англатайлик, буларнинг барчасига шукр қилайлик. Ёшларимиз ҳамманинг ҳавасини келтирадиган даражада билимли, истеъдодли бўлиб вояга етишяпти. Буларнинг бари тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаёт маҳсули, ёш авлоднинг илмли ва билимли бўлиши учун яратилган шарт-шароитлар натижасидир. Шуларни аввало, ўзимиз тўлиқ ҳис этиб, сўнгра фарзандларимизга тўғри тушунтирайлик. Токи улар Худо берган бутун куч-ғайратим, ақл-заковатим ва истеъдодим, олган билим-тарбиямни мана шу юрт учун, ота-онам обрўси учун, дину диёнатим, эл кори учун сарф қиламан, деб ғурур ва ифтихор билан яшашга ўргансин, гўзал диёримиз ривожига ҳар куни муносиб ҳиссасини кўшадиган бўлиб ўсиб-улғайсин. Шу ўринда, жонажон диёримиз тараққиётига ҳар биримиз муносиб ҳисса қўшиб яшашимиз кераклигини ҳис қилмоғимиз даркор. Доно халқимиз бежизга, тома-тома кўл бўлур, демаган. Зотан, Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши йўлидаги бирдамлигимиз, собитқадамлигимиз, амалий ҳаракатларимиз юртимизнинг бундан-да юксак марраларни қўлга киритишига хизмат қилади. “Ўзбекистон – Аллоҳнинг назари тушган юрт” деб айтишади.

Жаннатмакон юртда туғилганимизга ва яшаётганимизга Аллоҳга шукроналар айтамиз. Қарияларимиз дуога қўл очиб, Яратгандан, аввало эл-юртимиз тинчлиги, ватанимиз равнақи ва осмонимиз мусаффолигини бошимизга тушган касалликларни тез кунларда кўтарилиб кетишини сўраб дуолар қилишмоқда...

Ўктам Қурбаниязов, Амударё тумани “Нўғой эшон” жоме масжиди имом-хатиби.

  • 121 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты