Қурбонлик ибодати фазийлати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога Ўзининг улуғлигига хос ҳамд ва санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, унинг оила аъзоларига, ва саҳобаларига Аллоҳ таолонинг саловот ва саломлари бўлсин.

Аллоҳ таоло томонидан биз мўмин-мусулмонлар учун улуғ неъмат қилиб берилган Ҳайит байрамлари қадимдан юртимизда ўзгача, халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик, саховат ва инсонпарварлик ифодаси бўлиб келган. Яқинлашиб келаётган бу улуғ байрам Қурбон ҳайити барчангизга муборак бўлсин!

Қурбонлик ибодати, яъни Қурбонлик сўйиш билан боғлиқ зарур маълумотларни ҳам келтириб ўтамиз.

Қурбонлик қилиш закот, фитр садақаси каби молиявий ибодат бўлиб, у Қуръони карим, ҳадиси шариф ва ижмоъ билан собитдир, яъни бу ҳукм маҳкамлангандир. Уламоларимиз қурбонликнинг маъносини таърифлаб: “Қурбонлик бу – муайян (белгиланган) ҳайвонни махсус (белгиланган) вақтда сўйишдир”, деганлар. Қурбонлик иккинчи ҳижрий санада жорий бўлган. Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир. У – ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва закот нисобига эга бўлган бой мусулмон шахсга вожиб бўлади. Лекин, бир йил айланиши шарт эмас. Ана шу тоифадаги инсонлар, агар вақтида қурбонликларини сўймаса гуноҳкор бўладилар. Агар моддий тарафдан ўртаҳол инсон яъни, нисоб миқдорида пули йўқ, лекин оила нафақаси тарафидан бошқа инсонларга муҳтож ҳам эмас одам, ёки савоб умидида камбағал, яъни моддий тарафдан муҳтож инсоннинг ҳам қурбонлик учун пул йиғиб сотиб олган қурбонлиги ҳам Қурбонлик ибодати ўрнига ўтади ва катта савоб олади, лекин уларга нисоб миқдоридаги мулкка, маблағга эга бўлмагани учун вожиб эмас, сўймаса гуноҳкор бўлмайди. Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит куни тонг отиши билан киради ва учинчи ҳайит куни қуёш ботиши билан чиқади. Қурбонлик қилиш ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланади.

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар 4та, яъни, мол, туя, қўй ва эчкилардан иборатдир. 1) Мол-икки ёшга тўлган бўлиши шарт. 2) Туя-беш ёшга тўлган бўлиши шарт. 3) Қўй-бир ёшга тўлиши ёки агарда бир ёшга тўлган қўйнинг гавдасидек бўлса унда, олти ойдан ўтган бўлиши шарт. 4) Эчки-бир ёшга тўлган бўлиши шарт. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Булардан бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.

Мол билан ёки туяни 1(бир) одамдан то 7(етти) кишигача шерик бўлиб сўйиш мумкин. Лекин, бунда шерикларнинг ҳаммаси мусулмон ва қурбонликни ният қилган бўлиши шарт. Аммо улардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ўтмайди. Сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тарозида ўлчаб, тенг тақсимланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Қурбонликнинг фақат бир рукни бўлиб, у ҳам бўлса қурбонлик қилиниши мумкин бўлган ҳайвонлардан бирини сўйишликдир. Ҳайвонни сўймасдан ёки Қурбонликка ниятлаган пулини, тириклай камбағалга беришлик билан қурбонлик бўйнидан (тушмайди) соқит бўлмайди, яъни фақат сўйишлик билангина зиммасидан қурбонлик ибодати адо бўлади.

Қурбонлик тўғри бўлиш шартлари: 1) Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг камчиликсиз бўлишлиги, 2) Вақтида сўйилиши.

Қурбонликка тўсиқ бўладиган качиликлар:

  • 1.Касаллиги аниқ билиниб турса
  • 2.Суякларидан жуда ориқ, озғин эканлиги билиниб турса (жилик майи қолмаган даражадаги озғин бўлса)
  • 3.Икки ёки бир кўзи кўрмайдиган бўлса
  • 4.Оёғи оқсоқ бўлса, яъни қурбонлик сўйиладигна жойгача бора олмайдиган бўлса
  • 5.Тишларининг кўпчилиги тушиб қолган бўлса
  • 6.Қулоғининг ёки думининг (қуйруғининг) ярмидан кўпи узилган бўлса
  • 7.Шохларининг бирови ёки иккитаси томилари билан кесилган бўлса
  • 8.Қўйнинг бир, қорамолнинг икки елинининг (желинининг) учи узилган бўлса
  • 9.Қулоғи ёки думи туғилган вақтдан бўлмаган бўлса
  • 10.Бурни кесилган бўлса
  • 11.Тек чиқинди еган бўлса
  • 12.Тилининг кўп қисми кесилган бўлса

Бироқ, қурбонлик ҳайвонларининг кўзи ғилай, қийшиқ, қўтир ёки жинни бўлишида, қулоқларининг тешилган ёки кесилган ёки учининг кесилиб осилиб турган ҳолатда бўлишида, жинсий аъзоларининг йўқлигида ёки бичилган ҳолда бўлишида зиёни йўқ. Демак, Қурбонлик қилишга тўсиқ бўлувчи камчиликлар тўрттаси ҳадис билан белгиланган. Улар: аниқ касаллик, озғинлик, сўқирлик ва чўлоқлик. Шу камчиликлар даражасида ёки улардан ҳам юқори бўлган бошқа камчиликларга солиштирилган ва мужтаҳидлар тарафидан қўшилган.

Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида бандасининг манфаати учундир. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақир-мискинлар манфаатдор бўлади. Аллоҳ таоло эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра муомала қилади. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж, 37).

Ҳақиқатан, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Қурбонлик сўйишнинг аввали ҳайит намозини адо этилганидан сўнг сўйилади. Яъни, ҳозирги пандемия шароитида Қурбон ҳайити куни қуёш чиққандан кейин найза бўйли кўтарилган вақтдан кейин тўрт ракаъат нафл Зуҳо намозини адо этгандан сўнг бошланади (афзал) ва Унинг охирги вақти эса ҳайитнинг учинчи куни аср вақтигачадир.

Қурбонлик қилувчининг қурбонлик сўйиш вақтида ҳозир бўлиши яъни сўйилаётган вақтда ёнида бўлишлиги мустаҳабдир, яъни савобли амалдир. Қурбонлик Аллоҳга қурбат экан, қурбонликка ҳар томонлама соғ ва семиз бўлган жонлиқларни сўйиш шариатимиз кўрсатмаларидандир. Бунинг ҳам ўзига хос ҳикматлари бор албатта. Биринчидан, бу қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига эътибор бериш, Яратганга нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир. Иккинчидан, бу мусулмонларнинг ўрталаридаги меҳр-оқибатларини мустаҳкамлайди. Уларга касал ҳайвонларнинг гўштини эмас, балки соғ ва семиз ҳайвонларнинг гўштини совға қилиш яхши ишлардандир.

Қурбонлик қилишдан мақсад – банданинг Аллоҳ таоло амрига бўйсуниши ва тақвосини намоён этишдир.

Демак, қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозимдир. Қолаверса, бу амални бажаришда Аллоҳ таолонинг буюклиги ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади. Яна шуни ёдда тутмоғимиз лозим бўладики, Қурбон ҳайити байрам бўлгани учун, уни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик керак. Ўтганларимизни эслаш, Қуръон тиловат қилиб, савобини бағишлаб, уларни руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амаллардан ҳисобланади, лекин булар ҳайит байрамига асло таъсир қилмаслиги лозим.

Азиз юртдошлар, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу кунларда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Халқимизни, жонажон Ватанимизни бу касаллигу-офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон қилсин. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айласин.

Сиз азиз юртдошларимиздан белгиланган карантин қоидаларига қатъий амал қилишингизни, ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилишингизни сўраб қоламиз!

Яқуб Жумамуратов, Тахиатош тумани “Муҳаммад Мурод эшон” жоме масжиди имом-хатиби.
  • 139 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты