Тилни тийиш

Абу Хурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», дедилар.

Ислом дини ва таълимоти бўйича мусулмон киши тилини доимо ёмон сўзлардан беҳуда гаплардан тиймоғи лозим. Рўзадор мусулмон учун эса бу таъкид яна ҳам кучли бўлади. Уломоларимиз ушбу ҳадисдаги ёлғон гапиришга, ғийбатчилик, чақимчилик, иғво ва бухтонлар ҳам киради дейдилар. Шунингдек унга амал қилиш деганда Аллоҳ таолонинг ва унинг Расулининг норозилигига сабаб бўладиган ҳар бир ишни қилиш тушунилади.

Демак рўза тутган одам ўзини нафақат таом ва шаробдан балки номаъқул гап-сўз ва ишлардан тиймоғи лозим. Зотан ўзини таом ва шаробдан тийиб туриб ёлғон, иғво, чақимчилик, ғийбат, бухтон сўзларни гапираверишидан, ношаръий ишларни қилаверишдан нима фойда бор. Ёки унинг оч қолишига, чанқашига Аллоҳнинг эҳтиёжи борми.

Афсуски ҳаётимизда ушбу ҳақиқатни унутиб қўйганмиз. Ичимизда рўзани тутиб олиб кун бўйи беҳуда гап-сўзлар, ишлар билан машғул бўладиганлар афсуслар бўлсин кўпчилик. Хатто орамизда мусулмонларнинг устидан ғийбат, чақимчилик, бўхтон қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Ҳеч биримиз ёлғон сўз ва унга амал қилиш рўзанинг савобини бутунлай кетказишини унутмаслигимиз лозим.

Уч-турт йигит Рамазон ойида бир муйсафид отохоннинг одамлар кўзидан пана жойда таом еяётганини кўриб қолишибди.

— Ие отохон Сиз рўзадор эмасмисиз?

Отохон:

— Рўзадорман. Фақат сув ичиб таом ейяпман холос. Йигитлар кулиб юборишибди.

— Бу нима деганингиз.

Отохон дебди.

— Кимсага ёмон кўз билан қарамайман, бировни мазах қилмайман, ғийбат қилмайман, ҳеч кимнинг кўнглига озор етказмайман. Лекин минг афсуски ошқозоним касал шу боис меъдамни рузадор қила олмаяпман.

— Сизлар ҳам рўзадормисиз болаларим.

Йигитлар бошини эгиб қолишибди. Бири ҳижолатомуз жавоб қилибди.

— Биз фақат овқат емаяпмиз холос…

Ҳа азизлар ёлғон сўз ҳеч бир замонда сўзловчисига фойда келтирмаган. Бу дунёда фойда бермаганидек махшар кунида ўзимизга қарши ҳужжат ҳисобланади. Бу кунларни ғанимат билиб, тунларини бедор, тоат-ибодатта ўтказайлик.

Мамбетов Давронбек, Элликқала тумани «Сафо» масжиди имом-хатиби.

  • 117 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты