Саломатлик — туман бойлик

Аллоҳ таоло инсонни гўзал суратда, тана аъзоларини мутаносиб ва кўркам қилиб яратган ҳамда унинг ер юзида фаровон ва қийинчиликсиз яшаши учун жуда кўп неъмат ва қулайликларни ато этиб қўйган. Инсонга берилган неъматлар шу қадар кўпки, ҳатто уларни санаб саноғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади. “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмассиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”. (Наҳл сураси 18-оят). Ана шундай неъматларнинг бири бу шубҳасиз саломатликдир. Инсонларнинг соғлом тана аъзолари бут яратилгани ҳам Аллоҳнинг уларга ато этган неъматларидандир. Инсонлар барча нарсада бўлгани каби касалликдан тезроқ тузалишда, дардларига шифо излашда ҳамиша Аллоҳ таолога муҳтождирлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Фотир сураси 15-оятида шундай марҳамат қилади: “Эй, инсонлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ эса, албатта, Ғаний (беҳожат) ва Ҳамид (ҳамдга лойиқ зот)дир”.

Ҳар бир инсонга саломатликдан кўра муҳим, соғликдан кўра кўпроқ эътибор бериладиган нарсанинг ўзи йўқ. Шунинг учун кишилар хасталиклардан сақланиш, саломатликларини асраш ва мустаҳкамлаш учун куч-ғайрат, маблағ ва вақтни аяшмайди. Бунда турли муолажа усуллари, спорт ва бадан тарбия машқларидан ҳам, Аллоҳ таоло яратиб қўйган турли шифобахш неъматларни истеъмол қилишдан ҳам, тез-тез шифокорлар қабулида бўлиб, улардан маслаҳат ва тавсиялар олиб туришда ҳам эринишмайди. Булар бежизга эмас албатта. Ҳаёт ширин, соғ-саломат умргузаронлик қилиш ундан ҳам ширин. Луқмони Ҳаким “Энг ширин лаззат салмотликдир” деганлар. Бирор жойингиз оғриб турса, бирор касаллик безовта қиладиган бўлса, сизга ҳеч нарса татимайди. Шу боис ҳам бутун дунёда одамлар соғлигини муҳофаза қилишда катта сайъ ҳаракатлар қилинади ва кўп маблағлар сарф қининади.

Ҳар йили 7-апрельда дунёнинг ҳамма ерида Жаҳон саломатлик куни кенг нишонланади. “Дард Худодан, шифосини ҳам Унинг Ўзи беради”. Ҳақиқатан ҳам бир хасталик ўзидан ўзи пайдо бўлмайди ёки сиз ўзингизни қанча авайласангиз ҳам, дарддан қочиб қутула олмайсиз. Хасталик келганида эса энг яхши шифокорлар жон куйдирса ҳам, энг қиммат дори-дармон ёки муолажа усуллари қўлланса ҳам Аллоҳнинг ўзи шифо бермаса, ундан фориғ бўла олмайсиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Шуъаро сурасида: “Унинг Ўзигина мени едирур ва ичирур. Касал бўлганимда, Унинг Ўзи менга шифо берур”, деб марҳамат қилади. Инсонни комил суратда барча аъзоларини дақиқ қилиб яратган Зот унинг хасталикларига ҳам даво ва шифо воситаларини яратиб қўйган. Бобомиз Абу Али ибн Сино ёзганидай Одамлар тоат – ибодатларида Аллоҳдан тан сиҳатлик сўрашади. Аммо Аллоҳ тансиҳатлик калитини туғилишиданоқ уларнинг ўз қўлларига топшириб қўйганидан бехабардирлар”.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида мусулмонлар ҳаётининг барча жабҳалари қатори улар саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни даволаш каби муҳим масалалар ҳам қамраб олинган. Абул Баракот р.ҳ.нинг ёзишича “Бир касаллик чиққан жойда бўлсангиз, бошқа ёққа чиқманг, бир ерда касаллик тарқаса у ерга саёҳат қилманг”, деб буюриб карантин усулини ҳам илк марта Расулуллоҳ алайҳиссалом тавсия қилганлар. Яна у зот барча касалликларда парҳезга буюриб, “Ҳамма даволарнинг боши шудир” деганлар.

Муҳтарам юртдошлар! Ҳозирги кунда бутун дунёда кенг тарқалган, шу қатори мамлакатимизда ҳам етип келган коронавирус пандемиясидан сақланишга ҳаракат қилайлик. Бу касаллик ҳар куни қанчадан-қанча инсонларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Карантин қоидаларига қатъий амал қилиш лозим. Аллоҳ таоло бу касалликни юртимиздан балки бутун дунёдан тез орада кўтарилишини сўраб дуолар қилайлик. Мана шу йўлда хизмат қилаётган юртимиздаги барча раҳбарларимизни ва шифокорларимизни Яратганнинг Ўзи ҳифзу ҳимоясида сақласин.

Нуратдин Юсупов, Беруний тумани бош имоми.

  • 91 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты