Улуғ инсон

Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи илоҳий диндир. Зеро, инсоннинг дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олиши ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ва Пайғамбаримиз соллалаҳу алайҳи вассаламнинг қатор ҳадисларида ушбу маънолар баён этилган. Илм – руҳнинг озуқасидир. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Қуръони каримда ўзи эгаллаган илмни бошқаларга ўргатган устозларнинг шаъни-шарафи нақадар улуғлиги ҳақида бундай марҳамат қилинади:

яъни: “... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба) ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

Пайғамбаримиз соллалаҳу алайҳи вассалам ҳам илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканлигини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар:

яъни: “Олимнинг обиддан устунлиги худди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан устунлигим кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Устозга меҳр қўймаган, ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидай, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши керак. Абдуллоҳ ибн Аббос ўзидан ёши улуғ бўлган Зайд ибн Собитнинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишларида ёрдам бериб бундай деганлар: «Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб, кибрланса – жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли».

Муҳтарам азизлар! Кишида илм ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Албатта, бунинг учун устоз зарур. Илм ва уни талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш, яъни, устозлик қилишнинг фазилати унданда буюкдир. Қуръони каримда баён қилинишича, инсониятнинг аввали Одам Ато ҳам ўз замонаси учун зарур бўлган илмларга муҳтож бўлганидан Аллоҳ таолонинг ўзи у зотга таълим берди.

яъни: (Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди” (Бақара сураси, 31-оят).

Ҳар бир замонда Аллоҳ таоло инсониятга илму ҳикмат ўргатиш учун пайғамбарларини юбориб турди. Жумладан, охирзамон пайғамбари Муҳаммад соллалаҳу алайҳи вассаламни шундай шарафли вазифа билан юборди.

яъни: “Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар” (Оли Имрон сураси, 164-оят).

Динимиз таълимотига кўра, ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса, арзийди.

Бродар Матякубов, Турткул тумани «Абдужамил эшон» жоме масжиди имом-хатиби.

  • 91 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты