Обод юрт истиқболи

Юртимизда азал азалдан фарзанд тарбияси, одоб ахлоқига катта эътибор берилган. Қуръони карим, ҳадиси шариф ҳамда улуғларнинг ўгитларида инсон маънавий камолотининг асоси бўлган одоб-ахлоқ ва тарбиянинг барча жихатлари ўз ифодасини топган.

Халқимимзда “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган мақол бор. Шунинг ўзидан ҳам ота-боболаримиз фарзанларнинг жисман ва маънан соғлом бўлишига қанчалик эътибор берганини билса бўлади. Ҳадиси шарифларда инсонларнинг яхшилари гўзал хулқи ва чиройли муомалали кишилар эканини таъкидланади. Бир ўринда: “Ҳеч бир ота-она ўз фарзандига гўзал одобдан кўра яхши нарса қолдирмайди”, дейилади. (Имом Термизий).

Демак, фарзанд неъматининг шукри унга яхши одоб, таълим-тарбия бериш билан адо этилар экан.

Фарзанд тарбияси яхши йўлга қўйилган юртда равнақ топади. Бугун мамлакатимизда ёшларнинг илм олиб, ҳунар ўрганиши учун яратилаётган шароитлар ҳам келажагимизга қўйилган муносиб қадамдир. Чунки эртанги кунимиз билимли, салоҳиятли фарзандларимизга боғлиқ.

Ислом таълимотида бола туғилгандан кейинги парваришга ҳам эътибор қаратилади, бола она сути билан озиқланиши қанчалик муҳимлиги алоҳида таъкидланади: “Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарини) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир” (Бақара сураси 233 оят). Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида фарзанд кўрган оилага ҳар бир туғилган бола учун давлат томонидан юз дирҳам миқдорида нафақа ажратилади. Улғайгани сайин нафақа миқдори ҳам кўпайиб боради. Бу тартиб Ҳазрати Усмон р.а. ҳазрати Али р.а. давридан кейин ҳам давом этди. Мазкур маълумотлар ҳам диниимизда ёш авлодга ғамхўрлик нафақат оила, балки жамият миқёсида аҳамиятли бўлганига далолат қилади.

Анас ибн молик р.а. дан ривоят қилинади: “Бир аёл Оиша розияллоҳу анҳо ҳузурига келди. Оиша онамиз унга уч дона хурмо берди. У болаларига бир донадан хурмо бериб, ўзига ҳам бир дона олиб қолди. Болалар хурмони еб бўлиб онасига қарашди. Шунда аёл хурмони иккига бўлиб болаларига яримтадан берди. Оиша онамиз воқеани Пайғамбаримиз с.а.в. га сўзлаб берди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в: “Нега ажабланасан? Зеро, аёлнинг фарзандларига меҳрибонлиги туфайли Аллоҳ ҳам унга раҳим қилади”, дедилар. (Имом Табароний ривояти).

Ислом динида етимларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади, уларга меҳр ва мурувват кўрсатишга тарғиб қилинади. Жумладан, Расулуллоҳ с.а.в: “Етимни қарамоғига олган одам мен билан жаннатда шундай бўлади”, деб икки бармоқларини бир қилиб кўрсатганлар. (Имом Термизий ривояти).

Ислом аёллар, кексалар ва гўдакларга, тинч аҳолига ва ҳатто мевали дарахтларга, ҳар қандай ҳолатда ҳам зарар етказмасликка ундайди. Бугун дунёда рўй бераётган қўпорувчилик, тинч аҳолини портлатиш ва ёш болаларни ўлдириш, улардан қурол ўрнида фойдаланиш каби ҳолатлар динимиз тъаълимотига мутлақо зиддир.

Шунинг учун, энг аввало, ўзимиз юртимиздаги тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етиб, шукронасини қилиб, бу кунларга осонликча эришилмаганини унутмаслигимиз ва буни фарзандларимиз қалбига ҳам сингдиришимиз керак. Ёшлар Бизнинг келажагимиз, уларнинг таълим-тарбиясига эътибор берсак, келгусида улар ўйлаганимиздек баркамол кишилар бўлишади, Инша Аллоҳ.

Нуратдин Юсупов,

Беруний тумани “Султон увайс бобо”

зиёротгоҳ масжиди имом-хатиби.
  • 76 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты