ИСЛОМ ТЕРРОРИЗМГА МУТЛАҚО ҚАРШИ

Бутун дунё халқлари учун энг катта бойлик – элнинг тинчлиги ва осойишталигидир. Лекин баъзи бир кимсалар, миллатнинг онгини заҳарламоқчи бўлиб, терроризм вабосини юзага келтирдилар. Лекин ўзлигини англаган, дини ва маънавиятини яхши билган дунё халқлари бундай кимсаларга кўр-кўрона эргашмайдилар. Ислом инсониятга зарар етишига мутлақо қаршидир. Ислом Аллоҳ таоло томонидан инсоният бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилинган диндир. Ислом динининг таълимотлари, қонун-қоидалари ва амалларидан бешта бош мақсад кўзда тутилгандир: Инсон ҳаётини ақлини, динини, наслини, молу-мулкини муҳофаза қилиш мақсади. Терроризм, экстремизм ва гиёҳвандлик жинояти халқаро миқёсида энг катта, глобал муаммоларга айланди. Ватани, миллати йўқ бу разил жиноят ортида катта молиявий маблағ ва бошқа имкониятларга эга турли марказлар борлиги, уларни замонавий техника ва қурол-яроғ билан таъминлаб туриши инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Террорчилик бугунги куннинг энг мураккаб ва хавфли ҳодисаларидан бири саналади. Унинг кўринишлари, одатда оммавий қурбонларга, моддий ва маънавий, ҳатто тиклаб бўлмас бойликларнинг вайрон этилишга олиб келади. Террорчилик ҳаракатлари дин ниқоби остида амалга оширилмоқда, аслида булар дин ниқоби остига беркиниб олган жиноятчиларнинг ўз мақсадига эришишдаги жирканч йўлидир. Террорчилик ҳаракатлари, яъни одамларни гаровга олиш, давлат ва жамоат арбоблари, диний ёки бошқа гуруҳлар ҳамда хорижий давлатлар ва ташкилотлар вакилларининг ҳаётига таҳдид солиш, йирик объектларни эгаллаб олиш, портлатиш, одамларнинг соғлиғига, ҳаёти ва мулкига таҳдид солиш каби ҳаракатлар мамлакат тинчлигига путур етказади.

Террор эса айнан ушбу мақсадларга қарши фаолиятдан иборатдир. Террорнинг бош зарари бегуноҳ инсонларнинг ўлдирилишига Ислом қанчалар қарши эканини билишнинг ўз бу илоҳий диннинг террорга қанчалар қарши эканини очиқ-ойдин кўрсатиб беради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деган. Исломда ҳар бир жон жуда ҳам юқори баҳоланади. Шу боис бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Чунки жонлар кўп бўлгани билан ҳаёт кечириш ҳаққи битта. Ҳар бир жон ҳаёт кечириш ҳаққига эга. Ана ўша жонлардан биттасини ўлдирган одам ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққига тажовуз этган бўлади. Аксинча, битта жоннинг ҳаётини сақлаб қолиш эса, ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққини сақлаб қолган билан тенг.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб турур», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилди.

Ушбу ҳадисда кофир бўлса ҳам, инсон жони Ислом наздида қанчалик қадр-қийматга эга экани кўриниб турибди.

Ҳадиси шарифда «муъоҳид» - аҳдномаси бор ғайридинни ўлдиришнинг оқибати қандоқ бўлиши ажойиб ўхшатиш ила васф қилинган. Мазкур жиноятни қилган одам «жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди». Жаннатга кириш, ундаги хушбўй-миску-анбарлардан ҳидлаб, лаззат олиш у ёқда турсин жаннатнинг умумий ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Яқинига йўлай олмаслик қай даражада бўлади? Бундоқ жиноят қилган одам жаннатда қирқ йиллик йўл юриш масофасидан ҳам узоқроқда бўлади. Чунки, жаннатнинг «ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб турур».

Бас, шундоқ экан, ҳар бир мўмин мусулмон ўзи билан тинч-тотувликда яшамоқчи бўлган ҳар бир ғайридинни ҳурматини жойига қўйиши, унга зинҳор ёмонлик қилмаслиги зарур.

Террордан дунёга келаётган ҳар бир зарарга қарши юқоридагига ўхшаш кўплаб таълимотлар мавжуд. Уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида китоб ёзиш мумкин. Шунинг учун бемалол Ислом террорнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қаршидир дейиш бизнинг бурчимиздир. Мусулмонлар террорга қарши курашнинг биринчи сафларида бўлиши лозимдир. Диний-экстремистик гуруҳларнинг бош мақсади - «халифалик» ёки «ислом амирлиги» давлати тузиш шиори остида сиёсий ҳокимиятни эгаллашдир. Ушбу мақсадга етиш йўлида аҳолига ҳанафийлик мазхабига зид мутаассиб ғояларни сингдириш, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, ҳукуматга тазйиқ ўтказиш, аҳоли ичида қўрқув, парокандалик ҳамда давлатга нисбатан ишончсизлик уйғотиш ҳамда республика раҳбарияти томонидан диний соҳада олиб борилаётган сиёсатни обрўсизлантириш каби оралиқ мақсадларга бўйсиндирилган фаолият олиб борилади. Дин ниқоби остида фаолият олиб боришга интилган, аслида айрим давлатларнинг ғаразли геосиёсий ва геостратегик интилишларининг натижаси ўлароқ шаклланган, қўпорувчилик мақсадини кўзлаган турли оқим ва йўналишларга мансуб хорижий даъватчилар минтақага ўз ғояларини олиб кира бошладилар. Диний экстремизм ва терроризмнинг Ўзбекистонга асосий таҳдиди ижтимоий-сиёсий барқарорликни, миллий, фуқаролараро ва миллатлараро тотувликни бузишга, дунёвий давлатни, кўп миллатли ва кўп динли давлатни обрўсизлантириш ҳамда диндор мусулмонларнинг ислоҳотчи давлатга бўлган ишончини йўққа чиқаришга уринишда намоён бўлмоқда. Диний экстремизм – жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидавий аҳкомларни рад этиш ва ўз ғояларини муросасизлик ва зўрлик билан тарғиб қилишдир. Терроризм – муайян сиёсий мақсадларда, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш ва аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотиш учун зўравонлик ишлатиш ёки зўравонлик ишлатиш билан қўрқитиш. Жиҳодий жамоаларнинг мафкурасида «такфир», яъни «кофирга чиқариш» тамойили муҳим ўрин тутади. «Такфир» – мусулмонни имонсизликда айблаш демакдир. Жиҳодчилар уларга эргашмаган мусулмонларни «кофир», яъни “динсиз” деб асоссиз ҳукм чиқаради. Ҳадисда «Кимки мўмин кишини «кофирсан» деб ҳақоратласа, гўёки унинг қонини тўкканчалик гуноҳ қилган бўлади» дейилади. Яъни, ҳеч бир одамга мусулмон инсонни «кофир», деб ҳукм чиқариш ҳуқуқи берилмаган.

Ҳозирда ислом дини ақидасини бузиб, аслида ғараз мақсадларни кўзлаётган кимсалар «хижрат килмаганлар кофир, кофир юртда яшамоқлик куфир» деган даъво билан диндошларимизни тўғри йўлдан оздиришга ҳаракат қилмоқдалар. Минглаб масжидлар, мадраса ва исломий олийгоҳлар фаолият юритаётган, Қуръони Карим, ҳадислар ва динимизга оид юзлаб китоблар нашр этилаётган, мусулмонларимиз эмин-эркин ўз эътиқодларини бажариб келаётган мусулмонобод юртни куфрга чиқаришлик оғир гуноҳ бўлиб, бундай ишга қўл ураётганлар чуқур ғулувга кетган ва бошқаларни ҳам гуноҳларига шерик қилмоқчилар.

Аслида уларнинг мақсадлари ёшларимизни алдов йўли билан қуролли тўқнашувлар бўлаётган мамлакатлардаги жангари лагерларига олиб бориш ва жангу-жадалга ташлаш. Ёшларимиз асло бундай сохта даъволарга учиб охиратини куйдирмаслиги, ота-онаси, оиласи ва юртига хиёнат қилмасликлари лозим. Ислом таълимотида юрти ва миллатига хиёнат қилишлик, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш оғир гуноҳ саналади.

Исломнинг муқаддас китоби бўлган Қуръоннинг «Бақара» сурасининг 205-оятида «Аллоҳ бузғунчилик-фасодни севмайди» дейилган.

Ҳадисда: “Ватанни севмоқ иймондандир”, дейилган.

«Нисо» сураси, 59-оятида «Эй мўминлар, Аллоҳга, пайғамбарига ва ўзларингиздан бўлган бошлиқларга итоат қилинглар», дейилган. Ислом таълимотида юрти ва миллатига хиёнат қилишлик, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш оғир гуноҳ саналади. Шаҳид — ислом динига кўра, Аллоҳнинг ризоси йўлида фидоийлик қилган, имони, эътиқоди, номусини, Ватан озодлигини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган ва жаннатга киришлик шаҳодат (ваъда) қилинган киши, демакдир.

Пайғамбаримиз, шунингдек, ички касалликлар хуружи ва вабо (ўлат) билан ўлган, сувда чўккан, девор босиб қолиш ва бошқа айрим сабаблар билан фожиали ўлим топган кишиларга ҳам шаҳидлик мақоми берилади, деб таъкидлаган. Ўз жонига қасд қилиш ва бошқа одамларнинг ҳаётига зомин бўлиш шаҳид амал ҳисобланмайди, аксинча, ислом асосларига кўра оғир гуноҳ бўлиб, унга жаноза буюрилмайди. Қуръонда «Ўзларингизни ўлдирмангиз! ...» (Нисо, 29) дейилган.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади: Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.

Хулоса қилиб айтганда, диний ақидапарастлик моҳиятини тўлиқ англаш учун диний-сиёсий тузилмаларнинг радикаллашувига замин яратган ва бугунги кунда ҳам одамлар онгини заҳарлашни давом эттираётган диний экстремизмнинг ҳозирги ғоявий асосчилари ижодини танқидий нуқтаи назардан ўрганиш долзарб мавзуга айланди. Мустаҳкам эътиқод, соф ақида ҳар бир киши ҳаётининг асл моҳияти бўлиши лозим. Юрт тинчлиги, осойишталигига путур етказадиган, ватандошларимизни чалғитадиган ёт ғояларга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиздир. Аллоҳ таоло бизга ато этган тинчлик, барқарорлик ва хотиржамлик каби улуғ неъматлар қадрига етишимиз, уларни ҳимоя қилишимиз зарур.

Ўктам Қурбаниязов Амударё тумани «Нўғой эшон» жоме масжиди имом-хатиби.

  • 60 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты