Ҳар бир ишда мулойимлик

Қайси хонадонда таълим-тарбия юксак бўлса, шу жойда хотиржамлик бор. Ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Аллоҳ ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради”. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Ойша, албатта, Аллоҳ мулойимдир. У Зот мулойимликни яхши кўрадир ва мулойимлик учун қўполликка ҳамда ундан бошқага бермаган нарсани берадир», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган. Қуръони каримнинг аввалидан охирига қадар инсонларга тарбия ва одоб ўргатилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мулойимлик сифати билан саҳобаларни ўзларига жалб қилдилар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўмин-мусулмонларга мулойим бўлишлари ўзлари учун ҳам, умматлари учун хам Аллоҳнинг рахмати экан. Мулойим, ширинсўз бўлиш катта бахт хисобланади. Киши яхши сўз эшитган жойига, мулойим муомала кўрган шахсига меҳр қўяди.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) мулойимлик сифатлари бу жиҳатдан энг олий мақом эди. Фарзанд мулойимлик фазилати билан ахлоқини безаб, ёмон ахлоқлардан йироқ бўлсин. Одамлар орасида шу фазилати тўлин ойдек кўриниб турсин. Мулойимлик хулқий ва нафсий фазилатларнинг энг буюгидир. У инсонни баркамоллик чўқкисига олиб чиқади. Мулойимлик соҳиби билан суҳбатлашган киши унга муҳаббатли бўлади. Биз учун намуна бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам тарбиялаётган саҳобаи киромларни мулойимлик сифатлари билан жалб этдилар, муҳаббатли қилдилар. Табассум фазилати юзлаб одамлар ўтиб-қайтаётган гавжум кўчадан боряпсиз. Демак, манзилга етгунча танишу нотаниш чехраларга кўзингиз тушади. Ана шунда сиз уларга очиқ юз билан жилмайиб боқинг. Кўрасизки, шу беозор табассумингиз туфайли юзлаб одамларнинг кайфияти кўтарилади. Кайфиятингиз чоғ, юзларингиз кулгидан чарақлаб турган кезларда шу кун омад сизга ёр булганини эсланг. Ахир ўша кунда ён отрафингиздаги кишилар ҳам меҳр билан боқишади. Донишмандлардан бири: “Ҳаётимиз қандай бўлиши сизу биз унга қандай маъно бахш этишимизга боғлиқ”, дейди. Ўйлаб қарасак, эндиликда бизнинг табассумларимиз нақадар қиммат туради! Аммо кўпинча уни ҳамма-ҳаммадан, ҳатто ўзимизданда қизганамиз. Машҳур рассом шу каби ҳолатни бир неча расмларда усталик билан тасвирлайди: нимадандир ғазабланган бошлиқ ёрдамчисига захрини сочади. Шунда ёрдамчи ҳам хизматчилардан бирини қаттиқ койийди. Хизматчи ишлаб ўтирган матн терувчини уришиб беради, у эса эшикда ўтирган коровулдан аламини олади. Бекордан-бекорга гaп эшитган коровул оёғи остида ётган кучукни тепиб юборади. Кучук ўз эгасини қопишга ботинолмай, хонасидан чиқиб келаётган бошлиқнинг оёғини тишлаб олади. Шундай қилиб, бу ғавғонинг бош сабабчиси жазосиз қолмайди. Табассум бир лаҳзада пайдо бўлади. Инсон юзидаги илиқ табассум билан ҳар қандай давранинг азиз меҳмонига айланади. Сиз қандай даврада бўлманг, ёнингиздагилардан табассумингизни дариғ тутманг. Уларга жилмайиб нигоҳ ташланг. Токи, табассумингиз чеҳраларда қотган музларни эритиб юборсин. У меҳрдан тузилган гулшодалар кўнгилларга сочилиб кетсин.

Ўктам Қурбаниязов, Амударё тумани «Нўғой эшон» жоме масжиди имом-хатиби.
  • 377 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты