Миссионерликнинг мақсади

Тарих ўзга ҳудудларни забт этиш мақсадида ишлатиладиган уруш қуроллари узлуксиз такомиллашиб борганини кўрсатади. Бугунги кунда эса, ўзга ҳудудларни забт этиш учун уларнинг аҳолисини маҳв этиш шарт эмас. Зеро, онги ва шуури забт этилган, қараш ва кайфиятлари «маъқул» йўналишга ўзгартирилган ерлик аҳоли кўмагида ҳар қандай бойлик, табиий ресурсларга эгалик қилиш мумкин бўлиб қолмоқда.

Миссионерликнинг асосий мақсади хрестианликни тарғиб қилиш йўли билан жамиатда ҳайриҳоҳ бўлган гуруҳларни шакллантириш ва тарафдорлар сонини кўпайтириш орқали муайян мамлакат ва ҳудуд устидан назорат ўрнатишдир. Марҳум биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек: «….қудратли давлатлар ва муайян сиёсий марказлар ўз мақсадларига эришиш учун аввало забт этмоқчи бўлган мамлакатларнинг аҳолиси онгини ўзига қарам килишга интилади».

Миссионерлар қайси юртга кирсалар ўша ҳудудлардаги халқларни хрестианлаштириш йўли билан уларнинг бирдамлигига путур етказиш, ички низоларни келтириб чикариш орқали уларнинг ривожланишига тўсқинлик қилиш, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий жиҳатдан қарам ва тобе қилишга ҳаракат қиладилар. Масаланинг ана шу жиҳатига эътибор берилса, миссионерлик ҳаракатлари ортида диний заминда миллатни ичидан бўлиб ташлашга қаратилган ғаразли сиёсий мақсадлар ётганини ва у келтириб чиқарадиган фожиаларни англаб етиш мумкин.

Бу, миссионерлар ўз олдиларига қўйган мақсадларга эришадиган бўлсалар улар фаолият олиб бораётган мамлакатда ҳам халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзулнинг келиб чиқиши мумкинлиги ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.

Миссионерларнинг бугунги кундаги фаолияти ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат бундай таҳдиддан ҳоли эмаслигини кўрсатади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса миссионерликнинг моҳиятини тўғри англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур булади.

Абдурахман Матсапаев, Амударё тумани «Юсуф эшон бобо» жоме масжиди имом-хатиби.

  • 77 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты