МАЗҲАБЛАР ҲАҚИДА

Мавлавий Домла Ҳиндистоний раҳимаҳуллоҳ ўз маърузаларидан бирида айтганлар:

«Имоми Аъзамни нима учун «Имом Aъзам» дейилади? Сабаби шуки, у кишининг камоли тобеълари кўплигидан. Билдингизми?!

Бу кишининг мазҳабларини улуғлигини билинглар-да! Шунинг учун биз айтамизки - Алҳамдулиллаҳ, Имом Аъзамнинг мазҳабидамиз.

Мазҳабни мен сизларга айтиб берайми? Расулуллоҳ с.а.в ислом чашмасини чиқариб тўртта ариқчага оқизиб қўйганлар. Ушбу тўртта ариқни шундай билингки, биттаси Ҳанафийнинг ариғи, иккинчиси Шофеъийнинг ариғи, учинчиси Ҳанбалийнинг, тўртинчиси Моликийнинг ариғи. Қайси ариғдан ичсанг ҳам Расулуллоҳнинг с.а.в чашмаларидан ичган бўласан. Бу ерда бошқа сув йўқ! Билдингизми?!

Ким шуларга итоат қилса Аҳли суннат ва жамоа деб биламиз.

Мазҳаб деб йўлни айтилади. Бир шаҳарга олиб борадиган тўртта йўл бор, қайсинисидан борсанг ҳам ўша шаҳарга олиб боради. Худди шунингдек, мазҳабнинг тўртталаси ҳам Аллоҳ таолога олиб боради. Лекин сен ўзинг лозим топган ушбу йўлларнинг бирида бормоғинг керак, ҳали унисига ҳали бунисига ўтишинг дуруст эмас.

Бизга савол қилинсаки:

«Расулуллоҳнинг с.а.в даврида йўл битта эди-ку, нимага тўртта булиб қолди?».

Биз бунга жавобан айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир катта чироқ билан оламни ёритиб турган эди, у ерда иштибоҳ йўқ эди, бирор масала бўлса Жаброил алайҳиссалом ваҳийни олиб келар эди.

Расулуллоҳ с.а.в оламдан кетгандан кейин у чироқ ўчиб қолди. Олам қоронғуликка айланиб, бир-бирига туртинадиган бўлиб қолди.

Расулуллоҳдан с.а.в эшитмаган масалалар тўғрисида, бир бирлари билан саҳобаларнинг ўзида ихтилоф пайдо бўлиб қолди. Мазҳаб ўша вақтлардаёқ пайдо бўлган. Билдингизми?! Расулуллоҳдан с.а.в эшитмаган масалани ижтиҳод қилишни бошладилар. Расулуллоҳ с.а.в ижтиҳодга рухсат берганлар!».

Манбалар асосида Амударё тумани «Нўғой эшон» жоме масжиди имом-хатиби Уктам Қурбаниязов тайёрлади.

  • 88 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты