ОВҚАТЛАНИШ ОДОБЛАРИ

Овқатланиш одобларининг ҳар бирини фарзанд жуда кичкиналигидан ўрганиб бориши шартдир. Таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювиш Имом Термизий ривоят қилган хадисда Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Таомнинг баракаси таомланишдан олдин ва кейин қўлни ювишдадир”, дедилар. Бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом): “Ким яхшилигини Аллоҳ зиёда қилишини истаса, таом тайёр бўлганида ва охирида қўлини ювсин”, деганларини ривоят қилишган. Бу одатнинг фойдали томонлари кўп. Масалан, таомланишга қадар қўл билан турли нарса-буюмларни ушлаш ва хатти-харакат натижасида қўлга турли чанг-ғубор ҳамда зарарли микроблар ўрнашган бўлиши мумкин. Қўлни ювиш орқали улардан тозаланади, бу саломатлик учун жуда муҳимдир. Таомдан олдин тасмия - “Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим” дейиш ва сўнг ҳамд - “Алҳамдулиллаҳ дейиш суннатдир.

Имом Термизий ривоят қилади: Расулуллоҳ (алайҳиссалом): «Кимки таомланса, Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар овқатланиш олдидан Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутса, “Бисмиллаҳи аввалиҳу ва охираху” десин», дедилар. Баъзи муҳаддислар бундай ривоят қилади: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) таомланганда ва сув билан чанқоқ қондирганларида “Бизни таомлантирган, ризқлантирган ва мусулмон қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, дедилар.

Имом Бухорий ривоят қилади: “Расулуллоҳ (алайҳиссалом) таомни айбламасдилар, агар иштаҳалари тортса, ердилар, кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар”. Ўнг қўл билан ва ўзига яқин жойдан ейиш. Бир ривоятда: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом) хужраларида хизмат қилар эдим. Қўлим лаганда айланарди. Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) менга: “Эй ғулом, Аллоҳнинг исмини айт ва ўнг қўлинг билан ўзингга яқиндан егин”, дедилар». Ёнбошлаб овқатланмаслик Ёнбошлаган ҳолда овқат ейиш соғлик учун катта зарар ва кибрнинг бир кўринишидир.

Имом Бухорий ривоят қилади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Ёнбошлаб таом емайман”, дедилар. Таомланиш пайтида сўзлашиш мустаҳабдир Пайғамбар (алайҳиссалом) ўз аҳлларидан хуруш сўрадилар. “Бизда сиркадан бошқа ҳеч нарса йўқ”, дейишди. У зот уни олиб келишни сўрадилар ва ундан тановул қилиб: “Сирка қандай яхши нонхуруш, сирка қандай яхши нонхуруш”, дедилар. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) дастурхон устида сахобаларга кўп маротаба гапирганлар. Мезбонни дуо қилиш мустаҳабдир Имом Термизий ривоят қилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Саид ибн Уббода олдига келдилар. Саид нон ва зайтун ёғини олиб келди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) улардан тановул қилдилар, сўнг: “Сизларнинг хузурингизда рўзадорлар ифтор қилди, таомингиздан яхшилар тановул қилди ва фаришталар сизларга салавот айтди”, дедилар. Ёши улуғлардан кейин таомга қўл узатиш Имом Муслим “Саҳиҳ” асарида ривоят қилади. “Биз Расулуллоҳ (алайҳиссалом) билан бирга таомланганимизда, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) қўлларини таомга узатмагунларича, биз қўлимизни узатмасдик”.

Неъматни исроф қилмаслик Расулуллоҳ (алайҳиссалом) таом тановул қилсалар, учта бармоқларини ялардилар ва: “Қачон, бирортангиздан луқма тушса, уни олгин ва ундаги нопок нарсани кетказиб, уни есин. Уни шайтонга ташламасин”, дедилар. Шунингдек, лаганни бармоқлар билан сидириб ялашга амр қилдилар. «Албатта, сизлар таомингизнинг қаерида барака бўлишини билмайсиз», дедилар. Чанқоқ босши одоблари Дастлаб “Бисмиллоҳ” айтиш ва уч марта бўлиб-бўлиб ичиш ҳамда ҳамд айтиш керак. Имом Термизий ривоят килади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) “Туянинг ичишига ўхшаб бир мартада ичманглар, икки, уч мартада ичинглар. Ичиш дан олдин тасмия айтинг, ичиб бўлганингиздан кейин хамд айтинг”, дедилар.

Идишнинг оғзидан ичишмайди. Имом Бухорий ривоят қилади. “Расулуллоҳ (алайҳиссалом) идиш ёки мешнинг оғзидан ичишдан қайтардилар”. Бундай ичиш одобсизлик бўлиб, сувга соғлиқка зарар етказувчи нарсалар тушиши мумкин, улардан сақланиш лозим. Чунки инсон оғзида ўзи билмаган ҳолда кўп зарарли моддалар ва касаллик микроблари бўлади. Улар бошқаларга ҳам юқишидан сақланиш керак. Ичимлик пуфлаб совутиб ичилмайди. Имом Термизий ривоят қилади: “Пайғамбар (алайҳиссалом) идишдан нафас олиш ёки унга пуфлашдан қайтардилар”. Ўтирган ҳолда ичиш ва ейиш фазилати ҳақида Имом Муслим Анасдан ривоят қилади. Пайғамбар (алайҳиссалом) тик туриб ичишдан қайтардилар. Пайғамбаримиз (алайхиссалом): “Сизларнинг биронтангиз тик турган ҳолда ичмасин, ким унутиб ичган бўлса, бас, қайт қилсин”, дедилар. Расулуллоҳдан (алайҳиссалом) тик турган ҳолда ичганлари ҳақида ҳадислар бор. Ўтириб ичишга монелик қиладиган сабаблар бўлса, тик туриб ичиш жоиз. Муҳаммад (алайҳиссалом) Замзам сувини тик туриб ичганлари боис, Замзам суви турган ҳолда ичилади.

Тилла ва кумуш идишда ичишдан қайтариш. Бир хадиси шарифда: “Ким тилла ёки кумуш идишда ичса, албатта, жаҳаннам олови унинг қорнида қайнайди”, дейилган. Кибр ва ўзини юқори тутиш кўриниши бўлгани ва фақирларга нисбатан ҳурматсизлик келтириб чиқарадиган сабаблар боис бу идишлардан фойдаланишдан қайтарилди. Ҳаддан зиёд тўйиб овқат емаслик. Имом Термизий ривоят қилади. Расулуллоҳдан (алайҳиссалом) ривоят қилади: “Инсон қорнидан ёмонроқ идишни тўлдирмайди, одам боласига белини қоим қиладиган кичик луқма кифоядир. Бас, қориннинг учдан бири таом, бири сув ва қолгани нафас учундир”, дедилар. Ушбу ҳадиси муборакларни ўрганиш жараёнида динимиз кўрсатмалари қадриятларимиз ва урф-одатларимизга нечоғли уйғунлашиб кетганига амин бўламиз. Чунки аждодларимиз фарзандларига мурғаклигиданоқ бу тарбияларни сингдириб борганлар. Азалдан давом этиб келаётган, қон-қонимизга сингиб кетган анъана туфайли, оталик ва оналик масъулиятларини чукур ҳис қилиб ўргатиб борганлар. Зеро, саодатга бошлайдиган бу сифатларни фарзандлар қалбига нозик йўллар билан жо қилмоқ учун тарбияни жуда барвақт, яъни фарзанд дунёга келган кундан бошламоқ зарур.

Мирзо Бедил ҳазратлари айтганлар: Биринчи ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор, юлдузга етса ҳам, қийшиқдир девор. Шунингдек, халқимиз орасида эътироф этилган дастурхон атрофида ўзини тутишга дойир қуйидаги қоидаларни ҳам билиш муҳимдир: - чақирилмаган жойга борманг; - таклиф этилган жойга кечикманг; - мезбонлар таклиф этмагунча, дастурхон атрофига ўтирманг; - дастурхонга узоқ ҳам, яқин ҳам ўтирманг; - сочиқча билан олдингизни тўсманг; - овқатланаётганингизда таомни одоб билан тановул қилинг; - нонни бўлакларга бўлиб енг; - оғизни тўлдириб овқатланманг;- шошмасдан овқатланинг; - тирсакларингизга таянманг ва кенг қўйманг; - ким биландир сўзлашмоқчи бўлсангиз ҳам, ёнингиздаги меҳмонга орқа ўгирманг; - оғизда овқат билан гаплашманг; - катталар ўрнидан турганида, дастурхон ёнидан четланиб, улар хонадан чиқиб кетганидан кейингина ўрнингизга ўтиринг; - столда ястаниб, ялпайиб ўтирманг; - дастурхон атрофида ўз хасталикларингизни сўзламанг; - мезбон овқатланишни меҳмонлардан сўнг тугатиши лозим; - дастурхон атрофида баланд овоз билан гаплашманг; - ҳамма овқатланиб бўлмасидан ўрнингиздан туриб кетманг.

Муҳтарам мураббийлар бу одобларни тарбиянинг пойдевори деб билишлари ва буларга сабр билан ўрга-нишлари, ўзлари ибрат кўрсатишлари лозим бўлади. Зеро, бу фазилатли амаллар инсонни азиз қилади, улар одамлар билан узаро муомала-муносабатда жуда муҳимдир.

Уктам Қурбаниязов. Амударё тумани «Нўғой эшон» жоме масжиди имом-хатиби.
  • 58 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты