Қариндошлар ҳаққи

Қариндошлар бир-бирларига насаб ва насл билан боғланадиган кишилардир. Улар оталар, оналар, болалар, буви ва бувалар, ака-укалар, опа-сингиллар, амакилар, аммалар, аканинг болалари, онанинг болалари, тоғалар ва холалар, сўнгра уларга яқин бўлган қариндошлар. Динимиз уларни икки сабабга кўра “раҳм” қариндошлар деб атайди. Биринчиси: Аллоҳнинг Рохман сифатидан олинган. Маълумки, “рахм” - раҳмат, меҳрибонлик, мулойимлик, халимлик каби сифатларнинг йиғиндисидир. Шунинг учун ҳам насаб жиҳатидан яқин бўлган кишиларга меҳрибон бўлиш, силаи рахм қилиш вожибдир. Иккинчиси: “Қаробат” - яқинлик, қариндошлик алоқаларини боғлашдан келиб чиққан. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) фақат қариндошликни боғлашга чақириб, узилиб қолишдан эса қайтарганлар. Шубҳасиз, бу кўрсатмалар туғишганлар ўртасида қондошлик, биродарликни мустаҳкамлашга ўргатади, ўзаро меҳр-муҳаббат туйғуларини орттириб, инсонийлик фазилатларини юқори поғоналарга кўтаради. Жамият аъзоларида қонқариндошлик, атрофидагиларга хавас ва меҳр билан нафрат болаликданоқ шаклланиши ва у калбларга чуқур илдиз отиши зарур. Бола улғайганида қариндошларга силаи раҳм қиладиган, бошларига мусибат етганида далда берадиган бўлиши лозим.

Қуръони каримда қариндошларга силаи раҳм қилишга буюрилган оятлар кўп. Масалан: «Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!» (Исро, 26). Қариндошлардан узилишнинг оқибати бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам вой бўлишини англаш лозим. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Ким Аллоҳга ва охират куни (қиёмат)га имон келтирган бўлса, меҳмонни ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлар билан боғлансин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхшиликни (яхши сўз) айтсин ёки сукут сақласин”, дедилар. Қон-қариндошликни мустаҳкамлаш умрни узайтиради ва ризқни кўпайтиради.

Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Ким ризқи кенг ва умри зиёда бўлишини ҳохласа, қариндошлар билан боғлансин”, дедилар. Демак, қариндошлар билан алоқаларни яхшилаш ризқни кенг ва умрни зиёда қилар экан. Яна қариндошлар билан аҳил-иноқлик бошга тушадиган турли мусибатлардан сақлайди, қийинчиликларни осон енгишга ёрдам беради. Анасдан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Садақа (силаи рахм) ва қариндошларга боғланиш Аллоҳ таоло умрини зиёда қилишига ва бевақт ўлимдан сақлашига сабаб бўлади”, дедилар. Аҳолиси қон-қариндошликни қадрлаган мамлакат бой ва обод бўлади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Албатта, Аллоҳ бир мамлакатни обод этади ва одамларини бой қилади. Уларни яратганидан бошлаб уларга ғазаб билан боқмайди”, дедилар. Шунда: “Эй Аллоҳнинг расули, бунинг сабаби нима?” деб сўралди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Шу мамлакатда яшовчилар қариндошликни узмаганидан”, дедилар. Демак, юрт ободлиги ва кишиларнинг бекаму кўст яшаши қариндошлар билан алоқани маҳкам боғлашга ҳам боғлиқ экан. Афсус, баъзи қариндошлар бир-бирлари билан келиша олмайдилар. Улар ушбу таълимотига амал қилсалар, жуда яхши бўларди. Бир киши Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳузурларига келиб: “Мен катта гуноҳ иш қилдим, тавба қилишим керакми?” деди. Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Онанг хаётми?” дедилар. У: “Йўқ”, деди. Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Холанг хаётми?” дедилар. У: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Унга меҳрибонлиқ қил”, дедилар. Қон-қариндошлик (қиёматда) ҳисоб-китобни енгил қилади ва жаннатга киргизади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Кимда уч нарса топилса, Аллоҳ унинг хисоб-китобини енгил қилади ва Ўз раҳмати ила жаннатга киргизади”, дедилар. Шунда: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг расули, улар нималар?” деб сўрашди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Йўқсил қишига ҳадя беришинг, узилган қариндошлар билан боғланишинг, жаҳл қилганни кечиришинг, агар шуларни қилсанг, Аллоҳ сени жаннатга киргизади”, дедилар. Қон-қариндошлар билан боғланувчини Аллоҳ таоло қиёмат куни юқори даражага кўтаради. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бир саҳобага: “Сизларга Аллоҳ даражаларга кўтарадиган нарсани айтайми?” дедилар. Улар: “Ҳа, ё Аллоҳнинг расули”, дейишди. «Ҳаёт тажрибаси ҳадис ва ривоятлар руҳида тарбия кўрган болалар қон-қариндошлик ипларини боғловчи, уларнинг ҳақларини адо қилувчи, хурсандчилик ва маҳзун дамларда шерик бўлишларини кўрсатади».

Уктам Қурбаниязов, Амударё тумани «Нўғой эшон» жоме масжиди имом-хатиби.
  • 96 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты