Саломлашиш одоби

Саломлашиш туфайли кишилар ўртасида узаро ҳурмат, самимият ва бир-бирига нисбатан меҳр-муҳаббат пайдо бўлади. “Ас-Салом” Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Яхшилаб салом беринг, яхшилаб алик олинг. Аллоҳ таоло Қуръон каримда: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани хисобга олувчи зотдир” (Нисо, 86).

Айрим инсонлар “ассомалайкум”, “соммайкум” ва айрим аёллар «Ассалом» дея нотўғри талаффуз қилишганида, бу гўзал дуонинг маъноси бузилади. Саломлашишнинг яна бир фазилати, учрашганида ким биринчи бўлиб салом берса, унинг савоби янада улуғ бўлади. Биринчи бўлиб салом беришни одат қилиш яхши. Салом берувчи киши “Ассалому алайкум ва рахматуллоҳи ва баракотуҳ” деб салом бериши афзалдир. Унга жавоб берувчи ҳам кўплик шаклида “Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ” демоғи фарздир, гарчи салом берувчи бир киши бўлса-да, шундай салом бериш лозим. Аллоҳ таоло мўминларни салом беришга буюради: “Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз” (Нур, 27). Расулуллоҳ (алайҳиссалом) кишиларнинг одобли бўлишида саломнинг ўрни ўта муҳимлигини, унда ажру савоб зиёда бўлишини таъкидлаганлар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Бир-бирингиз билан саломлашиб юринглар, шунда ўрталарингизда меҳр-муҳаббат уйғонади”, дея марҳамат қилганлар. Мана шу биргина салом сўзи кишини эзгуликка, меҳр-шафқат ва покликка, ҳақиқий инсонийликка чорлайди.

Имом Бухорий ривоят қилади. «Бир киши Расулуллоҳдан (алайҳиссалом): “Исломнинг қайси амали яхши?” деб сўради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Таом бериш ва таниган-танимаган одамга салом бериш”, дея марҳамат ҳузурларига бир киши келди ва “Ассалому алайкум”, деди. Унга (саломига) жавоб берилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ўн”, дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келди ва: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи”, деди. Унга (саломига) жавоб берилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Йигирма”, дедилар. Сўнгра яна бошқа киши келди ва: “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ”, деди. Унга ҳам жавоб берилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ўттиз”, дедилар». Бу ерда саломнинг савоб даражасига ишора қилинган эди. Яна бир ҳадиси шарифда: “Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсизлар. Узаро муҳаббат қилмагунингизча мўмин бўлолмайсизлар. Сизларни ўзаро муҳаббатли бўлишга сабаб бўладиган амалга далолат қилайми? Орангизда саломни кенг тарқатинглар”, дейилган. Салом бериш одоби уловдаги кишининг пиёдага, юрувчи ўтирганга, озчилик кўпчиликка, кичикнинг каттага салом беришидир. Имом Бухорий ривоят қилади. «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Уловдаги пиёдага, юрувчи ўтирганга ва озчилик кўпчиликка салом беради”, дедилар». Катталарнинг олдин салом бериши фарзандга салом бериш таълимини сингдиришнинг яхши йўлидир. Бу борада барчамизнинг илк муаллим ва мураббийимиз бўлган Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) эргашиш лозим. Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) олдиларидан болалар ўтиб қолса, биринчи бўлиб салом берардилар. Имом Бухорий ривоят қилади. «У киши болаларнинг ёнидан ўтатуриб, уларга салом бердилар ва: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) шундай қилардилар”, деди».

Бир ҳадиси шарифда: “Пайғамбаримиз (алайҳиcсалом) ўйнаб турган болалар ёнидан ўта туриб, уларга салом бердилар”, дейилган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) биз умматларига бу хусусда жуда гўзал таълимни берган эканлар. Ҳатто ёш болаларга ҳам олдин салом берганлари барчамизга бирдек улкан ибрат ва сабоқ бўлиши лозим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) “Ким саломга алик олса, бас, ўзига ва ким алик олмаса, у биздан эмас”, дедилар. Имом Термизий ривоят килади: “Ё Аллоҳнинг Расули, икки киши йўлиққанида, қай бири биринчи салом беради?” дейилди. “Аллоҳ таолога яқинроғи”, дедилар. Учрашиб қолган икки кишининг қайси бири аввал салом берса, Яратган Раббимиз наздида азиз ва даражаси баланд саналар экан. Шу боис, ёши катталарнинг ёши кичиклар олдин салом беришини кутиб турмасдан салом бермоғи фазилат ҳисобланади. Чунки бу амали билан катта гуноҳлардан бўлган кибрни синдириб, улкан ажру савобларга эга бўлади. Фарзандлар ахлоқ одобли бўлиб кўча-кўйда таниган ва танимаган кишиларга хам салом беришни ўрганса, албатта, уларнинг мурғак қалбида меҳру оқибатнинг илк куртаклари уйғонади. Улуғ ёшдаги қария ёнидан салом бериб ўтган бола билан салом бермасдан ўтган бола баробар эмас. Динимиз амалларининг тароватини қаранг, бизнинг назаримизда оддий ҳолат бўлиб кўринган биргина салом-алик билан неча-неча қалблар бир-бирига меҳр ила боғланиб, ўртадаги гинаю адоватлар унутилиб, эзгуликлар кўпаяди. Инсонлар ўртасидаги, хусусан, ака-укалар, қариндошлар ва қўни-қўшниларнинг ўзаро ҳурматлари, меҳру оқибатлари ортади, элу юртнинг янада обод бўлиши ва жамиятнинг равнақ топиши йўлида ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади.

Уктам Қурбаниязов, Амударё тумани «Нўғой эшон» жоме масжиди имом-хатиби.
  • 100 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты