Қўшничилик одоби

Инсон боласи ўзининг кундалик ҳаётида доимий равишда алоқада бўлиб турадиган зотлардани бири қўшнилардир. Кишининг ҳаёти осойишталиги, бахти, қувончи кўпинча қўшнилар билан кечадиган алоқаларига ҳам боғлиқ бўлади.

Агар Аллоҳ таоло бандага яхши қўшнини ато қилса, кўпгина хайрга сабаб бўлади. Аксинча, ёмон қўшнидан турли ёмонликлар кутишнинг ўзи турмуш ҳаловатини кетказади.

Динимизда қўшничилик алоқасига алоҳида эътибор берилган. Қўшнининг ҳаққи юқори кўтарилган. Унга яхшилик қилиш ҳақида қўплаб тавсиялар берилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Жаброил қўшни хусусида тавсия бераверганидан уни меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйлаб қолдим», дедилар».

Демак, Жаброил алайҳиссалом қўшнига яхшилик, мурувват қилиш тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шу қадар қаттиқ таъкидлаган эканларки, у зот гап шундай тарзда давом этадиган бўлса, меросингни ҳам қўшнинг олади, деб қолармикан, деб ўйлаган эканлар.

Абу Шурайҳ Хузоъийдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин.

Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонига икром кўрсатсин.

Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин», дедилар».

Қўшнига яхшилик қилиш Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган кишининг сифати, белгиси, аломати экан. Ким Аллоҳга иймон келтирган бўлса, қиёмат кунидан умидвор бўлса, қўшнисига яхшилик қилиши лозим экан.

Қўшнига яхшилик қилиш унинг ҳожати тушган ишларда ёрдам бериш ва ундан ёмонликларни даф қилиш билан бўлади. Унга озор берилмайди ва эҳсон қилинади.

Қўшнига очиқ юзли бўлиш, ширинсўз бўлиш, таом бериш каби ишлар билан икром кўрсатилади.

Яхши қўшничилик аломатларидан баъзилари унга муҳтож бўлганда қарз бериш, бемор бўлса, бориб кўриш, таъзиясида иштирок этиш, хурсандчилигини табриклаш, деворини баланд қилиб юбормаслик каби ишларда ҳам намоён бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда қуйидагича айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули, фалон аёл кечаси билан намозда қоим бўлади, кундузи нафл рўзаларни тутади. Яна бошқа фалон-фалон яхшиликларни қилади, садақа беради, лекин тили билан қўшниларга озор етказади”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аёлда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир”, дедилар. Бояги кишилар: “Фалончи аёл бўлса, фарз намозларини ўқийди, кийимларидан садақа қилади, аммо бирор кишига озор бермайди”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана шу аёл жаннат аҳлидандир”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Мазкур ҳадиси шарифда қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни ҳурматларини сақлашлик нақадар зарур иш эканлиги таъкидланмоқда. Қўни-қўшниларга ёмон муносабатда бўлиб, уларга озор бериш ўқилган нафл намозлар, тутилган нафл рўзаларни ҳам ювиб кетиб, уларни фойдасиз ҳолга келтириб қўяди. Аксинча, қўшнилари билан тинч-тотув яшаган, уларга озор бермаган одам катта бахт-саодатга эришади ва аҳли жаннатдан бўлади.

Биз, мусулмонларнинг фарзандларимизга ҳам бу улкан фазилатни аввола ўзимизга сингдириб, унга оғишмай амал қилиб бормоғимиз лозим.

Достонбек Бобожонов, Амударё тумани Ёкуб эшон бобо жоме масжиди имом-хатиби.

  • 102 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты