Зулҳижжа ойининг фазилатлари

Зулҳижжа ойининг фазилати борасида жуда кўплаб ҳадислар ворид бўлган, зулҳижжанинг дастлабки кунидан тўққизинчи кунига қадар турли ибодатлар билан машғул бўлиб, кундизларини рўза билан, кечаларини эса, бедор ўтказишга ҳаракат қилиш лозим. Бу кунлар орасида тўққизинчи кунда тутилган рўза энг аҳамиятли ва фазилатли ҳисобланади.

Зулҳижжа сўзи арабча сўз бўлиб “Ҳаж эгаси” деган маънони билдиради. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири, ҳижрий-қамарий тақвимнинг охирги ойидир.

Ҳаж ибодати адо этиладиган, қурбонлик қилинадиган, Арафа ва Қурбон ҳайити нишонланадиган ой. Бу ойда, айниқса унинг дастлабки ўн кунида қилинган ибодатлар Аллоҳ таоло учун энг севимли амаллардан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ даргоҳида Зулҳижжанинг ўн кунидан афзал кун йўқ”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Бу ойда тутилган рўза учун улуғ ажрлар бор. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Арафа кунининг рўзаси ўзидан аввалги бир йил ва ўзидан кейинги бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти). «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Арафа кунининг рўзаси минг куннинг рўзаси кабидир», дедилар». (Байҳақий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойининг дастлабки тўққиз кунида, Ашуро кунида ва ҳар ойдан уч кунда – ойнинг аввалги душанбаси билан икки пайшанбасида – рўза тутардилар (Имом Аҳмад ривояти). «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у (кун) лардаги амал ушбу ўн кун (ва уларда қилинган амал)дан афзал (ва) Аллоҳ азза ва жаллага суюкли эмас. Бас, у (кун) ларда таҳлил ва такбирни кўпайтиринглар. Чунки, у (кун) лар таҳлил, такбир ва Аллоҳ таолога зикр (айтиладиган) кунлардир ва у (кунлар) дан бир кунининг рўзаси бир йилги рўзага баробардир. У (кун) ларда қилинган амал етти юз баробарга тенг бўлади», (Дурри мансур, Хитоботул аҳком).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолони янада кўпроқ зикр қилардилар ва: “...Бу кунларда таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтишни кўпайтиринглар!” дердилар (Имом Аҳмад, Имом Байҳақий ривояти).

Бобожонов Достонбек,

Амударё тумани «Ёқуб эшон бобо» жоме масжиди имом-хатиби.

  • 189 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты