Қурбонликнинг фазийлати

Аллоҳ таолонинг бандаларига ато этган неъматлари чексиз ва беҳисобдир. Ана шундай эзгулик мавсумларидан бири зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги ҳамда унда амалга ошириладиган қурбонлик амалидир. Қурбон ҳайити маъносини берувчи “ийду-л-азҳо” сўзи бежизга бундай номланмаган. Зеро, ҳаж амалларининг асоси бажариладиган бу кунлардаги энг асосий иш Аллоҳ таоло учун шукрона тарзида жонлиқ сўймоқдир. Шунинг учун ҳам бу байрам бизнинг тилда “қурбон ҳайити” деб номланади. Аллоҳ таоло розилиги учун ва Унинг беҳисоб неъматларига шукроналик ҳиссининг рамзи ўлароқ қон чиқариш динимиз Ислом таълимотида буюк амаллардан саналади. “Роббинггиз учун намоз ўқинг ва жонлик сўйинг!” (Кавсар сураси, 2-оят).

Қурбонлик қилиш вожиб амал ҳисобланади. Қурбонлик улуғ ибодатдир. Банда бу ибодат билан ўзини мол-дунёдан устун эканини, мол-дунё унинг қалбида эмас, балки қўлида эканини, у нафсининг қули эмас, балки султони эканини исботлайди.

Айрим кишилар биргина қўйни сўйишдан қочиб, нисобга пули етган, етмаганлигида баҳслашиб, имкон бўлса, сўймасликка турли баҳона ва ҳийла қидиришади. Яна баъзи инсонлар эса қурбонлик сўядиган бўлсалар-да, имкони бўла туриб, жониворнинг яхшисини излаш ўрнига қурбонликка ярайдиган даражада бўлса кифоя, деб, бундай улуғ ибодатга беэътибор қарашади. Тўғри, фақиҳларимиз қурбонликка қай даражадаги жонлиқлар ўтишини баён қилиб берганлар. Шунга амал қилса, қурбонлиги ўрнига ўтади. Лекин имконимиз бўлса, биз қурбонликнинг афзалига, савоблироғига ҳаракат қилмоғимиз лозимдир.

Қурбонликнинг тарихига назар солсак, Иброҳим алайҳиссалом қариган чоғларида кўрган суюкли фарзандларини Аллоҳ учун сўйишдан бош тортмаганига гувоҳ бўламиз.

Бизга Аллоҳ таоло “фарзандингни қурбон қил”, демади.

Бизга Аллоҳ таоло “ҳаммангиз қурбонлик қилинг”, демади.

Бизга Аллоҳ таоло “молингнинг ҳаммасини қурбон қил”, демади.

Аллоҳ таоло Қурбонликни фақат бойлар учун вожиб қилди. Молининг арзимаган бир қисмидан ҳайвон олиб сўйишни вожиб қилди. Қурбонлик учун чорва ҳайвонлари сўйилади. Улар: туя, сигир ва қўйдир. Бунда уларнинг эркак ва урғочи жинслари тушунилади. Қўй деганда эчкилар ҳам назарда тутилади. Демак, туя, сигир, қўй ва эчкилар қурбонликка яроқли ҳайвонлар ҳисобланади. Шунга кўра, туя беш ёшга кирган бўлиши, сигир ва буқалар икки ёшга тўлган бўлиши, қўй ва эчки эса камида олти ойлик бўлган бўлиши талаб этилади.

Жонлиқ қурбонликнинг дуруст бўлишига монеълик қилувчи айблардан саломат бўлиши керак. Модомики, қурбонлик Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш мақсадида амалга ошириладиган иш деб эътибор қилинар экан, бу иш учун энг яхши, энг сара, семиз, соғлом ва айбу нуқсонлардан холи бўлган жониворни танлаб олиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, қурбонлик учун сўйиладиган жонивор албатта ҳалолу покиза молдан бўлиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло хуш ва покизадир, фақат хуш ва покиза нарсаларнигина қабул қилгай.

Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Тўрт хил жонивор қурбонликка ярамайди:

Кўрлиги билиниб турган даражадаги кўр жонивор.

Касаллиги билиниб турадиган даражадаги касал жонивор.

Оқсоқлиги билиниб турадиган даражадаги оқсоқ жонивор.

Оёқда туролмайдиган даражадаги беҳол-мадорсиз жонивор» (Сунан соҳиблари ривоят қилишган). Ҳадисдаги охирги жумла маъно эътиборига кўра таржима қилинган бўлиб, аслида “суякларида илик битмаган озғин жонивор” маъносига далолат қиладиган сўз ишлатилган. Демак, шунчаки, озғин эмас балки оёқ суякларида илиги бўлмаган даражада озиб кетган жониворни қурбонлик қилиб бўлмайди. Бундай жонивор ниҳоятда мадорсиз бўлади.

Юқоридаги ҳадис қурбонликка путур етказувчи айб-нуқсонларни билишда асос кабидир. Юқоридаги ҳадисга биноан ва қиёсан уламолар қуйидаги сифатга эга бўлган жониворларнинг қурбонликка ярамаслигини айтадилар. Кўзи кўр жонивор. Оқсоқлиги билиниб турадиган даражада оқсоқ жонивор. Бир оёғи кесилган жонивор. Касаллиги кўриниб турган касал жонивор.

Баъзилар ақиқага эътибор қилади-ю, қурбонликка бепарво қарайдилар. Аслида қурбонликнинг савоби ақиқанинг савобидан бир неча баробар кўпдир. Шундай экан, яхшисини сўяйлик. Тўй қиладиган бўлсак, қуданинг олдида уят бўлмасин деб, қуданикига олиб борадиган қўйга қанчалик аҳамият берамиз? Аллоҳ учун сўйиладиган жонлиққа келганда эса бироз эътиборсизроқ бўляпмиз.

Ҳусайн ибн Алидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир киши қурбонлик қилаётганидан дили хурсанд бўлса ва шу қурбонлигидан савобни ният қилса, ушбу қурбонлиги унга дўзахдан парда бўлади», дедилар (Табароний «Кабийр»да ривоят қилган).

Ҳар бир ибодатда ният, ихлос ва муҳаббат бош аҳамиятга эга бўлган ишдир. Худди шундай қурбонлик қилаётганда ҳам агар чин ихлос эътиқод билан бу амални рўёбга чиқараётган бўлса, албатта ич-ичидан хурсанд бўлади. Дили яйрайди ва ўзини ҳар тарафлама енгил ҳис қилади. Мана шундай ҳолатдаги қурбонлик эса албатта, ўз эгаси учун дўзахдан парда бўлади. Шунинг учун ҳам қурбонлик қилаётган пайтда дунёвий ғаразлар ва эҳтиёжларни ҳаёлига келтирмаслиги керак. Гоҳо баъзилардан эшитиб қоламиз «ўзи гўшт керак бўлиб тўрган эди» ёки «яхши бўлди, шу баҳонада тўйнинг зиёфатини ҳам ўтказиб юбораман» деганга ўхшаш ҳар хил фикрлар асл ниятга ҳалал беради.

Имом Ал-Ҳоким «Мустадрак»да Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимага:

«Бориб қурбонлигингга шоҳид бўл. Унинг биринчи томган қони билан баробар сенинг ўтган гуноҳларинг мағфират қилинур», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг расули! Бу бизга – аҳли байтга хосми ёки мусулмонларга умумийми?» деди Фотима.

«Йўқ. Мусулмонларга умумий», дедилар».

Бизларнинг урфимизда кўпинча аёллар тарафидан қурбонлик қилинмайди. Гўёки қурбонлик эркакларгагина хос ибодатдир. Уларга хос бўлганда ҳам гўёки бутун бошли бир оилани номидан биттагина қўй сўйилиши одат бўлиб қолган. Аслида эса мазкур ҳадиси шарифда келаётганидек барча аёлларни саййидаси ва афзали бўлмиш Фотима розияллоҳу анҳо қурбонлик қилганлар ва бу барча аёлларга ибрат ва намуна бўлиши керак.

Қолаверса тарихдан маълумки, Фотима розияллоҳу анҳо анчагина фақирона ҳаёт кечирганлар. Шундоқ бўлса ҳам қурбонлик қилишга қаттиқ аҳамият берганлар. Балки, бошқа ҳар хил сарф ҳаражатларни олдини олиб тежаб тергаб қурбонлик қилишга ҳаракат қилганлар. Сабаби эса, ҳадиси шарифда келаётганидек қурбонлик қилинаётган жониворни биринчи томган қони ерга тушишлиги баробарида қурбонлик қилувчининг ўтган гуноҳларини мағфират қилинишидир. Қолаверса, мазкур мағфират аҳли байтга хос эмас, балки бутун мусулмонларга омматан бўлиши барчамиз учун энг буюк мукофотдир. Ҳақиқатан ҳам, бир томчи қонни эвазига барча гуноҳларимизни мағфират қилинишидан кўра ҳам буюкроқ мукофот борми?!

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Одам зот сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Албатта, у (ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузурига етур. Уни чин кўнгилда чиқарингиз», дедилар», Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда ҳам юқоридагига ўхшаш маънолар таъкидланиб келиши билан бирга, яна бир қанча қўшимча имтиёз ва имкониятлар ҳам баён этилмоқда. Демак Қурбон ҳайити куни Аллоҳ таоло учун қурбонлик қилинишдан кўра маҳбуброқ иш йўқ экан. Қолаверса, сўйилган ҳайвонлар қиёмат кунида барча аъзолари билан келар эканлар. Демак, мазкур ҳолат ҳам қурбонлик қилган инсон учун катта ютуқдир. Чунки у ҳайвонлар ҳам инсоннинг амали солиҳлари қаторида торози босадиган ибодатлари сарасида бўлади. Бу ерда яна ҳайвоннинг қони ерга тушишдан олдин Аллоҳ таолонинг ҳузурига етиб боришлиги тўғрисида хабари берилмоқда. Мазкур ютуқларни ҳаммаси эса, қурбонликни чин кўнгилдан чиқарилишига боғланмоқда.

Имкони бўла туриб қурбонлик қилмаса

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Кимни имкони бўла туриб қурбонлик қилмаса бизнинг масжидимизга яқинлашмасин», дедилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Можа ва ал-Ҳокимлар ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда имкони бўла туриб қурбонлик қилмаганларга жуда ҳам қаттиқ ваъид бор. Мўмин-мусулмон учун масжидга яқинлашишдан ман этилиши, балки ундан мутлақо маҳрум бўлишидек қаттиқ жазо бўлмаса керак. Зотан, масжид Аллоҳнинг уйидир. Мўмин банда эса ўз Роббисининг уйига кириб, унга ўз қуллигини изҳор қила олишлик бахтидан маҳрум бўлар экан. Бу уни барча яхшиликлардан бенасиба бўлишидир. Қолаверса, бу ҳолат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғазабланишларига сабаб бўладиган ишдир. Зотан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабланмасалар, бир инсонни масжидга киришлигидан қайтармас эдилар.

Имом Шаъбий раҳматуллоҳи алайҳ: “Мен Аллоҳ учун бўлган ишимда бирорта нуқсон бўлишини хоҳламайман”, деганлар.

Аслида қурбонлик ўзимиз учун фойда. Гўштини ҳам ўзимиз еймиз, савобига ҳам ўзимиз эришамиз: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар” (Ҳаж сураси, 37-оят).

Дарҳақиқат, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилиш шундай бир фурсатки, банда бу билан Роббисини улуғлашини исботлайди. Қурбонлик қилишдан мақсад Аллоҳнинг амрига бўйсуниш ва тақвони намоён қилишдир. Банда қурбонлик қилар экан, демак у Аллоҳнинг буйруғини улуғлайдиган, унга бўйсинадиган тақводор бандадир. Қурбон ҳайити – улуғ байрамдир. Шунинг учун бу кунни яқинларимизни йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни зиёрат қилиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш, оилаларга хурсандчилик улашиш ва умуман байрамнинг кўркига кўрк қўшадиган солиҳ амаллар билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Ана шундай чинакам исломий муомалалар қаторида бу кунда гина-кудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш лозимлигини ҳам унутмаслик керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда янада меҳрибонроқ, шафқатлироқ бўлар, етим-есирлар бошини силар, қариялар, касалмандлар, муҳтожлардан хабар олар, уларнинг кўнгилларига ҳам байрам шукуҳини олиб кирар эдилар.

Қурбонлигингизни Аллоҳ таоло қабул қилсин!

Савобини кўпайтириб берсин! Ҳайит байрамингиз муборак бўлсин!

Ўктам Қурбаниёзов, Амударё тумани «Нўғой эшон» жоме масжиди имом-хатиби.

  • 183 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты