Касалларни зиёрат қилиш савобли амал

Ислом дини мусулмонларни ўзаро оқибатли, меҳр-мурувватли бўлишга ва яқинлари касал бўлиб, хасталаниб қолса, ҳолидан хабар олишга, зиёрат қилишга чақиради. Зеро инсон учун энг бебоҳо неъматларидан иккитаси сиҳат саломатлик ва ҳотиржамликдир. Дарҳақиқат, бу икки неъматдан баҳраманд бўлиб турган инсон уларнинг қадрига етиши лозимдир. Зеро, ҳасталик гудакни ҳам, ёшни ҳам, кексани ҳам четлаб ўтмайди.

Бемор бўлган кишидан хабар олиш, уни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилиш бошқа кишиларнинг вазифаси бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи бештадир. Саломга алик олиш, касални бориб кўриш, жанозага эргашиш, таклиф этса бориш ва акса ўргувчига яхшилик тилашдир”, деб марҳамат қилади (Муслим ривояти).

Ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, биз мўмин-мусулмонларнинг бир-биримиздаги ҳақ-ҳуқуқларимиздан бири касал бўлган яқинларимиз ёки қавму қариндошларимиздан бемор бўлиб қолганларини дарҳол кўргани боришлик экан.

Беморни зиёрат қилиш эса Ислом динида энг савобли амаллардан ҳисобланади. Беморнинг кўнгил сўраб, йўқлаганда бемор кишининг кўнгли кўтарилиши, енгил тортиши, уни кўргани келгани учун хурсанд бўлиб, руҳий ҳаловат топиши бор нарса. Зиёратда унинг дардига шифо сўраш, тасалли айтиш маънолари борлиги учун ҳам, бу амалнинг ажри улкандир. Фаришталар ҳам касал зиёратига борган мусулмоннинг ҳаққига Аллоҳдан барака беришини, бу амали учун жаннат ато қилишини сўраб дуо қиладилар. Шу сабабди беморларни зиёрат қилишга, уларни ҳаққига дуо қилиш ва улардан дуо сўрашга тарғиб қилинади. Инша Аллоҳ, беморнинг дуоси ижобатдир. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўплаб ҳадислар баён қилганлар. Аллоҳ таоло беморни зиёрат қилувчининг йўлига етмиш минг фариштани дуо қилиши учун йўллаб қўяди. Охиратда эса, самара ҳосилини жаннатда ато этилади.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:

“Бирор мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб кўргани борса, то кеч киргунича етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Агар кечқурун кўргани борса, то эрталабгача етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Ҳамда бу кишига жаннатда териб, йиғиб қўйилган мева бўлади”, деб айтганларини эшитдим. Имом Термизий ривоятлари.

Ривоят қилинишича, бир киши, Умми Дардо разиаллоҳу анҳунинг олдига келиб, қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилди. У киши овутдилар: “Унинг энг катта давоси касалларни бориб кўриш, жанозага қатнашиш ва қабристонни зиёрат қилиш”. У киши бир муддат шундай қилдилар ва қалби юмшаганини сезиб, ичида бир хурсандчилик тўйди, сўнг Умми Дардонинг олдига келиб: “Сизни Аллоҳ таоло мукофатласин”, деди.

Барча эзгу амаллар каби беморни зиёрат қилишни ҳам астойдил, ихлос билан адо этиш лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай марҳамат қилганлар: “Бир одам бемор кишини нафақат Аллоҳ таоло розилиги учун кўришга борса, Аллоҳ таоло у ҳақда шундай дейди: “Жуда яхши қилдинг. Боришинг ҳам чиройли бўлди. Жаннатда ўзинга бир манзил тайёрладинг”

Исломда барча ишларнинг ўз одоби бўлганидек, беморларни зиёрат қилишнинг ҳам ўз одоблари бор. Улардан бири бемор молол оладиган даражада унинг олдида узоқ қолмоқ. Чунки ҳадисда шундай дейилган: “Касални зиёрат қилишнинг энг афзали унинг ёнидан тезроқ туриб кетишдир”.

Шунинг учун таниш-билишларнинг беморлиги ҳақида хабар эшитиш билан уларни кўргани боришга шошилиш. Пайғамбаримиз (с.а.в) енгил бўлган касалларни ҳам бориб кўрганлар ва биз умматларига шу йўллар билан ҳам улкан сабоқ бериб кетганлар.

Афсуски, ҳозирги кунда шу нарсаларни гувоҳи бўламизки, баъзи кишилар кексайиб қолган ота-оналари ва яқин қариндошлари, маҳалладошлари, касбдошлари, дўстларини бориб кўриш учун вақт йўқлигини сабаб қилиб, зиёрат қилишга, дуоларини олишга бормайдилар. Бу билан кўп савоблардан бенасиб қоладилар. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в) бизларга касал бўлган биродарларимизнинг дуоларини олиш билан бирга, уларнинг ҳаққига дуо қилишни ҳам буюрганлар.

“Ким бир касални кўргани борса-ю унинг ажали етмаган бўлса, етти марта Асъалуллоҳал азийм, роббал аршил азийм, ай яшфияка, деса Аллоҳ ўша беморга мазкур касалдан офият беради”.

Юқорида зикр қилинган динимиз кўрсатмаларига барчаларимизни амал қилиб юришимизни Аллоҳ таоло насиб қилсин. Халқимиз ичида бемор бўлиб касалхоналарда ётган беморларни билиб билмай қилган гуноҳларини кечириб дардларига шифо ато айласин. Аллоҳ таоло барча беморларимизга шифо берсин.

Хайтбой Айтеков.

Амударё тумани «Бобо Рустам» жоме масжиди имом-хатиби.

  • 52 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты