Қурбонликнинг таърифи ва тарихи

Қурбонлик – луғавий маънода “яқинлашмоқ”, истилоҳда Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳга маънавий яқинлашиш мақсади билан сўйилган ҳайвонга (жонлиққа) берилган номдир. Умуман фуқаҳолар истилоҳида қурбонлик: “Махсус ҳайвонни махсус кунда сўйишдир”.

Қурбонлик ҳижратнинг иккинчи йили Мадинада шариатга киритилган бўлиб, шаръий амаллиги китоб (яъни Қуръон), суннат ва ижмоъ билан собит бўлган.

Ҳайит сўзи араб тилида “ийд” деб аталиб, унинг бир нечта маънолари бор. Жумладан, Аллоҳ таоло бу кунда бандаларини кўплаб марҳаматларидан баҳраманд қилади, ҳар йили такрор келади, у туфайли инсонлар қалбида хурсандчилик пайдо бўлади.

Қурбон ҳайити мўмин-мусулмонларнинг қутлуғ байрамларидандир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларида у ерлик халқлар йилнинг икки вақтида байрам нишонлаш одатлари бор эди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) улардан:

— Бу қандай кун? деб сўраганларида, улар:

— Биз жоҳилият вақтидан буён ўйнайдиган кунларимиздир, деб жавоб бердилар. У Зот:

— “Аллоҳ таоло сизларга булардан кўра яхшироқ икки кунни: Рамазон ва Қурбон ҳайити кунларини байрам қилиб берди”, деб марҳамат қилдилар.

Қурбонлик қилиш бой ва муқим (мусофир бўлмаган) ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга вожибдир.

Бой деб, қарзидан ва асосий эҳтиёжларидан яъни одамнинг яшаётган уйи, керакли уй ашёси, либос улов, иш қуроллари ва шунга ўхшашлар асосий эҳтиёжлардан бошқа 20 мисқол (80.18 гр) олтин ёки шу қийматдаги пул ёки молга эга бўлган одамга айтилади. Қурбонлик билан закотнинг нисоби бир хил бўлиши билан бирга, қурбонлик нисобида молнинг кўпаядиган бўлиши ёки қурбонлик муддатидан бир йил ўтиши керак деган шарт йўқ.

Муқим деб қурбонлик сўйиладиган кунларда оиласи яшаётган жойда бўлган ёки сафарда камида ўн беш кун ёки ундан ҳам кўп қолишга ният қилган кишига айтилади. Қурбонликни таъминлаш, сўйиш ва гўштини ҳақдор кишига бериш қийин бўлгани учун мусофирга агар бой бўлса ҳам қурбонлик қилиш вожиб қилинмаган. Лекин мусофир хоҳласа нафл тариқасида қурбонлик қилиши мумкин.

Ҳайит намози зулҳижжа ойининг 10-куни қуёш найза бўйи баробарича чиққандан сўнг, масжидда жамоат билан ўқилади. Ушбу намозни ўқиш вожиб амалдир. Агар шу куни бирор сабаб бўлиб ўқилмай қолса, кейинги икки кунда ўқилади. Ўша куни сахардан ҳайит намоз ўқиб бўлгунга қадар рўза тутиш суннатдир:

“Расулуллоҳ (с.а.в.) Рамазон ҳайити намозига таом еб, Қурбон ҳайити намозига эса хеч нарса емасдан чиқардилар, (намозни ўқиб бўлгач оғзиларини очардилар)”.

Абдикаримов Атажан, Тахиятош тумани “Катманчи бобо” жоме масжиди имом-хатиби.

  • 140 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты