ТЕЖАМКОРЛИК – ХАСИСЛИК ЭМАС

Динимизнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, инсон ҳаётининг ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатини бир хилда эътиборга олади. Яъни, инсон ҳаётда яшар экан, руҳиятини юксалтириши учун ибодат қилишга, моддий эҳтиёжларини қондириш учун эса, иқтисодиёт билан машғул бўлишга муҳтож бўлади. Шариатимиз бу табиий жараёнга тўсқинлик қилмайди, балки тартибга солади ва тўғри йўлни кўрсатади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин-кумушлар, саман отлар, чорва моллари ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли қилиб қўйилди. Булар (аслида) дунё ҳаётининг (ўткинчи) матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса (бунданда) чиройли жой (жаннат) бордир” (Оли Имрон сураси, 14-оят).

“Бу неъматларни ким зийнатли қилиб қўйди?” – деган табиий саволга кўпчилик уламолар: “Аллоҳнинг Ўзи бандаларини имтиҳон қилиш учун дунё матоҳларини марғуб ва жозибали қилиб яратган”, – деб таъкидлайдилар.

“Иқтисод” арабча “қасд” сўзидан олинган бўлиб, “захира қилиш”, “тўғри ва адолатли йўл тутиш”, “аниқ ҳисоб-китоб билан сарфлаш” деган маънолари бор. “Қасд” – исроф ва бахиллик ўртасидаги йўл ва барча ишда ўртача йўл тутишдир. Истилоҳда эса “иқтисод” сўзининг маъноси – мол-мулк касб қилиш, уни сарфлаш ва кўпайтиришнинг тартиб-қоидалари.

Қуръони каримда бандаларнинг иқтисодий алоқаларига тегишли бир қанча оятлар мавжуд. Масалан, савдо-сотиқ, ижара, гаров, омонат, орият, мукотаба битимлари, ўлжаларни бўлиш, мерос масалалари, қарз олди-бердилари ва бошқа мавзуларда сўз юритилган. Қуръони каримда шундай дейилган:

...(мол-давлат) сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина қўлма-қўл бўлиб юраверадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун...(Ҳашр сураси, 7-оят).

Ушбу қоида Ислом динида иқтисодга оид улкан қоидалардан биридир. Дарҳақиқат, мол-давлат жамиятнинг ҳамма аъзолари орасида айланиб туриши керак. Фақат бойларнинг орасида айланадиган бўлса, мол бир гуруҳ одамлар қўлига ўтиб, жамиятнинг қолган аъзолари уларга қарам бўлиб қолади. Унда бойлар нимани хоҳласа қилаверадиган, қолганлар эса уларнинг хоҳишларига бўйсунишга мажбур бўладиган ҳолат юзага келади.

Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи ва саллам иқтисодий фаолият билан шуғулланиб, ўзи, аҳли аёлидан ташқари бева бечора ва етимларга моддий ёрдам берган кишиларни Аллоҳ таолонинг йўлида жон фидо қилганлар, кундузи рўзадор, кечаси ибодат билан бедор бўлганларга тенглаштирдилар:

“Бева ва мискинлар учун (ёрдам бериш мақсадида) ҳаракат қилувчи киши Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи ёки кундузи рўза тутувчи, кечаси бедор бўлувчи кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Ўзига яраша қийинчиликлар билан топилган мол-мулкни ўз ўрнига сарфламасдан, ноўрин жойларга ишлатиб, исроф қилиш, баъзида ҳатто ҳаром ишларга сарфлаш ачинарли ҳолатдир. Аллоҳ таоло молни сарфлашда ўрта йўлни тутганларни мақтаб шундай дейди:

“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир” (Фурқон сураси, 67-оят).

Динимизда мақталган сахийлик айнан исроф ва бахиллик ўртасида туради. Юқоридаги оятлар бизни ҳамма ишларда – тўй, аза, еб-ичиш, кийиниш, улов, маскан ва бошқаларда, ҳолимизга қараб, ўрта йўлни тутишимизни талаб қилади.

Ҳадиси шарифларда иқтисод қилган камбағал бўлмаслиги ҳақида маълумотлар келган. Жумладан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

(Нафақада) ўртача бўлган киши ҳеч ҳам камбағал бўлмайди” (Имом Табароний ва Имом Дорақутний ривояти).

Инсоннинг касбу кор қилиши ва тадбиркорлик билан шуғулланишидан асосий мақсади фақат мол-дунё тўплаш бўлмаслиги керак, балки касбу кор қилиш орқали халқи ва динига фойда етказиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш, ишсизларни иш билан таъминлаш бўлса, айни муддао бўлади. Бугунги кунда мана шундай фаол ва ҳалол тадбиркорларни Президентимиз бошчилигида давлатимиз ҳукумати ҳам қўллаб-қувватлаб турибди.

Аллоҳ таоло барчамизни рушду ҳидоятда собитқадам қилиб, ҳамма соҳада иқтисод билан иш тутишга муваффақ айласин. Парвардигор Ватанимизни ҳам маънавий, ҳам иқтисодий жиҳатдан фаровон айласин! Омин!

Бродар Матякубов. Турткул тумани Абдужамил эшон жоме масжиди имом-хатиби.

  • 76 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты