Ҳаж фазилатли, улуғ ибодатдир

Аллоҳ таоло буюрган амалларнинг ҳар бирининг ўзига хос фазилат ва ҳикматлари мавжуд. Исломнинг бешинчи рукни бўлган ҳаж ибодатининг ҳам фазилатлари бор.

Дарҳақиқат, Макка шаҳрида Мақоми Иброҳим, Замзам булоғи, Ҳажарул-асвад, Сафо ва Марва каби осори атиқалар мавжудким, улар узоқ ўтмишнинг аломатларидан ҳисобланади.

Ҳаж қилиш нияти ила эҳром боғлаган киши ўша ондан бошлаб то Ҳаж амалларини адо этиб бўлгунича ибодатда бўлади. Ҳар бир ҳожи ушбу ҳақиқатни бир лаҳза ҳам унутмаслиги лозим. Буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эҳром боғлаганларидан бошлаб, то Ҳаж амалларини бажариб бўлгунларича бирор оғиз беҳуда сўз айтмас эдилар. У киши бу борада ҳаммага ўрнак бўлишлари керак.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун Ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади», дедилар».

Шарҳ: Яъни Ҳаж даврида уят сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолга қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. Ҳаж, одатда, кишига умрида бир марта бериладиган фурсат. Ундан ҳар бир ҳожи унумли фойдаланиши лозим. Бунинг учун ҳажга жўнашдан олдин Ҳаж сафарида ўзига лозим бўлган нарсаларни яхшилаб ўрганиб олмоғи керак. Бандага ўрганиши лозим бўлган нарсаларнинг энг муҳимларидан бири ушбу ҳадисда зикр қилинмоқда. Ҳажни ният қилганидан бошлаб гуноҳлардан онадан туғилган пайтдагидек пок бўлиш ҳаракатига тушиш керак. Тайёргарлик кўриб олиб, Ҳаж давомида бирор оғиз фаҳш сўзларни айтмай, фисқу фасод қилмай юрса, ўша банда, иншааллоҳ, муродига етади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

إِنَّ أَوَّلَ بَيْتٍ وُضِعَ لِلنَّاسِ لَلَّذِي بِبَكَّةَ مُبَارَكًا وَهُدًى لِلْعَالَمِينَ فِيهِ آَيَاتٌ بَيِّنَاتٌ مَقَامُ إِبْرَاهِيمَ وَمَنْ دَخَلَهُ كَانَ آَمِنًا وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ

Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй – Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлмиш (Каъба)дир. Унда аниқ аломатлар – «Мақоми Иброҳим» бордир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир. (“Оли Имрон” сураси, 96-97-оятлар)

Бу фарзни адо қилган кишига ажр-у савоблар собит бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вас-саломдан кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Жумладан:

وَعَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم – " تَابِعُوا بَيْنَ الْحَجِّ وَ الْعُمْرَةِ فَإِنَّهُمَا يَنْفِيَانِ الْفَقْرَ والذُّنُوبَ كَمَا يِتْفِى الْكِيرُ خَبَثَ الْحَدِيدِ وَ الذََّهَّبِ وَ الْفِضَّةِ وَ لَيْسَ لِلْحَجَّةِ الْمَبْرُورَةِ ثَوَابٌ إِلاَّ الْجَنَّةُ" (سنن الترمذى).

Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳаж билан умрани кетма-кет қилинг. Албатта, иккиси худди босқон темир, тилло ва кумушнинг кирини кетказганидек, фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Ҳажжи мабрурнинг савоби фақат жаннатдир”,- деганлар (Имом Термизий ривоят қилган).

Бу ривоятда ҳам умранинг, ҳам ҳажнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Кейинги Умра ўзидан аввалги умрадан буён содир этилган Аллоҳ таолонинг ҳаққига оид бўлган маълум гуноҳларнинг ювилиб кетишига сабаб бўлар экан. Агар ҳажжи мабрур бўлса, унинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса бўлмас экан.

Ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлган, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаждир. Ҳаж қиладиган одам жаннатни касб қилиш учун мислсиз катта имкониятга эга бўлади. Ҳаж қилувчи динимизнинг беш рукнидан бири бўлган бу улкан ибодатни адо этиш пайтида риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлса, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила ҳажни адо этса, мазкур ваъда қилинган нарсага эришади.

وَعَنْ ابْنِ عُمَرَ، قَالَ : سَمِعْتُ النبي صلى الله عليه وسلم يقول: "مَا تَرْفَعُ إِبْلُ الْحَاجِّ رِجْلاً وَلاَ تَضَعُ يَدًا إلاَّ كَتَبَ اللَّهُ تَعَالَى لَهُ بِهَا حَسَنَةً ، أِوْ مَحَا عَنْهُ سَيِّئَةَ أَوْ رَفَعَهُ بِهَا دَرَجَةَ " (الشعب حسن)

Ибн Умар р.а. дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий с.а.в.: “Ҳожининг улови оёғини ҳар кўтариб-қўйишида Аллоҳ таоло ё ажр-савоб битади ё бирор гуноҳини ўчиради ёки бир даража мақомини кўтаради”,-деганлар (Имом Байҳақий “Шуабул-имон”да ривоят қилган).

وَعَنْ أَبىِ هُرَيْرَةَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – أّنَّهُ قَالَ: "أَلْحُجَّاجُ والْعُمَّارُ وَفْدُ اللَّهِ إِنْ دَعَوْهُ أَجَابَهُمْ وإٍنِ اسْتَغْفَرُوهُ غَفَرَ لَهُمْ" (سنن ابن ماجه حسن لغيره).

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳожилар ва умра зиёратчилари Аллоҳнинг меҳмонларидир, дуо қилсалар, ижобат қилур, истиғфор айтсалар, мағфират қилур”, - деганлар (Абу Можа ривояти).

وَعَنْ عَائِشَةَ رّضِىَ اللَّهُ عَنْهَا ، أَنَّ رَسُولَ اللًّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ لَهَا فِي عُمْرَتِهَا : "إِنَّ لَكِ مِنَ الأَجْرِ عَلى قَدْرِ نَصَبِكِ ونَفَقَتِكِ" (المستدرك للحاكم صحيح)

Оиша р.а. Умра ибодатини адо этганида Расулуллоҳ с.а.в. унга қарата: “Сенга (Умра давомидаги) қийинчилигинг ва нафақанг миқдорича ажр бўлур”,- деганлар.

وَعَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ السَّاعِدِىِّ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ :"مَا مَنْ مُلَبٍّ يُلَبِّى إِلاَّ لَبَّى مَا عَنْ يَمِينِهِ وَ شِمَالِهِ مِنْ حَجَرٍ أَوْ شَجَرٍ أَوْ مَدَرٍ حَتَّى تَنْقَطِعُ الأَرْضُ مِنْ هَا هَنَا وَهَا هُنَا" (سنن ابن ماجه صحيح)

Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий р. а. дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳар бир талбия айтувчининг ўнг ва сўл томонидаги то машриқу мағрибгача бўлган тош, дарахт, тупроқлар талбия айтур”, -деганлар.

وَعَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: "سَمِعْتُ النَّبىَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ:"مَنْ حَجَّ لِلَّهِ فَلَمْ يَرْفُثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ " (متفق عليه)

Абу Ҳурайра р.а. дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий с.а.в.: “Ким Аллоҳ учун ҳаж ибодатини ножўя сўз сўзламай, фисқу-фужур қилмай адо этса, онасидан туғилган кунидагидек (гуноҳлардан покланиб) қайтади”,- деганлар.

Бу ҳадисларнинг барчаси Ҳаж ва Умра ибодатини адо этишнинг фазли нечоғлик улкан экани ва ушбу ибодатини ихлос ила, тўла-тўкис адо этган ҳар бир зиёратчига мазкур ажр-савоблар умид қилиниши таъкидланмоқда

.وروى ابن المبارك عن سفيان الثوري عن الزبير بن عدي عن أنس بن مالك قال

وقف النبي صلى الله عليه وسلم بعرفات وقد كادت الشمس أن تؤوب فقال يا بلال أنصت لي الناس فقام بلال فقال أنصتوا لرسول الله صلى الله عليه وسلم فأنصت الناس فقال معشر الناس أتاني جبرائيل عليه السلام آنفا فأقرأني من ربي السلام وقال إن الله عز وجل غفر لاهل عرفات وأهل المشعر ......فقام عمر بن الخطاب رضي الله عنه فقال يا رسول الله هذا لنا خاصة قال هذا لكم ولمن أتى من بعدكم إلى يوم القيامة فقال عمر بن الخطاب رضي الله عنه كثر خير الله وطاب.

Абдуллоҳ ибн Муборак Суфён Саврийдан, у Зубайр ибн Адийдан у эса Анас ибн Моликдан ривоят қилди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотда турдилар. Қуёш ботай деганда, Билолга дедилар: "Эй Билол, Одамларни менга қулоқ туттиринг." Билол туриб: Эй одамлар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга қулоқ тутинглар, деди. Одамлар қулоқ тутдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Эй одамлар, менинг ҳузуримга ҳозиргина Жибрил алайҳис-салом келиб Роббимдан менга салом айтди ва Аллоҳ Арафот аҳлини ва Машъар (ул Ҳаром) аҳлининг гуноҳларини кечирди........, дедилар." Умар розияллоҳу анҳу туриб, эй Расулуллоҳ, бу бизларга хосми? Деди. "Бу сизларга ва сизлардан кейин то қиёматгача келганлар учундир" дедилар. Умар ибн Хаттоб: Аллоҳнингяхшилиги нақадар кўп ва гўзал, деди.

عن أنس بن مالك قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : " صلاة الرجل في بيته بصلاة وصلاته في مسجد القبائل بخمس وعشرين صلاة وصلاته في المسجد الذي يجمع فيه بخسمائة صلاة وصلاته في المسجد الأقصى بخمسين ألف صلاة وصلاته في مسجدي بخمسين ألف صلاة وصلاته في المسجد الحرام بمائة ألف صلاة " . رواه ابن ماجه

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кишининг уйида ўқиган намози бир баробар, масжидда ўқиган намози йигирма беш баробар, жума ўқиладиган жомеъ масжидда ўқиган намози беш юз баробар, Масжид ул-Ақсо (Қуддуси шариф)да ўқиган намози эллик минг баробар, менинг масжидим (Масжид ун-набавий)да ўқиган намози эллик минг баробар, Масжид ул-Ҳаром (Макка)да ўқиган намози эса юз минг баробар савоби кўпдир”. (Ибн Можа ривояти).

Шу ўринда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мазкур ҳадисларидан биз мусулмонлар муборак сафар давомида берилган улуғ илоҳий имкониятдан, ғанимат дамлардан унумли фойдаланишимиз заруратини тушиниб олишимиз муҳимдир.

Масалан, ҳарамда ўқилган намозни муқояса қилиб айтган ҳадисларга эътибор қаратадиган бўлсак, Пайғамбаримиз а.с.: “Масжид ул-Ҳаромда ўқиган намози... юз минг баробар савоби кўпдир,”– деганларидан келиб чиқадиган бўлсак, кишининг Масжид ул-Ҳаромда бир марта ўқиган намози юз минг баробар, беш марта ўқиган намозининг ажру-савоби беш юз минг баробар кўп бўлиши, бу билан ҳожи ёки зиёратчи киши ўртача умри бўйи ўқийдиган намозлари йиғиндисидан ҳам кўп ажрга эга бўлиши мумкинлиги келиб чиқади.

Уламоларнинг фикрича, бу ердаги ҳар бир яхши сўз, ҳар бир яхши амалнинг ажри-савоби ҳам юз минг баробар кўпдир. Бундай буюк имконият ва фурсатни ғанимат билишимиз зарур.

Манбалар асосида Амударё тумани «Ҳожи эшон» жоме масжиди имом-хатиби Ражаббой Хабибуллаев тайёрлади.
  • 181 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты