“Қадр” кечасининг фазилати

“Лайлатул-қадр” сўзининг маъноси “белгилаш, ўлчаш кечаси”, яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради. Тақдир бу – ҳар бир инсоннинг келажакдаги ҳаёт йўли ёки мамотидир.

Бу муборак кечанинг қадри улуғдир. Қадр сўзи икки хил маънода – қадри улуғ, иккинчиси, миқдор, яъни бандаларнинг тақдирини белгилашдир. Унда инсоният тарихида мисли кўрилмаган бир кеча ҳақида – инсонларга дунё ҳаётидан чин инсоний ҳаёт кечириб ўтиш йўл-йўриқларини кўрсатиб берадиган сўнгги мукаммал илоҳий дастурул амал бўлмиш Қуръони карим нозил бўла бошлаган ниҳоятда қадрли Қадр кечаси ва унинг фазилатлари ҳақида сўз боради.

Қуръони Карим милодий 610-йили айнан рамазон ойида ва “қадр” кечасида нозил бўла бошлаган. Ушбу кечада малоикалар ерга тушадилар, кечаси то эрталабгача сокин ва тинч ҳолатда бўлади.

Бу кеча ҳақида сура ҳам нозил бўлган. Бу Қуръони Каримдаги 97-сура бўлган “қадр” сурасидир. Мана шунинг ўзи ҳам ушбу кечанинг фазилати нақадар юксак еканлигига далолат қилади.

Қадр кечаси рамазон ойининг 26-дан 27-га ўтар кечаси бўлиб, ушбу кечада қилинган дуолар мустажоблиги бирқанча уламоларимиз томонидан еътироф етилган. Ушбу кеча ояти каримада келганидек “минг ойдан афзал” кечадир. Шунинг учун бу кечада кўплаб ибодатлар қилиниб, махсус ва машҳур дуолар ўқилади. Уламоларимиз бу кечани иложи борича бедор ҳолатда ибодат ва дуолар билан ўтказишган ва қолганларни ҳам шу ишга тарғиб қилишган.

Абу Ҳурайра (рз.) дан ривоят қилинади. Расул акрам (с.а.в): “Кимики Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур”, - дедилар.

Албатта мана шундай улуғ кечани қадрлаш ва ундаги ваъда қилинган савобу мукофотларни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилиш керак. Қолаверса, яқинларимизни ҳам ушбу хайриёт, баракот ва яхшиликлардан бехабар қолдирмаслигимиз лозим. Зеро, яхшиликка далолат қилувчи киши худди ўша яхшиликни ўзи қилгандек ажру-мукофотлар олиши ҳадисларда ворид бўлган.

Абдикаримов Атажан, Тахиятош тумани «Катманчи бобо» жоме масжиди имом-хатиби.
  • 70 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты