Ҳаж ва Умрани мукаммал адо этайлик

Аллоҳ таоло: «Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир», деган (Оли Имрон, 97).

Ушбу ояти карима ила ҳаж ибодати фарз бўлган. Маънонинг ўзидан билиниб турибдики, ҳаж ибодати ҳаммага ҳам фарз бўлавермайди. Балки «Одамлардан йўлини топганларига» фарз бўлади. Улар кимлар? Улар соғлиғи яхши, ҳажга бориб-келишга оиласидан оширган маблағи бор, йўлида хавф-хатар йўқ, аёл киши бўлса, маҳрами бор кишилардир. Ушбу шартларни ўзида мужассам этган ҳар бир мусулмонга умрида бир марта ҳаж қилиш фарздир. Улар имкони бўлатуриб, ҳаж қилмасалар, катта гуноҳ қилган бўладилар. Шунинг учун ҳам оятнинг охирида: «Кимки куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир», дейилмоқда. Яъни, кимки имкони бўлатуриб, ҳаж қилмаса, Аллоҳ таоло ҳаж қилмаганнинг тоатига ҳам беҳожатдир. Бу ерда имкони бўлатуриб, ҳаж қилмаслик, куфрга тенглаштирилмоқда. Ҳадиси шарифлардан бирида: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб: «Эй одамлар! Батаҳқиқ, Аллоҳ сизга ҳажни фарз қилди. Бас, ҳаж қилинг!» дедилар. Шунда бир киши: «ҳар йилими, эй Аллоҳнинг Расули!» деди. Бас, у зот ўша гапни уч марта айтгунча жим турдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «ҳа, десам вожиб бўлиб қолар эди ва қодир бўлмас эдингиз. Мен сизни тарк қилган нарсада мени сиз тек қўйинг. Албатта, сиздан олдин ўтганлар саволларининг кўплиги ва анбиёлари ихтилоф қилганлари туфайли ҳалок бўлганлар. Қачон сизга бир ишни амр қилсам, уни қудратингиз етганича қилинг. Қачон сизни бир нарсадан наҳйи қилсам, уни тарк қилинг», дедилар». Муслим, ривояти. Яна бир хадисда: Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади», дедилар». Ҳаж одатда кишига умрида бир марта бериладиган фурсат. Ундан ҳар бир ҳожи унумли фойдаланиши лозим. Бунинг учун ҳажга жўнашдан олдин ҳаж сафарида ўзига лозим бўлган нарсаларни яхшилаб ўрганиб олмоғи керак.

Матяқубов Биродар, Тўрткул тумани «Абдижамил эшон» жоме масжиди имом-хатиби.

  • 168 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты