Рамазон — руҳий покланиш ойи


Қалбларни қувончга тўлдирган, барча ойларнинг султони Рамазон ойидамиз. Бу ойда Аллоҳнинг бандаларга юборган чексиз инъоми Куръони карим нозил бўла бошлаган. Бу ойда минг ойдан ҳам афзал Қадр кечаси бор.

Рўза тутишдан мақсад фақатгина еб-ичмоқдан тий­илиш эмас, ахлоқни тузатиш, халқумни поклаш ҳамдир. Бунинг учун эса иғво, бўх­тон, чақимчилик, ғийбат, низо, ёлғон сўзлаш, дилозорлик ва қўполликдан сақланиш керак. Рўзадор одам кичикларга, ожи-зу ғарибларга рахм-шафқатли, катталарга ҳурмат-эхтиромли бўлишни, ота-она, қўни-қўшни, маҳалла-қўй, боринг-ки барча инсонларга яхшилик қилишни, мурувват кўрсатишни, қариндош-ypyғлapгa эзгулик кўрсатишни ўргатади.

Рамазон ойининг шарофати билан бир-бирига гина-адоватда бўлганлар бир-бирлари билан қучоқ очиб кўришади ва аввалгидек самимий, яхши муомалада бўлишади. Чунки, бу ойда қилинаётган амалларда ихлос ва ният бўлсагина ибодат ўтади. Ҳадиси шарифда: “Ким Рамазон Рўзаси (фарз экани) ни тасдиқлаб, уни савоб умидида, Аллоҳ, учун холис тутса, олдинги гуноҳлари кечирилади” дейилган (Муттафақун алайҳ). Рамазон каффоротдир. Рамазон ойи олдинги гуноҳларни ўчириб юборадиган ойдир. Имом Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Ким Қадр кечасини иймон билан, савоб умидида ибодат билан ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар.

Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда эса «Албатта, Аллоҳ таборака ва таоло сизларга Рамазоннинг рўзасини фарз қилди, мен эса унинг кечаларини ибодат билан ўтказишни сизга суннат қилдим. Ким иймон билан, савоб умидида унинг рўзасини тутса ва кечаларини ибодат билан ўтказса, гуноҳларидан онаси туққан кундагидек тоза бўлади», дейилган.

Беғубор болалик давримда, айниқса Рамазон ойларида онам мени баъзи қўшниларга юборарди ва менга ўғлим, бу сутни фалончи қўшниникига олиб бориб бергин, чунки янги кўчиб келган оила, дердилар. Баъзида тандир нон ва сомсаларни, фалончи қўшнига олиб бориб бер, серфарзанд, етимлари бор, деб айтардилар. Кейинчалик билсам Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ с.а.в айтадилар: “Сахийлик жаннат дарахтларидан бир дарахтдир, унинг шохлари дунё ерига оси­либ туради. Ким шу шохлардан бирини тутса, у уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам дузахдаги дарахтлардан бир дарахтки, унинг шохлари дунё ерига чиқиб туради. Ким шу шохлардан бирини тутса, у уни дўзахга элтади” (Имом Байхақий ривояти).

Рамазонда яхши амал қилган киши табиий равишда уни рўзадор ҳолда бажаради. Бир амални ибодат ичида қилиш уни бошқа пайт қилишдан кўра фазилатли ва савобли бўлади. Саҳобаи киромлар айтишларича, жаноб Пайғамбаримиз с.а.в. одамларнинг энг сахий­си бўлганлари ҳолда Рама­зон ойида саховатлари худди эркин эсган шамолдек ҳамма ёққа янада кенгроқ таралиб турар экан.

Абу Хурайрадан (р.а) ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в. бундай дедилар: “Ким халол касб қилган мулкидан бир хурмоча микдорда садақа қилса, Аллоҳ таоло фақат Халолни қабул қилади, сизлардан бирингиз буталоқни ўстирганидек, уни тоғдек булгунича ўстиради” (Имом Бухорий).

Рамазон ойи — покланиш ойи. Шунинг учун ҳар биримиз феълу атворларимизни сархисоб қилиб, салбий сифатлардан покланиб, фазилатли, ижобий сифатлар би­лан зийнатланишга ҳаракат қилмоғимиз лозим бўлади.

Аллоҳ таолодан тутаётган рўзаларимизни қобул бўлишини сўраймиз. Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айласин, Омин!

Ўктам Қурбаниязов, Амударё тумани «Нўғой эшон» жоме масжиди имом-хатиби.

  • 59 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты