Хатми Қуръон фазилати

Рамазон ойида рўза тутмоқликни фарз қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин. Кечаси ибодатларда қоим туришликни суннат қилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга салоту саломлар бўлсин. Аллоҳ таолога чексиз шукроналар бўлсин!

Мана муборак рамазон ойи, рахмат ойи озод ва обод диёримизга мағфират нурларини, ҳайру барокатини зиёда қилди, дилларимизни зикр, тасбеҳ Қурьон тиловати билан яйратди. Рамазон ойининг таровех намозлардаги хатми Қурьон қилинишига ибодат қилувчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Рамазон ойи олдидан тозалик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Таровех намозлари масжид ҳовлиси ва майдонларида ўқилмоқда. Таровех намозидаги хатми Қурьонлар ўн беш кундан кам бўлмади. Рамазон ойининг номлари жуда кўп. Масалан, Қуръон ойи, саховат ойи, бағрикенглик, тоат-ибодат, қут-барака, бахт-саодат ойи ҳам дейилади. Рамазон шарифни ҳар бир мусулмон интизор ва ҳурсанчилик билан яхши кутиб олиб, ҳурматини ўз жойига қўйган ҳолда кузатишни орзу қилади. Бунинг учун у, аввало, бу муборак ойнинг фазилатларидан хабардор бўлмоғи лозим. Чунки рўза ойи ҳар йилда бир келиб кетадиган азиз меҳмондир. Уйингизга бирор меҳмон келадиган бўлса, уни яхши кутиб олиб, ҳурматини жойига қўйиб, кўнгилдагидек кузатиш учун бор имкониятларингизни ишга соласиз. Худди шундай рамазон ойини ҳам яхши ният ва ихлос билан кутиб олиб, унда қўлимиздан келганча солих амалларни қилишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Рамазон ойи келса, Пайғамбаримизнинг саховатлари янада ошиб кетар экан. Биз ҳам Пайғамбарнинг умматлари эканмиз, у зотдан ўрнак олиб, рамазон кунлари оиламизга, қариндош-уруғларга, маҳалламиздаги бева-бечораларга, кам таъминланган қарияларга қўлимиздан келганича моддий ёрдам беришимиз, беморларни бориб кўришимиз керак. Чунки бу амаллар, бошқа ойларга қараганда ушбу муборак ойда савоби кўпроқ бўладиган ишлардандир. «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи ва саллам ҳадисида айтган рамазондаги тунги ибодатдан мақсад таровех намозидир» — дейишган.

Юртимизнинг барча жойларида рамазон ойининг файзли кечаларида таровех намозларида хатми Қуръон қилинмоқда. Қуръони карим фазилатига келсак, у зиё, ойдинлик сочган бир нурдир. Қуръони каримни ёд олиш муслмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Яъни бир шаҳарда Қуръони каримни ёд олмаган ҳофиз бўлмаса, шаҳар халқининг барчаси гуноҳкор бўлади. Бир ёки бир неча инсоннинг Қуръонни ёд олиши билан уларнинг устидаги фарз соқит бўлади. Расулуллох с.а.в: «Умматимнинг энг шарафлиси Қуръони каримни ёд олганларидир», деганлар. Абул Олия р.а.дан ривоят қилинади: «Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) рахм қилингайсиз (Аъроф, 204) ояти нозил бўлгунига қадар Набий с.а.в. жамоат намозида имом бўлиб қироат қилганларида саҳобалар ҳам У зотнинг орқаларида қироат қилишарди. Қуръони карим тиловатини ибодат ниятида тинглаш лозим. Аллоҳнинг каломини ибодат ниятисиз тинглаш билан савобга эришилмайди. Агар инсон ибодат ниятида Каломуллоҳни тингласа ва жим турса, чексиз ажру мукофотга эга бўлади. Қуръони карим қироатини тафаккур ва ҳушу билан тинглаш муқаддас динимиз талабидир. Қуръони каримни тинглаш қалбга шифо, инсонни тоат-ибодат ва тақвога бошлайди. Натижада, банда Аллоҳ таоланинг рахмат ва мағфиратига эришади. Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ с.а.в: «Ким Аллоҳ таоланинг китобидан бир оят тингласа, унга битта савоб кўпайтирилиб берилади. Ким Қуръонни тиловат қилса, унга қиёмат куни нур бўлади», дедилар (Имом Ахмад). Мана шу ҳадисдан маълум бўладики Рамазон ойи таровех намозининг хатми Қуръонда иштирок этган инсон қанча савоб олишини тасаввур қилаверсин. Муҳтарам Юртбошимизнинг «Қурьонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади», деб таъкидлаганидек юртимизнинг барча масжидларида хатми Қуръонлар сўнгида Ватанимизнинг тинчлигини осмонимиз мусоффолигини, ҳалқимизнинг фаровон бўлишини, жаннат макон юртимизни бунданда гуллаб яшнашини сўраб дуолар қилинмоқда.

Ўктам Қурбаниязов, Амударё тумани «Нўғой эшон» жоме масжиди имом-хатиби.
  • 209 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты