Закот ҳақида нималарни биласиз? Закот – динимизнинг асосий рукнларидан

“Закот” сўзи луғатда «орттириш, поклаш, ўсиш, баракот» маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда моли нисобга етган одамнинг ҳар қамарий йилда бир марта молининг қирқдан бир улушини Аллоҳ таоло фарз қилган ҳақдорларга бериши «закот» дейилади. Закот фарзи айн (барча­га баробар мажбурий), динимизнинг беш асосий рукнидан бири, молия­вий ибодат саналади. Китоб, Суннат ва ижмоъ билан собитдир. Уни инкор этган диндан чиқади, ишониб адо эт­маган улкан гуноҳ орттиради.

Закот ҳижратнинг иккинчи йили фарз қилинган. Закотда вақт тайин этиш жоиз. У балоғатга етган, ақлли, эҳтиёж ва қарзларидан ташқари йил тўлган нисоб миқдоридаги (ҳукман бўлса ҳам) кўпаювчи мол-мулки бор мусулмонга фарз бўлади. Закот бера­ётганда ёки мулкидан ажратаётганда унинг закот эканини ният қилиш ло­зим. Фақир олаётган моли закот эка­нини билиши шарт эмас. Аммо закот берувчи уни ният қилиб бир фақир ёки етимнинг қорнини тўйдирса, бу харажат закот ўрнига ўтмайди.

Шаръий закот Қуръон ва Сун­натда «садақа» деб ҳам номланган. Солиқлар закот ўрнига ўтмайди, чун­ки закот камбағалларга мулк қилиб берилиши керак. Аллоҳ таоло: «На­мозни тўкис адо этинглар, закотни беринглар ва Пайғамбарга итоат этинглар, шунда раҳм қилинасизлар», деб марҳамат қилган (Нур, 56). Ўз молидан иймон-ихлос ва ихти­ёр билан йилига бир марта закотни чиқариб бериш одамнинг иймони ҳақиқий эканлиги тасдиғидир. Динимиз таълимотига кўра мол нисобга (закот беришни вожиб қиладиган миқдорга) етганидан кей­ин у мол ичида закотга ҳақлиларнинг моли пайдо бўлади, яъни, бировнинг ҳақи аралашади. Ўша бировнинг ҳақи чиқариб берилмагунича у мол пок ҳисобланмайди, ўзининг ҳалол моли­га бировнинг ҳақини – ҳаром молни қўшиб олгандек бўлади. Аллоҳнинг амрига бўйсуниб закоти чиқариб берилсагина, ўша мол покланади. Уламоларимиз закот ҳақида келган барча оят ва ҳадисларни яхшилаб ўрганиб, закотни адо этиш учун молу мулкда бўлиши керак бўлган шарт­ларни баён қилишган: «Бир маълум молдан закот чиқариш учун у мол тўлиқ мулк (яъни, мол ўз эгаси қўлида бўлмоғи, унда бировнинг ҳеч қандай ҳаққи бўлмаслиги, молни ўз ихтиёри ила тасарруф қила олиши ва ҳосил бўлган фойдалари ўзига қайтадиган) бўлиши; амалда ёки тақдирда ўсувчи бўлиши (ўсмайдиган молни закотнинг ўзи йўқ қилиб қўйиши мумкин); ни­собга етган бўлиши; аслий ҳожатдан ортиқча бўлиши; қарздан саломат бўлиши (закот фарз бўлиши учун мол эгасининг нисобни камайтириб юбо­радиган даражада қарзи бўлмаслиги керак); бир қамарий йил тўлган бўлиши лозим».

Нисоб муайян миқдордаги мол бўлиб, шариат бўйича бундан оз бўлган ҳолатда закот фарз бўлмайди. Тилланинг нисоби йигирма мисқол бўлиб, бу 85 грамм соф тиллага тенг келади. Кумушнинг нисоби эса, 200 дирҳам бўлиб, бу 595 грамм соф ку­мушни ташкил этади.

Исломдаги барча ибодатларни адо этиш таклифи маълум сифат­ларни ўзида мужассам этган одам­ларга лозим бўлганидек, закот ибо­дати ҳам «мусулмон бўлган, балоғат ёшига етган, ҳур ва озод (қуллар, чўрилар, маҳбуслар бундан истисно), оқил (жинни ва ақли расо эмаслар мустасно), махсус нисобга ва шарт­ларга эга мол соҳибига фарз бўлади. Закот тўғри бўлиши учун икки шарт кўрсатилган: ният ва мулк қилиб бериш. Исломда ҳеч бир ибодат ниятсиз бўлмайди, шунинг учун закот эканини ният қилмай молни бировга берса, у закот ўрнига ўтмайди. Закотни узрсиз кечиктириб бериш гуноҳдир. Закот рисоладагидек адо этилса, бу ибодат бойларни бахиллик, манманлик бало­сидан тозалаганидек, камбағалларни ҳам ҳасад, ичи куйиш каби дардлар­дан тозалайди.

Закот ушбу уч турдаги моллардан берилади:

1. Тилла, кумуш, нақд пул (шу жумладан, қийматли қоғозлар) дан.

2. Савдо молларидан.

3. Асо­сан яйловда боқиладиган (чорва) ҳайвонларидан.

Бундан ташқари, боғда, тоғда, яйловда бўлган экин, пичан, ғалла, мева ва асал учун ушр берилади. Ушр учун закотга тайин қилинган нисоб йўқ, қанча ҳосил олинса, ўшанинг ўндан бири (ушр сифатида) берила­ди.

(“Зикр аҳлидан сўранг” китобидан)

Қиличев Дўсназар, Тўрткул тумани “Тўрткул” жоме масжиди имом-хатиби.
  • 45 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты