Қурбонлик қилиш фазилатлари

Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо САВга саловотлар бўлсин. Динимизда қурбонлик қилиш жуда фазилатли ва савобли амаллардан ҳисобланади. Закот нисоби миқдорида маблағга эга бўлган кишилар қурбонлик қилишлари вожибдир. Жонлиқ сўйилиши билан яъни қон оқизилиши билан қурбонлик ибодати амалга ошган ҳисобланади. Аллоҳ субҳанаҳу ватаоло Қуръони Каримда “Кавсар” сурасида марҳамат қилади. “Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй”. Яна Аллоҳ таоло “Ҳаж” сурасида бундай марҳамат қилади. “Уларнинг гўштлари ҳам, қонлари ҳам зинҳор Аллоҳга етмайдир. Лекин Унга сиздан тақво етадир. Шундай қилиб, сизни ҳидоят қилгани эвазига Аллоҳга такбир айтишингиз учун уларни сизга бўйинсундириб қўйди. Яхшилик қилувчиларга башорат беринг”. Қурбонлик қилишдан мурод банданинг Аллоҳ таолонинг амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз. Қубронлик қилиш ҳам, Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбонлик беришга тайёр эканини кўрсатиш ҳам ўша ҳидоят учун Аллоҳ таолони улуғлашдир.

Демак Аллоҳ таоло туя, қўй, эчкиларни сўйишни диннинг шиорларидан қилди. Бу амалларни бажаришда Аллоҳ таолонинг азамати ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади. Ундан ташқари бу жониворларни сўйишда биз учун бошқа фойдалар ҳам бор. Дунёвий фойда масалан, ейиш, ичиш бўлса, ухровий фойда эса савобдир. Қурбонликка тегишли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида қурбонликнинг савоби ва фазийлати ҳақида бундай дейилган. Ҳусайин ибн Алидан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қайси бир киши қурбонлик қилаётганидан дили хурсанд бўлса ва шу қурбонлигидан савобни ният қилса, шу қурбонлиги ўз соҳиби учун дўзахдан парда бўлади”. (Имом Табароний). Қурбонлик қилувчининг қурбонлик сўйиш вақтида ҳозир бўлиши мустаҳабдир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотима розияллоҳу анҳога: “бориб қурбонлигингга шоҳид бўл. Унинг биринчи томган қони билан барабар сенинг ўтган гуноҳларинг мағфират қилинур”, дедилар. “Эй аллоҳнинг Росули Бу бизга яъни Аҳли байтга хосми ёки мусулмонларга умумийми?” дедилар Фотима онамиз р.а. шунда Расулуллоҳ САВ “Йўқ мусулмонларга умумий” дедилар.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик сўйишга қодир бўла туриб, уни бажармаган киши ҳақида шундай деганлар: Имкони бўла туриб, қурбонлик қилмаган киши бизнинг намозгоҳимизга яқинлашмасин. Бу ҳадиси шарифдан қанчалар норозилик аломати зоҳир бўляпти. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзларига эътибор беринг, у зотнинг буйруқлари борки, ким қурбонлик қилишга қодир бўла туриб, қилмаса, бизнинг ийдгоҳимизга яқинлашмасин дедилар, ийдгоҳимизга келамасин демадилар, балки яқинига ҳам йўламасин дедилар. Лекин афсуслар бўлсинки қурбонликка шу қадар таъкид бўла туриб ҳам баъзи инсонлар бу улуғ ибодатга бепарво бўлишади. Аллоҳ таолнинг барча буйруқларини чин ихлос ва муҳаббат билан адо этган инсон иккала дунёда ҳам камчилик ва йўқлик кўрмайди. Шундай экан бу имкониятлардан фойдаланган ҳолда шариатимиз кўрсатмаларига амал қилиб ҳаёт кечирмоғимиз, қурбонлик каби молиявий ибодатларнинг савобларини ҳам унутмаслигимиз, савобли ишларни ғаниймат билиб, яхшилик қилишда яна ҳам эътиборли бўлмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло юртимизни тинч қилсин. Келаётган ийди қурбон байрами барчангизга муборак бўлсин.

Беруний тумани “Султон увайс бобо” жоме масжиди имом-хатиби Нуратдин Юсупов.

  • 72 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты