Қурбонлик қилиш кимларга вожиб?

Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар ва жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавоту саломлар бўлсин.

Ислом диёрида Рамазон ва Қурбон ҳайитлари катта тантана билан нишонланади. Айниқса Қурбон ҳайити кунларида бутун дунё мусулмонлари вакиллари муқаддас Макка шаҳрида ҳаж ибодатларини бажараётган бўладилар. Ҳаж ибодатларини ичида қурбонлик қилишлик ҳам бор. Ҳаж ибодатини бажара олмаётган бўлсада бойлик нисобига эга мусулмонларга қурбонлик қилиш вожибдир.

Қурбонлик - сўзининг ўзаги “қурбон”, арабчадан таржима қилинганда “яқинлашиш” деган маънони билдиради.

Қурбонлик қилиш - “Аллоҳ таолога яқин бўлиш ниятида махсус вақтда, хос бир хайвонни сўйиш”дир.

Қурбонлик қилинадиган “махсус вақт” дегани - Зул-ҳижжа ойининг ўнинчи (яъни, қурбон ҳайити куни), ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидир. Унинг охирги вақти Зул-ҳижжанинг ўн иккинчи куни қуёш ботиши билан ниҳоясига етади.

“Хос ҳайвондан мурод – қурбонлик учун сўйиладиган туя, қорамол, қўй ёки эчки ҳисобланади.

Қурбонлик учун, қўй, эчки, қора мол ва туя сўйилади. Қўй, эчки бир киши учун. Туя ва қорамол етти кишигача одамлардан қурбонлик қилинади. Демак, туя ёки сигир (ёки буқа) га етти кишигача шерик бўлиш мумкин. Ундан ортиғи дуруст эмас.

Пайғамбаримиз (с.а.в) “Имкони бўла туриб қурбонлик қилмаган киши намозгоҳимизга келмасин, яқинлашмасин” деганлар.

Ҳанафий мазҳабига кўра қурбонлик қилиш вожиб ҳисобланади. Қурбонлик қилишни вожиб қиладиган бойлик миқдори – кундалик учун зарур нарсалардан ташқари 85 грамм тилла ёки унинг қийматидаги мол-мулкга эга бўлиш билан ҳисобланади.

Бу миқдор бойликка бир йил тўлган бўлиши ёки йил давомида ўсувчи бўлиши шарт эмас. Ҳатто қурбон ҳайити куни фақир киши 85 грамм тилла ёки унинг қийматига эга бўлса, унга қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Аммо кимда закоти бериладиган мол-мулк, сотиш мақсадида олинган ёки кейинчалик сотиш нияти пайдо бўлган нарсалар, айни пайтда яшалмидиган уй-жойлар, ер ва боғлар, ижарага берилган уйлар ва мошиналар, минилмаётган уловлар, соғиб ичиладиган ҳайвонлардан ташқари чорва моллари, ўқилмайдиган китоблар, уйда ишлатилмай турган идиш-тавоқлар, кўрпа-тўшак ва гиламлар, сувенирлардан қайси бири мавжуд бўлиб, унинг қиймати 85 грамм тилланинг қийматига етса у кишига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.

Элликқалъа тумани “Сафо” жоме масжиди имом-хатиби Мамбетов Давронбек.

  • 73 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты