Ҳалол касб ҳунар

Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида ҳалолликка амр қилган. Инсонни бекорчиликдан кўра ер юзи бўйлаб ҳалол касб қилишни амр этган. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо с.а.в. ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида ҳалол касб кор қилишга тарғиб қилганлар. Барча ёмон бемаъни ишлар ҳам аслида бекорчилик ва ишсизликдан келиб чиқади. Шунинг учун ҳар бир киши мустақил касб ҳунар соҳиби бўлишга ҳаракат қилиши керак. Динимиз ҳам бу жиҳатни эътиборсиз қолдирмаган. Ўтган барча пайғамбар алайҳимуссаломлар ўзлари мустақил касб кор билан шуғулланганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: У сизларга ерни бўйсундириб қўйган зотдир. Бас, анинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир. Уламоларимиз қадимдан ушбу ояти кариманинг тафсирини исломда меҳнатга чорлаш, ризқни териб ейиш, ер юзининг турли жойларида ҳаракат қилиш зарурлигига далил қилиб келтирадилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ерни инсонга бўйсундириб қўйган, лекин бу ҳақиқат ҳозирги асримиздагидек яққол кўзга ташланмаган. Ҳадиси шарифларда ҳам пайғамбаримиз алаҳиссалом бизларга ҳалол касб ҳақида қуйидагиларни айтганлар: “Мен Маккаликларнинг қўйларини боқар эдим” имом Бухорий ривоят қилганлар. Бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом тиланчилик қилиб юрган бир одамга битта болта ва битта арқон бериб, тоғдан ўтин кесиб келишни ва уни сотишликни тавсия этдилар, ўша одам тезда бойиб кетди. Аммо пул топаман тирикчилик қиламан деб ҳаром нарсаларни сотиш, тарозидан уриш, ёлғон гапириш, ёлғон қасамлар ичиш, қимордан пул топиш, олган нарсасини қайтариб бермаслик ва шунга ўхшаш ишларни қилиш умуман жоиз эмас. Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Ризқни ҳалолдан топиш ҳар кимсага фарздир” деганлар. Ҳалол меҳнат қилмаган одамни на Аллоҳ яхши кўради, на Расул ва бандалари яхши кўради. Аллоҳ таоло набаъ сураси 11-оятида марҳамат қилади: “Ва кундузни маош (тирикчилик) вақти қилдик”. Бу ҳам, ҳалол касбу кор қилишлик учун ҳаракат қилиш лозимлигини билдиради. Ўтган салафи солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ р.а. шундай деган эканлар. “Ҳаётим давомида ҳақиқий нажот топишликни уч нарсада эканлигини билдим 1. Ҳунарли бўлиб ҳалол ейиш. 2. Аллоҳ буюрган фарзларни адо этиш. 3. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламга эргашиш”. Пайғамбаримиз алайҳиссалом яна бир ҳадиси шарифларида “Сизлар ейдиган нарсаларингизниг энг яхшиси бу ўз қўлларингиз билан меҳнат қилиб еган таъоминингиздир” деганлар. Бу ҳадиси шарифда пешона тери билан топилган мол мулк билан ҳаёт кечириш афзал эканлиги баён қилинмоқда. Ҳалол меҳнат қилиш инсонни улуғлайди ва қадр қимматини юксалтиради, бировга қарам бўлишдан қутқаради. Демак, динимиз касб ҳунар эгаллашга, жамиятга фойдаси тегадиган иш билан шуғулланиш қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда ёшлигиданоқ керакли кўрсатмаларни бериб, илм олиши ва касб ҳунар эгаллаши учун етарли шарт шароитларни яратиб бериш лозим. Ёшларни бўш вақтларидан унумли фойдаланиб, ўз касбининг устаси бўлишларига ундаш, бу уларнинг дини олдидаги фарзи, халқи ва ватани олдидаги масъулияти эканлигини тушунтириш лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизга ҳалол покиза ризқ ато қилсин.

Нуратдин Юсупов, Беруний тумани “Султон увайс бобо” жоме масжиди имом-хатиби.
  • 119 мәрте оқылды

Paziylet.uzҚарақалпақстан мусылманлары қазыяты веб-сайты